23 June 2019
10:40 - Шавкат Мирзиёнинг 2019 йил 21 июнь куни Олий Мажлис Сенатида сўзлаган нутқи бозордаги пистачка сотувчи хотинларнинг гапидан фарқ қилмайди
Президент Шавкат Мирзиёнинг 2017 йил декабрь ойи охиридаги Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисининг 2018 йил Давлат Бюджетини муҳокама қилиш босқичида сўзлаган нутқини - бозордаги пистачка сотувчи хотинларнинг гапидан фарқи йўқлигини ёзган эдик. Чунки, у Олий Мажлис тарафидан тасдиқланган Давлат Бюджетидан биронта хато ҳам кўрсамасдан, унга биронта пичоққа илинадиган эътироз билдирмасдан, унинг лойиҳасини тайёрлаганларни “каламушлар” деб ҳақорат қилган ва ўзи бундай Давлат Бюджетини имзоламаслигини эълон қилган эди. Аммо, орадан 1 ҳафта ўтар-ўтмас, Шавкат Мирзиё Олий Мажлис тасдиқлаган Давлат Бюджетини биронта ўзгаришсиз имзолаганини ҳамма билади.

Шавкат Мирзиёнинг шу йил 21 июнда Олий Мажлис Сенатида сўзлаган нутқини ҳам ўшанақа баҳолаш мумкин. Бундай масхарабозлик руҳидаги нутқ тарихда қолиши кераклигидан келиб чиқиб, шу нутқни “Ҳаракат” Агентлигининг бош саҳифасидаги (Harakat.net) “Актуал Мавзу” бўлимига қўйдик.

Шавкат Мирзиё мажлис кун тартибининг 1-чи масаласи, яъни Сенат раисини сайлаш масаласи бўйича узундан-узоқ нутқ сўзлаб, Сенат фаолиятининг 5 та муҳим йўналишини ўзича гўёки анализ қилган ва ҳамма йўналишда жиддий камчиликлар борлигини ҳеч бир мисол кўрсатмасдан эълон қилган. Бу нарса айнан бозордаги пистачка сотувчиларнинг гаплашиш шаклининг ўзидир.

Сўнгра у ҳар қандай жамиятда аёлларнинг роли кучайиб бораётганини, аммо бизда бунақа тенденция йўқлигини, аксинча, тескари тенденция борлигини айтиб, Сенатнинг янги раиси қилиб, жорийдаги Бош вазир ўринбосари, айни замонда, Ўзбекистон Хотин-қизлар Қўмитаси раиси вазифасида ҳам ишлаб келаётган Танзила Норбоевани сайлашни таклиф қилибди ва, табиий, айнан шу аёл Сенат раиси этиб сайланибди.

Биз бу ерда бекорчи гаплар гапириб ўтирмаслик учун ҳамманинг эътиборини бир нуқтага қаратмоқчимиз. Ҳамма биладики, “Бирлик” Халқ Ҳаракатининг бошқа республикалардаги халқ ҳаракатлари ва фронтлари билан биргаликда олиб борган кураши натижасида 1991 йилнинг охирида СССР парчаланди ва Ўзбекистон ҳам мустақилликка эришди.

Аммо, Москванинг қўғирчоғи Ислом Карим, мухолифат ичида ҳақиқий бирлик йўқлигидан ҳам фойдаланиб, қўғирчоқ партияларнинг вакилларидан ва давлат системасидаги бошқа қўғирчоқлардан иборат бўлган қўғирчоқ Олий Мажлис яратиш анъанасини яратди, тожиклар режимини шакллантирди. Ҳозирги Олий Мажлис айнан қўғирчоқ театридир, аммо энди қўғирчоқбоши ва режимбоши – Шавкат Мирзиё.

“Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги йиллардан бери Ўзбекистонда фундаментал сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш кераклигини гапириб келмоқдалар. Айнан шундай ислоҳотларнинг натижасида қўғирчоқ сиёсий партиялардан ва қўғирчоқ Олий Мажлисдан қутилишимиз, ҳақиий сиёсий партиялар яратиб, уларнинг иштирокида ҳақиқий Олий Мажлис шакллантиришимиз керак.

Аммо, Шавкат Мирзиёнинг 21 июндаги Олий Мажлис Сенатида сўзлаган нутқи ҳам кўрсатмоқдки, у ҳеч нарсани ўзгартирмоқчи эмас, тожиклар режимининг ҳаётини давом эттирмоқчи. Бу режим қўғирчоқ сиёсий партиялар иштирокида янги қўғирчоқ парламент яратади, Ўзбекистон Москва белгилаб берган ўлим йўлида кетишни давом эттираверади.

Демак, халқ майдонларга чиқиб, тожиклар режимини биз айтаётган фундаментал сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказишга мажбурлаши ва Ўзбекистонни сиёсий маънода демократик, иқтисодий маънода тўла бозор иқтисодиётига асосланган давлатга айлантириши керак. Ана ўшанда ҳақиқий фаровонликка эришамиз, чет элларда ишлаётган миллионлаб ватандошларимиз Ўзбекистонга қайтишга бошлайдилар.

Президент Шавкат Мирзиё ҳозироқ ўзи бир ташаббусни олға суришга бошласа, жорийдаги тожиклар режимининг тарихда қоладиган қора расмини бироз оқлаб олган бўларди. Гап шундаки, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамиятининг раиси Абдураҳмон Ташанов 2019 йил 31 май куни Президент Шавкат Мирзиёевга, Олий Мажлис палаталарининг раҳбарларига, Адлия Вазирига, Ўзбекистон Омбудсменига, Инсон Ҳуқуқлари Миллий Маркази директорига ва ҳамма оммавий ахборот воситаларига “Ўзбекистонда сиёсий партияларни рўйхатдан ўтказиш йўлидаги тўсиқлар олиб ташланиши керак” номли очиқ хат тарқатган эди.

Айнан шу очиқ хатда Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонунидаги сиёсий партиялар аъзолари ва тарафдорлари сони 20 мингдан кам бўлмаслиги ҳақидаги сунъий тўсиқни олиб ташлаш даври аллақачон келгани урғуланган ва бу рақамни Россияда каби 500 ёки ундан ҳам кам қилиш сўралган эди.

Президент Шавкат Мирзиё ҳозироқ бу ташаббусни ўз қўлига олиб, Олий Мажлис палаталарига “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонунга “Эзгулик” олға сураётган ўзгаришлар киритиш таклифини жўнатса, Ўзбекистонда демократияни ривожлантириш йўналишида муҳим қадам қилинган бўларди.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону