Шу йил 28 ноябрь куни Тошкентда ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи Маслаҳат Учрашувига Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари жуда катта эътибор бердилар ва уни оламшумул воқеа сифатида баҳоладилар. Лекин, бу учрашувда ҳозир Хитой таркибида бўлган Уйғуристон давлатининг аянчли аҳволи ва умумий ҳудудининг ярмидан кўпроғи ислом террористлари қўлида бўлган Афғонистондаги ғариб аҳвол умуман тилга олинмади.
Хўш, уларни нимани маслаҳатлашдилар? Ўзбекистондек кучли потенциалга эга бўлган мамлакатда аҳолининг ўртача ойлиги МДҲда ҳаммадан камлигиними? Шу сабабли, турли тахминларга кўра, сони 4 миллион атрофида бўлган ватондошларимиз бир бурда нонга пул топиш учун ойлаб-йиллаб оилаларини ҳам кўролмасдан чет элларда қуллардек ишлашаётганиними? Уларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилишними?
Марказий Осиёнинг ҳамма давлатларида мисли кўрилмаган диктатуралар ўрнатилганиними? Нурсултон Назарбой қизи Даригани Сенат раиси қилиб қўйгани, Имомали Раҳмон ўз мишиқи ўғлини пойтахт Душанбе ҳокими қилиб қўйгани, Шавкат Мирзиё ўз қизлари Саида ва Шаҳнозани юқори лавозимларга тайинлаганиними? Эслатиш керакки, ҳозир Саида Президент Администрацияси қошидаги Ахборот ва Оммавий Коммуникациялар Агентлиги директори ўринбосари, Шаҳноза эса, Мактабгача Таълим Вазирлигида Бошқарма бошлиғи, айни замонда вазир ўринбосари қилиб қўйилган. Аслида, Саида директор ўринбосари эмас, у – ўша Департаментда ҳақиқий бошлиқ, Ўзбекистоннинг бош цензори.
Қисқа қилиб айтсак, авваламбор Дарига, Рустам, Саида ва Шаҳнозаларни бу лавозимлардан четлатиш керак.
Ҳозирги аҳвол давом этаверса, минтақамизда катта ишлар қилолмаймиз. Ҳар бир диктатор ўз мамлакатида ўз манфаатларини олға суриш билан шуғулланаверади. Ҳозир айнан шундай бўлмоқда, ўз халқларимизнинг, бундан ташқари, уйғурлар ва афғонларнинг ғариб аҳволи билан ҳеч кимнинг иши йўқ.
Демак, халқ майдонларга чиқиб, ўз ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини талаб қилиши, Марказий Осиё бу минтақада катта рол ўйнаши кераклигини, уйғурлар ва афғонларни ҳимоя қилишда иштирок этиш лозимлигини диктаторларга эслатиши керак. Эслатиш билан иш битмаса, амалий ҳаракатлар бошлашдан бошқа йўл қолмайди.