10 July 2019
22:49 - “Эзгулик” Жамиятининг сиёсий партияларни рўйхатга олиш йўлидаги тўсиқларни олиб ташлаш ҳақидаги хатига Олий Мажлиснинг иккала палатаси қўмиталарининг раисларидан жавоб келди
Авваламбор эслатиш керакки, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамиятининг раиси Абдураҳмон Ташанов 2019 йил 31 май куни “Ҳақиқий сиёсий партияларни рўйхатдан ўтказиш йўлидаги тўсиқлар олиб ташланиши керак” номли хатини қуйидагиларга юборганини 16 июнда “Ҳаракат” Агентлиги ҳам хабар қилган эди:

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг раиси Ниғматилла Йўлдошевга
Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик Палатасининг раиси Нурдинжон Исмоиловга
Ўзбекистон Адлия Вазири Русланбек Давлетовга
Ўзбекистон Олий Мажлисининг Омбудсмени Улуғбек Муҳаммадиевга
Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Миллий Маркази директори Акмал Саидовга
Ҳамма оммавий ахборот воситаларига

Қуйида ўша мактубнинг матни билан танишишингиз мумкин.

* * * * *

“Ҳақиқий сиёсий партияларни рўйхатдан ўтказиш йўлидаги тўсиқлар олиб ташланиши керак”

31 май 2019 йил

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича ҳаракатлар стратегиясининг “Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари” бўлимида сиёсий тизимни ривожлантириш, давлат ва жамият ҳаётида сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш масаласига алоҳида урғу берилган.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонунининг айрим талаблари ана шу мақсадларга номувофиқ, деб ҳисоблайди.

Хусусан, мазкур Қонуннинг 6-моддаси 1-хатбошисида сиёсий партияни рўйхатга олиш учун унинг 20 минг нафар тарафдорининг имзолари талаб қилиниши кўзда тутилган.

Ҳолбуки, ҳозир сиёсий партияни рўйхатга олиш учун Россияда бундай партия 500 нафар тарафдорига эга бўлиши керак, қўшнимиз Қирғизистонда эса 10 киши бундай партия тарафдори бўлиши етарлидир.

Эслатиш керакки, Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган дастлабки йилларда бу талаб 3 минг нафар эди, кейинчалик 5 мингга чиқарилди, сўнгра бу рақам 20 мингга чиқарилди. Бу эса, шубҳасиз, ҳозир Ўзбекистонда қўйилаётган демократик талаб ва иддаоларга зиддир.

Таъкидлаш керакки, аҳолиси биздан тахминан 5 баравар кўп бўлган Россия Федерациясининг қонунчилигида сиёсий партияни рўхатдан ўтказиш учун авваллари 40 минг нафар фуқаронинг имзоси талаб қилинарди. Аммо Россия жамоатчилигининг 2013-2014 йиллардаги митинг ва намойишларда олға сурилган талаби Европа Инсон Ҳуқуқлари Суди тарафидан ҳам қўллаб-қувватлангандан кейин, Россияда бу рақам 80 бараварга камайтирилиб, 500 га туширилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамиятига бир неча йилдан бери “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси тарафдорлари мурожаат қилиб, Адлия Вазирлигига 2003 йилдаёқ 21 мингдан ортиқ имзолар билан ариза берилганига қарамасдан, бу партия ҳалигача рўйхатга олинмагани, айни пайтда, рад жавоби ҳам берилмаганини айтишмоқда.

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти фаоллари томонидан ўтказилган ўрганиш ва мониторинг хулосалари мамлакатимизда сиёсий ҳуқуқларни таъминлашнинг долзарб паллага кирганини кўрсатмоқда. Сизнинг жамиятимиз олдига қўяётган талаб ва таклифларингиз, мамлакат имижини халқаро доираларда мустаҳкамлаш истагингиз демократик муҳит ва кучли фуқаролик позицияси акс этган соғлом муҳитни тақозо қилади.

