Қаранг, Kun.uz cайтига кўра, 21 июнь куни Олий Мажлисда нутқ сўзлаган Президент Шавкат Мирзиё шундай дебди: «“Лукойл” компанияси Ўзбекистонда газ қазиб олмоқда. Биз улардан минг кубини 146 доллардан харид қилиб, аҳолига 46 доллардан сотяпмиз. Орадаги фарқ эвазига компаниядан қарз бўляпмиз. Ҳар минг кубометрдаги 100 долларлик фарқ 2018 йилда 600 млн долларлик қарзни пайдо қилган. Бу рақам кун сайин ортиб боряпти. Балки, бу компания билан ишлаётганимиз, нотўғридир. Нима учун шартнома тузилганда миллий манфаатлар инобатга олинмаган?»
Ҳурматли ўқувчиларимиз, бунақа масхарабозликни бошқа жойда кўрганмисиз, эшитганмисиз? Биз ўз еримиздаги табиий газ учун, уни қазиб олаётган “Лукойл”га улар белгилаган пулни бераётибмиз ва ўзимиз зарар кўрмоқдамиз.
Бунақа аҳмоқликда айб ўзимизда-ку!! Яқинда “Лукойл” компаниясидан 600 млн доллар қарзимиз борлигини шу компаниянинг Қазиб олиш ишлари бўйича катта вице-президенти Азат Шамсуаров Reuters Агентлигига айтмаса, ҳалигача қарзимиз борлигини ҳам билмай юрган бўлармидик?
Маълумки, “Лукойл” компанияcи Ўзбекистондаги “Қандим-Хаузак-Шоди-Қўнғирот” ва “Жанубий-Ғарбий Ҳисор” газ омбрларида газ қазиб олади ва газ асосан Хитойга жўнатилади. Энди билаяпмизки, биз ҳам газнинг минг кубини 146 доллардан харид қилиб, аҳолига 46 доллардан ўз зараримизга сотар эканмиз. Бу ўта аҳмоқлик-ку!
Шуни Ўзбекистонда ҳеч ким билмасмиди? Бошқаларни қўйиб туринг, 13 йил Бош вазир ва 3 йил президентлик қилаётган Шавкат Мирзиё қаерга қараётган эди? Кўриниб турибдики, бу жиноятнинг бош айбдори Шавкат Мирзиёнинг ўзи, жавобгарликка айнан у шахс тортилиши керак.
Яна бир нарсага эътибор беринг. 2018 йилда Ўзбекисоннинг Давлат Бюджети Олий Мажлис тарафидан тахминан тахминан 7,7 млрд доллар деб белгиланган эди. Давлат Бюджетимиз шунчалик кичкина экан, шундай жажжи бюджетимиз билан бу бюджетнинг сал кам ўндан бири миқдорда фақатгина “Лукойл”дан сотиб олаётган ўз газимиз туфайли катта қарзга ботдикми?
Ҳеч шубҳасиз, “Лукойл” билан шартнома имзолаганларни, ҳукуматнинг бу соҳага маъсулиятли ходимларини, Бош вазир ва Президентни жавобгарликка тортиш керак. Давлат Бюдженинг сал кам ўндан бири миқдорда қарзга ботишимиз – шуларнинг айбидир.
Эслатиш керакки, “Лукойл” компаниясининг эгаси – Россиянинг бойлиги бўйича 3-чи шахси ҳисобланадиган Вагит Алекперовдир. Шавкат Мирзиё 2018 йил 19 апрелда Қандим газ конини Вагит Алекперовга “совға қилиш” маросимида иштирок этганди. Расмда – ўртада Шавкат Мирзиё, ўнг тарафда Вагит Алекперов.