21 October 2019
23:09 - Шармандалик ва масхарабозлик: Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллиги – воқеаларнинг ташаббусчиси бўлган “Бирлик” фаолларисиз ўтказилди
Тошкент марказида қурилаётган “Тошкент-Сити”даги Конгресс-холл саройида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросим бугун бўлиб ўтди. Маросимда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиё узундан-узоқ бир тийинга қиммат нутқ сўзлади ва “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармон қабул қилингани, 21 октябрь юртимизда “Ўзбек тили байрами куни” деб белгиланганини эълон қилди.

Хабарларда айтилишича, бу йиғилишга Олий Мажлиснинг депутат ва сенаторлари, маҳаллий депутатлар, ҳукумат аъзолари, давлат ва жамоат арбоблари, дипломатик корпус вакиллари, тилшунос олимлар, педагоглар ва ёшлар таклиф қилинган экан.

Аммо, эътибор беринг, бу йиғилишга ўзбек тилини давлат тили қилдириш ташаббуси билан чиққан, кейин муҳташам ва даҳшатли митинглар ўтказган “Бирлик” Халқ Ҳаракати фаоллари таклиф қилинмабди.

Шавкат Мирзиё ўзининг нутқида тарихимиздаги ҳамма биладиган кўплаб воқеаларни эсласа ҳам, айнан “Бирлик” Халқ Ҳаракати 1989 йил 19 март куни ҳозирги Мустақиллик Майдонида ЎЗБЕК МИЛЛАТИНИНГ ТАРИХИДА БИРИНЧИ ОММАВИЙ МИТИНГ ЎТКАЗИБ, ўзбек тилини давлат тили қилишни талаб қилгани, митинг бўлаётган жойга ўша пайтдаги Ўзбекистон Олий Кенгашининг раиси Мирзаолим Иброҳимов келиб, “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат билан учрашгани ва бир ҳафта ҳам ўтар-ўтмас, ўзбек тилини давлат тили қилиш хусусидаги қонун лойиҳаси оммавий ахборот воситаларида эълон қилинганини эсламабди. Яъни, у Конгресс-холл саройида йиғилганларни алдаш билан шуғулланибди.

Бундан ҳам муҳими, Шавкат Мирзиё нимага ўшанда ўтказилган митингларга ўзи қатнашмаганини тилга ҳам олмабди, бунга тушунтириш ҳам бермабди. Нима ҳам дердик, масхарабозлик.

Абдураҳим Пўлат ўша қонун лойиҳасида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши айтилса ҳам, аслида, рус тили давлат тили бўлиб қолавериши кўриниб тургани сабабли, “Бирлик” ўз митингларини давом эттиришга қарор қилганини бугунги табрик баёнотида ҳам билдирган эди.

Ўшанда, “Бирлик”нинг бутун дунё эътиборини Ўзбекистонга қаратган митинглари туфайли, бу қонунга керакли ўзгартиришлар киритилган ва 21 октябрда ўзбек тилини давлат тили деб эълон қилувчи тарихий қонун қабул қилинган эди.

Хуллас, бугун Конгресс-холл саройида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросим ва унинг кетидан концерт масхарабозлик руҳида бўлди.

Қисқа қилиб айтсак, бугун Тошкентда шармандалик ва масхарабозлик руҳидаги йиғилиш ва концерт бўлиб ўтди дейиш мумкин. Вақти келади, ўзбек миллати ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши билан боғлиқ воқеаларни тўла ўрганади. Бугунги йиғилишга тупирилади, аммо бу кун ҳеч қачон миллат тарафидан унутилмайди.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону