04 July 2009
13:12 -
Майкл Жексоннинг акаси оила аъзоларини мусулмонларнинг кўмиш одатлари билан таништирмоқда

«The Hollywood Reporter» порталининг хабарига кўра, Майкл Жексон билан хайрлашиш маросими сешанба 7 июль соат эрталаб 10 да Лос-Анжелеснинг «Staples Center» стадионида ўтади. Поп-юлдузнинг атрофидаги манбалардан олинган маълумотларга кўра, «Staples Center»га эгалик қилаётган «AEG Livе» Америка промоутер компанияси ва унга қўшни бўлмиш «Nokia» Театри дафн маросимида иккала бино ва яқинидаги майдондан фойдаланади.
Бу хабар ҳозирда расмий тасдиқланмаган бўлсада, лекин айтишларича, у ерда ҳаракатлар бошланган. Маълум бўлишича, «AEG Live» биноларга киролмаган қўшиқчининг минглаб мухлислари учун очиқ хавода жуда катта экранлар ўрнатади. Маросимга компания томонидан чипталар қандай сотилиши, ҳалигача номаълум.
Майкл Жексоннинг дафн маросими муносабати билан «Staples Center»да мўлжанланган «Ringling» ва «Barnum&Bailey Circus» цирк гуруҳларининг намойишлари қолдирилади. Кузатувчиларга кўра, Жексоннинг дафн маросими «Ер юзидаги оламшумул шоу» ва «Тарихдаги оламшумул дафн маросими»га айланиши мумкин.
Аввалги тахминларга кўра, Жексоннинг дафн маросими унинг шахсий «Neverland» дала ҳовлисида ёки Лос Анжелесдаги 100 минг кишига мўлжалланган «Колизей» стадионида ўтказилиши кўзда тутилганди.
Унинг яқинлари ушбу тадбирларни Ислом қоидаларининг қайси бирига мослатишлари ҳозирча тушунарсиз. Маълумки, Шариатга биноан, дафн маросимларининг ўзига хос тарафи - унинг камтарлигида. Балки Ислом қоидаларига асосланиб, Майкл Жексон учун дуо ўқилиб ва айнан мусулмонча дафн этиш маросими бўлиб ўтар, яъни танаси ювилар, кафанга ўралар.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ноябр ойида Майкл Жексон Исломни қабул қилган ва мусулмонлар одатига биноан ўз исмини ўзгартирган.ОАВда ёзишлари бўйича, «Қуръонга вафодор бўлиш ваъдаси» унинг Лос Анжелесдаги дўстининг уйида бўлган. Таклиф қилинган имом Жексонга исмини Аллоҳнинг фаришталаридан бири Микойил номига мослатишини маслаҳат берган.
«Поп мусиқа қироли» Иехова гувоҳлари диний оқимига мансуб оилада вояга етган, бироқ ўзининг охирги продюссери ва қўшиқлари муаллифи билан диний мавзуда бўлган суҳбатларидан сўнг мусулмон бўлиш истагини билдирган.
Ҳозирда Бахрейнда яшовчи ва 1989 йилда Исломни қабул қилган қўшиқчининг акаси Жерменнинг сўзларига кўра, охирги пайтларда Майклда Исломга жуда катта қизиқиш бўлган ва кўп диний китобларни ўқиган. «Мен Маккадан қайтганимда унга кўпгина китоблар олиб келдим ва у мендан диним ҳақида батафсил суриштирарди. Мен унга менинг диним – тинч ва гўзалдир дердим», - дейди Жермен.
”Ҳаракат” мухбирининг фикрига кўра, жиддий нашрларнинг биронтасида эълон қилинмаган фактларнинг “Hindustan Times” газетасида пайдо бўлиши жуда шубҳали. Шундай бўлса ҳам, бугунги реалликлардан чиқиб, уларни ёритишдан фойда бор деб ҳисоблаймиз.