14 June 2019
19:23 - «Ташқаридаги активни қайтариш осон иш эмас». Бош прокурор Гулнора Каримованинг пуллари ҳақидаги саволга жавоб берди
Бугун, 14 июнь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган «2019 йилнинг дастлабки 5 ойи мобайнида прокуратура органлари фаолияти» мавзусидаги брифинг вақтида Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари Эркин Тўраевич Йўлдошев Ўзбекистон Биринчи Президентининг қизи, коррупция ишида айбланиб қамалган Гулнора Каримова ҳақидаги саволга жавоб қайтарди.

«Каримованинг пулларини қайтариш бўйича айтадиган бўлсак, бу мураккаб жараён. Бундай ишлар бошқа давлатлар билан ҳамкорликда олиб борилади. Ташқаридаги активни қайтариш осон иш эмас», дея Йўлдошевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Гулнора Каримовага тегишли 800 миллион франкни ўзида сақлашни истамаётган Швейцария ҳукумати пулларни Ўзбекистонга қайтаришга шошмаяпти.

2019 йил январида Швейцария ТИВ Гулнора Каримовага тегишли активлар тақдирига қизиққан DW сўровига жавоб берганди. Маълум қилинишича, асосий масала – Каримованинг Швейцариядаги активларини нима қилиш кераклигига жавоб топиш лозим. Яъни активларни қайтариш ва уларни қандай сарфлаш бўйича томонлар ўртасида ҳужжат имзоланиши зарур.

Гулнора Каримованинг собиқ турмуш ўртоғи Мансур Мақсудий Швейцариянинг Der Bund газетасига берган интервьюсида унинг Швейцариядаги пулларига даъво қилаётганини билдирган.

Гулнора Каримова 2008 йили Ўзбекистоннинг БМТдаги вакили этиб тайинланганди. Бироқ 2013 йили у дипломатик иммунитетдан маҳрум бўлади ва Швейцария прокуратураси унга нисбатан пулларни ўзлаштириш айби билан жиноий иш очади. Натижада унинг Швейцария банкларидаги ҳисобида сақланган 800 млн франк музлатиб қўйилади.

Гулнора Каримова 2015 йилнинг августида, яъни биринчи президент Ислом Каримов даврида қатор молиявий жиноятларда айбдор деб топилган ва унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланганди.

Кейинроқ Гулнора Каримовага нисбатан фирибгарлик, хорижий валютани яшириш, божхона қонунчилигини бузилиши бўйича яна бир жиноий иш қўзғатилган.

2017 йилнинг 18 декабрида 10 йилга озодликдан маҳрум этилган Гулнора Каримовага жазо 2018 йилнинг 1 июлида 5 йилга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону