27 November 2019
07:47 - Туркияда исломчилар партияси бўлиниш арафасида, отатрукчиларнинг Жумҳурият Халқ Партиясини бўлиш истагидагилар ҳам йўқ эмас
Бундан бор-йўғи 1-2 йил аввал, исломчиларнинг Адолат ва Тикланиш Партияси (АТП) раҳбари, айни замонда мамлакатнинг президенти ҳам бўлган Ражаб Эрдўғаннинг Аҳмет Давутўғли ва Али Бабажон каби энг яқин сафдошлари унча тушуниб бўлмайдиган сабаблар билан АТПдан чиқиб, бошқа исломчилар партиялари яратиш устида ойлардан бери ўйлаётганларини Туркияда ҳамма билади. Аҳмет Давутўғли ўз партиясини шу йилнинг охиригача яратмоқчи, Али Бабажон келаси йилнинг бошларида партиясини тузиш ниятида. Айни замонда, улар бирлашиб битта партия қуриш ҳақида ҳам қандайдир музокаралар олиб бормоқдалар.

Маълумки, 2018 йил 24 июнда ўтказилган президентлик сайловларида 6 нафар номзод қатнашган бўлса ҳам, ҳамманинг диққат-эътибори уларнинг икки нафарида эди. Булар – АТП билан Миллиётчи Ҳаракат Партиясининг умумий номзоди Ражаб Эрдўған ва Жумҳурият Халқ Партияси (ЖХП) номзоди Муҳаррем Инже. Ўшанда Ражаб Эрдўған 52,37% овоз билан ғалаба қозонган, Муҳаррем Инже 30,78% овоз билан 2-чи ўринда қолганди.

Охирги кунларда Туркия оммавий ахборот воситаларида Ражаб Эрдўған ва Муҳаррем Инже президент саройида яширинча учрашганлари, Ражаб Эрдўғаннинг мақсади Муҳаррем Инже билан ЖХПнинг ҳозирги раиси Кемал Қиличдорўғли ўртасида муаммо чиқариш, балки, унга янги партия қурдириш бўлганлиги ҳақида гап-сўзлар тарқалди.

Аввалига бу гап-сўзлардан четда турган Муҳаррем Инже ЖХП лидерларининг босими остида бу гап-сўзлар чиқишига сабабчи бўлган иккита кичкина партиянинг журналистини ёлғон хабарлари учун арзимаган жазо талаби билан судга бериш қарорини эълон қилди. Шу билан гап-сўзлар тўхтади.

Ражаб Эрдўған ҳам бу гап-сўзларга аралашмагани, Муҳаррем Инженинг олдини олмагани ҳам кўрсатмоқдаки, Муҳаррем Инженинг атрофида тарқалган гап-сўзлар кимларнингдир провакациясига ўхшаб қолмоқда. Кўрамиз, воқеаларнинг давоми қандай бўлади?

Расмда – Кемал Қиличдорўғли ва Муҳаррам Инже (ўнгда).

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону