27 July 2019
21:05 - Уйи бузилган урганчликларга компенсация тўланмоқда, Бош вазир Абдулла Арип Урганчга келди, шаҳaр ҳокими ва прокурорига ҳайфсан берилди

Бош вазир Абдулла Арип раислигида снос масаласида ўтказилган йиғилишда Урганч шаҳри ҳокими Шуҳрат Абдулла ва шаҳар прокурори, исми айтилмаган Давлатовга йўл қўйган хатолари учун ҳайфсан эълон қилинди. Бу ҳақда ўз манбаларига асосланиб Kun.uz хабар бермоқда.

26 июль куни Урганч шаҳри Ашхобод маҳалласидан Чондирқиёт қишлоғи ҳудудига кўчириб юборилган ва далада палатка ва капа қуриб яшаётган, аммо 1-2 ойдан бери компенсация пулини ололмаётган аҳоли вакиллари Урганч-Хонқа йўлини тўсиб қўйишган, вилоят ҳокими Фарҳод Эрман воқеа жойига етиб келиб, аҳоли билан музокара ўтказган ва 10 августгача компенсация пуллари тўлиқ тўланишини ваъда қилганди.

Бугун, 27 июль куни Бош вазир Абдулла Арип Президент топшириғи билан Урганчга етиб борди ва аҳоли билан учрашиб, уларнинг муаммоларини тинглади.

Миллий Банкнинг Урганч бўлими ходимлари томонидан компенсация пуллари тарқатила бошланди. Режага кўра, шу бугуннинг ўзида 207та хонадон эгасига келишув шартномасида кўрсатилган компенсация пулининг 50 фоизи миқдорида, жами 21 миллиард сўм тақсимлаб берилади.

10 августгача эса барча хонадон эгалари билан 100 фоиз ҳисоб-китоб қилиниши режалаштирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Хоразм вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари бўлган Шуҳрат Абдулла 2018 йилнинг декабрида президентнинг вилоятга ташрифи вақтида Урганч шаҳрига ҳоким этиб тайинланганди.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону