Туркия давлатининг асосчиси Отатурк тузган Жумҳурият Халқ Партиясининг расмий органи ҳисобланадиган “Жумҳурият” газетасида мамлакат парламентининг исломчи депутати Ширин Унал ўлдиргани иддао этилаётган ўзбек аёли Нодира Қодированинг адвокати Бирол Ўзтурк (Birol Öztürk) ўртага чиқарган ва Ширин Унални шарманда қиладиган расмлар эълон қилинди.
Бирол Ўзтурк айтишича, бу расмларни унга Нодира Қодированинг акаси Муҳаммадали берган экан. Бу расмлар Нодира ҳақида тарқатилаётган миш-мишлар ёлғон эканлигини кўрсатиб турибди. Нодира Қодирова Ширин Уналнинг офисида ҳам бўлган, ўша ерда расми ҳам олинган экан. Нодиранинг Ширин Уналга оид парламентдаги расмий хонада, Истанбул шаҳридаги машҳур Межидиекойда жойлашган расмий офисида, ўлимидан бир неча соат олдин Ширин Унал билан овқатланаётган пайтида тушган расмлари ҳам бор дейилмоқда.
“Нодира Қодирова ўзини ўлдирган куни ҳам ўзи ўқишга тайёрланаётган университетда бўлган экан. Бундай одам нега ўзини ўзи ўлдирди? Ҳали тергов ишлари битмаганини ҳам биламиз. Ҳозир тергов ишлари олиб бораётган прокуратура органларига ҳам расмларни расман топширамиз. Мақсадимиз - инсонларни шубҳалар остида қолдирмаслик, ҳақиқатни ўртага чиқаришдир”, дебди адвокат Бирол Ўзтурк.
Хуллас, кўриниб турибдики, Нодира Қодированинг шубҳали ўлими атрофида ҳали ўрганилмаган воқеалар кўп. Бу ерга қўйилаётган расмда деворга осилган бошқа расмни кўриш мумкин. У расмга Туркия Президенти, Ширин Унал аъзоси бўлган Адолат ва Тараққиёт Партиясининг раиси Ражаб Эрдўған билан Ширин Уналнинг ўзи тушган.