14 August 2019
01:14 - Жуда қизиқ: Афғонистондаги ўзбеклар лидери Абдурашид Дўстим собиқ сафдоши, жорийдаги Президент Ашраф Ғанига ташланиб қолди
Афғонистоннинг расмий вице-президенти, аммо амалда ҳозир Президент Ашраф Ғанининг бош душмани бўлган ўзбек аслли генерал Абдурашид Дўстим Президент Ашраф Ғанини давлат захираларини суиистеъмол қилишда айблагани ҳақида хабарлар тарқалди.

Абдурашид Дўстим Қурбон Ҳайити муносабати билан сўзлаган нутқида “Давлат қурувчиси” блоки етакчиси бўлган Ашраф Ғани ҳуқуқ-тартибот тузилмаларидан миллий бирлик ҳукуматини ташкил этиш вақтида тузилган келишувларга зид равишда фойдаланаётганини айтган. Унга кўра, Афғонистон Президенти бу йил сентябрь ойида бўладиган президент сайловлари арафасидаги нутқларидан бирида қонунни бузувчи ўзбошимча авторитетларга қарши курашишни ваъда берган. Абдурашид Дўстим бу сўзлар ўзига қаратилганини ҳам айтибди.

“Биздан қайси биримиз диктатор – бизми ёки “Давлат қурувчиси” жамоасими? Сиз давлат захираларини суиистеъмол қиласиз. Сиз божхона маблағларидан фойдаланасиз. Сиз ҳукуматга тегишли самолётлардан фойдаланасиз”, деган Абдурашид Дўстим президентнинг ҳаракатлари на афғон, на хорижий сиёсатчилар томонидан маъқулланмаслигини урғулаган.

У Ашраф Ғанининг блокига вице-президентликка номзод сифатида кирган собиқ ички ишлар вазири Амруллоҳ Салоҳнинг танланишини ҳам қоралабди. Эслатиш керакки, сайлов кампаниясининг биринчи куни Амруллоҳ Салоҳнинг офиси жангарилар ҳужумига учраган ва 20 киши ҳалок бўлган эди.

“Давлат қурувчиси” блокини қўллаб-қувватловчи ҳар қандай уламо хатога йўл қўяди. Мен Амруллоҳ Салоҳнинг танловидан қайғудаман. Мен унинг жамоасига қарашли одамларнинг ўлимидан қайғудаман”, деб таъкидлабди Абдурашид Дўстим.

Яна эслатиш керакки, Абдурашид Дўстим Ашраф Ғани ва унинг атрофидаги тожикларнинг босими остида Туркияга қочиб кетган ва 1 йилдан ортиқ ўша ерда даволанаётганини иддао қилиб юрган эди. У ҳозир Афғонистонга қайтиб келди, аммо энди Абдурашид Дўстим 2014 йилдаги сайловларда Ашраф Ғанининг бош рақиби бўлган ҳозирги Бош вазир, тожик аслли Абдуллоҳ Абдулло билан бирга ҳаракат қилмоқда деган гаплар тарқалган.

Минг афсуски, у ерда ўзбеклар жамоаси яхши шаклланмаган. Бунинг устига Ўзбекистондаги мавжуд режим уни қўллаб-қувватлаётгани йўқ. Демак, нималар бўлишини аввалдан башорат қилиш осон бўлмайди. Ваҳолангки, Абдурашид Дўстим 1996 йили биринчи марта Туркияга қочиб борганда, Анқарада "Бирлик" лидери Абдураҳим Пўлат билан учрашган эди.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону