Тбилисида кеча 21 июнь куни кечқурун ҳам, 20 июндаги каби, Россия Давлат Думаси депутати, айни замонда, Православ Парламентлараро Ассамблеясининг раҳбари Сергей Гавриловнинг Грузияга келиши ва Грузия парламентининг залида ўтказилган мажлисда парламент раҳбарининг ўрнида ўтиришига қарши норозилик намойишларга бўлди. 20 июнда маҳаллий полиция намойишчиларга қарши ўта қўпол ҳаракатлари туфайли юзлаб намойишчилар тан жароҳатлари олгандилар. Ҳозир ҳам касалхоналарда 55 киши ётибди, уларнинг 3 нафари оғир аҳволда реанимация бўлимида. 1 одам ўлгани ҳақида ҳали тасдиқланмаган хабарлар бор.
Ўтган куни расмий ташриф билан Белорусияда бўлган Грузия Президенти Саломе Зурабишвили, расмий ташрифини бузиб, кеча у ердан қайтиб келди ва Тбилисидаги касалхонадагиларни бориб кўрди.
21 ноябрда Грузия парламенти биноси олдида тўпланган намойишчилар мамлакат ҳукуматидан 20 июндаги воқеалар учун маъсулиятни бўйнига олишни, Грузия Парламенти спикери ва Ички Ишлар Вазири истеъфога кетишини, ҳозир Грузияда ҳукмронлик қилаётган Бдзина Иванишвилининг “Грузия Орзуси” партияси тарқатиб юборилишини, янги парламент сайловлари ўтказишни талаб қилдилар.
Михаил Саакашвили замонида ҳокимиятда бўлган Умуммиллий Ҳаракат Партиясининг раиси Григол Вашадзе ва “Европа Грузияси” ташкилотининг лидерларидан бири Гиги Угулава ҳам намойишчилар билан бирга бўлдилар.
Тбилиси Давлат Университетининг талабалари “антиокупацион” акция ўтказдилар, уларнинг қўлларида “Йўқолсин Путин”, “Россия окупант”, “Грузияни ёшларга беринг” каби шиорлар бор эди.
Россия ўзини оқлашга ҳаракат қилишидан ташқари, Грузияга учадиган учоқларини 8 июлдан вақтинча тўхтатишга қарор қилди. Бундай қарорни паника ичидаги Президент Путиннинг ўзи имзолабди.
Расмда – 20 июндаги намойишдан бир кўриниш.