Ўзбекистон Адлия Вазирлиги Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамиятининг “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиришлар киритиш, жумладан, сиёсий партияларни рўйхатга олишда талаб қилинадиган имзоларни камайтириш юзасидан таклифини қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш учун қабул қилди. Бу ҳақда Вазирликнинг Бошқарма Бошлиғи З. Маҳмудов имзолаган хатда маълумот берилган.
Бинобарин, “Эзгулик” бир муддат аввал Ўзбекистон Республикаси Президенти, Парламенти, Адлия Вазирлиги ва бошқа идоралар раҳбарларига мурожаат қилиб, Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Қонунида сиёсий партияни рўйхатга олиш учун талаб қилинадиган имзолар миқдорини камайтириш юзасидан қонунчилик ташаббуси билан чиқишни сўраганди. Эслатиб ўтамиз, бу миқдор ҳозир Ўзбекистонда 20 минг, аммо аҳолиси биздан 4-5 баравар кўп бўлган Россия Федерациясида бор-йўғи ЯРИМ МИНГ, яъни 500 дир.
Кеча, 23 июлда Адлия Вазирлигидан олинган жавоб Олий Мажлис палаталари мутасаддиларидан аввалроқ келган мавҳум ва мужмал жавобдан кўра бирмунча амалийдир. Чунки Адлия Вазирлиги конституциявий мажбуриятларига кўра, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, уларни экспертиза қилиш сингари масалалар билан ҳам шуғулланади. Демак, Вазирликнинг “Эзгулик” таклифини қабул қилгани ва мактубда ёзилганидек, келгусида қонунчилик ташаббуси ваколатига эга бўлган органларга тақдим этиши ҳақидаги гаплари амалий ҳаракатдир.
Ҳуқуқ фаоллари сиёсий ҳуқуқларни дастаклашни давом эттиришмоқда. Қўлга киритилган натижалар хусусида хабар қилиб борамиз.