16 July 2019
22:36 - Абдураҳим Пўлатга кўра, “Бирлик” Халқ Ҳаракати уюштирган митинг ва намойишларда айнан “Бирлик” тарафдори эканлигини кўрсатган миршаббоши Ўрайим Абдуғаниев ҳали ҳам ўзгармабди

Мустақилликдан аввалги йилларда Тошкент шаҳар Ички Ишлар Бошқармаси бошлиғининг ўрнбосари бўлиб ишлаган Ўрайим Абдуғаниевни ўзбек тилини давлат тили қилдириш, Ўзбекистонни мустақилликка қовуштириш учун ҳаракат бошлаган “Бирлик” Халқ Ҳаракати раҳбарлари ва фаоллари жуда яхши билишарди. Чунки, “Бирлик” биронта тадбир ўтказадиган жойга ҳаммадан олдин шу инсон ўз отрядлари билан етиб келарди ва тадбирни ўтказтирмаслик учун ҳаракат қиларди.

Лекин... Унутмайликки, ўзбекларда “Ҳамма нарса «лекин»дан кейин бошланади” деган мақол бор. Ўрайим Абдуғаниевнинг ЎзА мухбири билан бугун эълон қилинган суҳбати айнан шу мақолни исботлаб турибди, дейди “Бирлик” Халқ Ҳаракати ва унинг асосида тузилган “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясининг лидери, ҳозир мажбуран АҚШда яшаётган Абдураҳим Пўлат.

Алоҳида урғулаш керакки, Ўрайим Абдуғаниев билан шундай суҳбат ўтказилгани ЎзА тарафидан 10 кунча аввал эълон қилинган эди. Суҳбатни ЎзАнинг веб сайтида эълон қилиш шунча кўп вақт олганидан тахмин қилиш мумкинки, Ўрайим Абдуғаниев ўз суҳбати бировга тегиб кетмаслиги учун уни ҳамма жойини ўзи силлиқлаш билан машғул бўлган.

Ўрайим Абдуғаниев “Бирлик” оёққа туришга бошлаган йиллари Ислом Каримга ўхшаб кетиши кўриниб турарди, бунинг устига унинг отасини исми ҳам Ислом Каримники каби Абдуғани эди. Митинг ёки намойишга чиққан бирликчилар бу ҳақда Ўрайим Абдуғаниевга айтишганда, у жилмайиб қўйиш билан чекланарди.

Ўрайим Абдуғаниев билан ЎзА суҳбат ўтказгани ва у тезда эълон қилиниши ҳақида хабар берилганда, 1991 йили мустақиллик эълон қилингандан кейин, Ички Ишлар Вазирлиги тизимида – товар-моддий бойликлар олиб чиқиб кетилиши устидан назорат қилиш Давлат инспекцияси тузилгани ва Ўрайим Абдуғаниев унга раҳбар этиб тайинлангани айтилган эди. Кейин, у инспекция асосида Божхона қўмитаси, 1994 йилда эса, бу қўмита ўрнига Давлат Солиқ Қўмитаси яратилибди ва ўшанда, яъни 1994 йилда Ўрайим Абдуғаниевни Самарқанд вилоят Ички Ишлар Бошқармаси бошлиғи лавозимига ўтказишибди.

Аммо, суҳбат Ўрайим Абдуғаниевнинг 1991-1994 йиллардаги фаолияти ҳақида бўлиб, у сал кам ҳамма ҳамма давлат хизматчиларини Ўзбекистондек давлатнинг сал кам ҳамма бойликларини чет элларга “левый” йўллар билан чиқариб юборишганини гапиради, аммо биронта жиноятчининг исмини тилга олмайди. Нимамиш, у жиноятчилар ҳозир ўз тирикчиликлари билан шуғулланишаётган эмиш, уларнинг сири очилса ва ўғирланган пуллар ҳисобига қурилган уйлари аниқлансаа, уларга ёмон бўлар эмиш.

Яна тахмин қилиш мумкинки, ЎзАнинг веб-сайтида эълон қилинган суҳбат ҳақиқатни ўзида акс эттирмайди. Ўрайим Абдуғаниевни шундай ёлғондакам суҳбатни эълон қилдиришга мажбур қилишган.

Аслида, дейди “Ҳаракат” мухбири, Ўрайим Абдуғаниев билан у Тошкент шаҳар Ички Ишлар Бошқармаси бошлиғининг ўрнбосари бўлиб ишлаган йилларда “Бирлик” Халқ Ҳаракатининг митинг ва намойишларини тўхтатиш учун қилган ишлари, тўғрироғи, митинг ва намойишларини тўхтатиш учун ортиқча ҳаракат қилмагани ҳақида суҳбат ўтказиш керак эди. Умид қиламизки, вақти келади, шундай суҳбат ҳам эълон қилинади.

Ўрайим Абдуғаниевнинг шу кунларда олинган расмига эътибор беринг. У Ислом Каримга ўхшашлиги ҳали ҳам кўриниб турибди.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону