10 November 2019
18:22 - Абдураҳим Пўлат: Туғилган куним билан табриклаганларга миннатдорчилигимни билдираман, ҳаммани келажагимизни ўйлашга ва келажагимиз учун курашга чақираман

7 ноябрда 74 ёшга тўлдим. Шу муносабат билан мени табрикларганларга миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Ҳаммангизга чексиз раҳматлар.

Миннатдорчилигим ҳаммага, телефон ва электрон почта орқали табриклаганларга, ижтимоий тармоқлар, жумладан, Фейсбукдаги саҳифамиз орқали табриклаганларга, яъни, ҳамма-ҳаммага тегишли.

Фейсбукдаги саҳифамизга менинг туғилган кунимни кўрсатувчи хабар эълон қилинганига 3 кун бўлди. Тажрибамиздан биламанки, одатда 2-3 кун ичида бундай хабарларни ўн минглаб ўқувчимиз ўқирди. Бу сафар сал кам 6 минг ўқувчимиз бу хабарни ўқибди. Ҳеч шубҳа йўқки, Ўзбекистон ДХХси тўхтамасдан бир нарсалар қилиб ётибди. Фейсбукни тўла бекитиб қўйишга журъат этмаса ҳам, турли йўллар билан ўзлари истамаган хабарлар тарқалишининг йўлини тўсишмоқда. Бунинг хафа бўладиган жойи йўқ, аслида, ДХХга ҳам раҳмат айтишимиз керак.

Хуллас, сиёсий ишларимиз давом этаверади. Биринчи навбатда, “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясини Ўзбекистоннинг сиёсий саҳнасига расман олиб чиқишимиз, сайловларда иштирок этишимиз ва мамлакатимизда фундаментал сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар бошлашга йўл очишимиз керак. Чунки, ҳозирги косметик ислоҳотлар билан Ўзбекистондек давлатда ҳеч қандай жиддий натижага эришиб бўлмайди.

Бу саҳифа орқали ҳамма ўқувчиларимизга мурожаат қиламан, бизни энг камида бу саҳифада қўллаб-қувватланг. Чунки, келажак – ҳаммамизникидир.

Унутмангки, ҳали СССР тирик бўлган йиллари айнан биз ўзбек тилини давлат тили қилдирганмиз, Ўзбекистонни мустақилликка қовуштиришда хал қилувчи роль ўйнаганмиз. Ҳали бундай ишларнинг кўпини қиламиз. Энг муҳими, Ўзбекистоннинг иқтисодий аҳволи ва аҳолининг ўртача ойлигини кескин юксалтирамиз. Ана ўшанда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари масаласи ўз-ўзидан битади.

Ҳаммангизга ҳурматлар билан
Абдураҳим Пўлат
“Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси раиси

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону