Кеча 25 октябрда Kun.uz Интернет нашри Давлат Статистика Қўмитасига асосланиб хабар беришича, 2019 йилнинг январь–cентябрида Ўзбекистонда Ялпи Ички Маҳсулот (ЯИМ) ҳажми жорий нархларда 361,85 трлн сўмни, аҳоли Жон бошига ЯИМ эса 10,8 млн сўмни ташкил этибди. Бу кўрсатгич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,7 фоиз юқори эмиш.
Ўзбекистонда биронта давлат идорасининг маълумотларига ишониб бўлмайди, дейди мухбиримиз. Шундай бўлса ҳам шу икки рақамни анализ қилишга ҳаракат қилайлик.
Қаранг, бу йилнинг 9 ойида ЯИМ 361,85 трлн сўм, яъни долларнинг бугунги курси билан тахминан 38 миллиард доллар бўлибди. 9 ойда ЯИМ тахминан 38 миллиард доллар эканми, демак, йил охиригача бу рақам 50 миллиард доллардан бироз кўп бўлади. Тўғри, ҳатто Википедияда ҳам шундай деб кўрсатилган.
Бу йилнинг 9 ойида Жон бошига ЯИМ 10,8 млн сўм бўлибдими, долларнинг бугунги курси билан 1143 доллар дейиш мумкин. Демак, йил охиригача 1,5 минг доллардан бироз ортади. Википедияда ҳам 2018 йил учун айнан шу рақам кўрсатилган.
Демак, Ўзбекистонда бу йил аҳолининг ўртача ойлиги 2018 йилдаги каби бўлишини кутиш керак.
Аммо, жойи келгани учун айтиш керакки, 2018 йил 26 декабрда Gazeta.uz сайти Standard & Poor’s халқаро рейтинг агентлигига асосланиб, бу агентликнинг экспертлари бизда Жон бошига ЯИМ пастлигича қолаётгани ва 2018 йилнинг охирида $1200 бўлишини камчилик сифатида кўрсатганларини таъкидлаган эди.
Хуллас, кўриб турибсизки, ҳаммаёқ аралаш-қуралаш, Ўзбекистондек давлатнинг Жон бошига ЯИМ ҳажми турли манбаларда турлича кўрсатилмоқда. Демак, ўртача ойлик ҳам турли ҳисобланса керак. Аммо, турлилик фарқи жуда кам бўлгани сабабли, ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистонда бу йил ҳам Жон бошига ЯИМ 1,5 минг доллардан кам бўлади, аҳолининг ўртача ойлиги аввалари каби 100 долардан бироз юқори бўлади. Сўмнинг инфляцияси катта эканлигини ҳисобга олсак, аслида, аҳолининг ўртача ойлиги камаймоқда, дейиш мумкин.
Демак, чет элларда ишлаётган миллионлаб ватандошларимиз яқин орада ўз юртларига қайтишлари ҳақида гапириб ҳам бўлмайди.