Демак, Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонунидаги сиёсий партиялар аъзолари ва тарафдорлари сони 20 мингдан кам бўлмаслиги ҳақидаги тўсиқни олиб ташлаш даври аллақачон келган.

Қонунчиликка кўра, Адлия Вазирлиги Ўзбекистон Олий Мажлисига қонунчилик ташаббуси билан чиқиш ҳуқуқига эга. Шу боис айнан Адлия Вазирлиги мазкур таклифни, яъни сиёсий партияни рўйхатдан ўтказиш учун талаб қилинадиган имзолар миқдорини минималлаштириш масаласини Парламент тасдиғи учун жўнатиши керак.

Шубҳасиз, бу таклифни жамоатчилик, Ҳукумат, депутатлар корпуси, халқаро ҳамжамият ва демократик институтлар тўла қўллаб-қувватлайди.

Абдураҳмон Ташанов
Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти раиси

* * * * *

Мана ниҳоят бу хатга жавоблар ҳам кела бошлади. Ҳозирча, 2 та жавоб келди. Уларнинг матни билан қуйида танишишингиз мумкин.

* * * * *

Биринчи хат Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш Қўмитасининг расмий бланкида ёзилган:

2019 йил 1 июль
06/4315-сонли

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига
Нусхаси: А. Ташановга

Фуқаро А.Ташановнинг мурожаати Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 25-моддасига асосан кўриб чиқилиш учун юборилмоқда.

Мурожаат юзасидан муаллифга ёзма шаклда жавоб бериш сўралади.

Қўмита раиси (имзо) Б.Матмуратов

* * * * *

Иккинчи хат Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органлари Қўмитасининг расмий бланкида ёзилган:

№ 05-01/06-3687
1- 07- 2019 йил

Кимга: Тошкент шаҳри, Чорсу майдони. 34-уй, “Эзгулик” жамияти раиси А.Ташановга

Сизнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига берган таклифларингиз қонунчилик фаолиятини такомиллаштириш жараёнида фойдаланиши мумкинлигини маълум қиламиз.

Қонунчиликни такомиллаштиришда фаоллик кўрсатганингиз учун Сизга миннатдорчилик билдирамиз.

Қўмита раиси (имзо) А.Саидов

* * * * *

Тан олиш керакки, дейди “Ҳаракат” мухбири иккала жавоб хат конструктив шаклда ёзилган, аммо жиддий камчиликлар ҳам йўқ эмас. Масалан, жаноб Б.Матмуратов “Эзгулик”нинг хати Адлия Вазирлигига ҳам юборилганини биларди. Шундай экан, бу вазирликка хатни яна бир марта юборишнинг маъноси йўқ. Аслида, жаноб Б.Матмуратов Адлия Вазирлиги билан биргаликда бу масала устида ишлашни таклиф қилиши керак.

Билмаганлар учун билдириш керакки, Қонунчилик палатаси Қўмитасининг раиси А.Саидов, айни замонда, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Миллий Маркази директоридир. “Эзгулик”нинг хати унга ҳам юборилган. Дундай экан, у бу масала билан жиддийроқ шаклда шуғулланиши керак эди. Шуғулланмадими, демак, уни бунга мажбурлаш керак. Дунёнинг машҳур ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотлари воситасида Акмал Саидовга кучли босим уюштириш керак.

Булар билан бир қаторда, Ўзбекистон халқига бу хабарни етказиш ва айнан халқнинг босими остида “Эзгулик”нинг хати юборилган шахс ва ташкилотларни бу масала билан жиддий шуғулланишга мажбур қилиш лозим.

Айнан шу йўналишларда ишлар қилиб, Ўзбекистоннинг келажагини ўйлаб ташкил этилган ва ҳозир ҳам Ўзбекистонинг келажагини ўйлаётган “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясини рўйхатга олдириш мумкин бўлади. “Бирлик”сиз Ўзбекистоннинг келажаги бўлмайди.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону