Авваламбор эслатиш керакки, дунёда банклар бундай лотерея ўйинлари ўтказмайдилар, бундай ўйинларни ўтказадиган махсус ширкатлар бор. Аммо, бизда ҳамма нарса бошқача.
Бугун Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари хабар қилишича, Жиззах вилоятининг Дўстлик туманида яшайдиган Баҳром Ялгашев Халқ Банкининг “Шарқона лотто” номли лотереясидан аввалроқ билет сотиб олган экан, 830 миллион сўмдан ортиқ пул ютибди. Валюталарнинг бугунги расмий курси бўйича, бу сал кам 100 минг доллардир. Нима ҳам дердик, “Офарин, ҳурматли Баҳром Ялгашев!” деймиз. Расмда айнан шу омадли кишини кўрмоқдасиз.
Хабарларда айтилишича, Халқ Банки биргина ўтган 2018 йилда 11 турдаги лотерея бўйича жами 57 миллиард сўмдан ортиқ 9 миллион дона пул ва буюм ютуқларини, жорий йилнинг ўтган беш ойида эса 8 та лотерея бўйича 25 миллиард сўмлик 3 миллион донадан ортиқ ютуқларни ўз эгаларига топширибди. Жумладан, “Омад лотто” лотереяси “36 дан 5” ва “Шарқона лотто” лотереяси “36 дан 6” ўйинларидан Самарқанднинг Пастдарғом туманидан Акрам Йўлдошев 426-ютуқлар тиражида 741,5 млн. сўм, фарғоналик омадли ҳамюртимиз Садоқатхон Ботирова 750 миллион сўмдан ортиқ “Жекпот”ларни ютиб олишган.
“Шарқона лотто” 105- тиражида кичик Жекпот, яъни “Спарк” автомобили Хоразм вилояти Хазорасп туманида истиқомат қилувчи ҳамюртимиз Полвон Жуманиязовга насиб қилгани, яна 10 киши турли автомобиллар ютиб олгани ҳам хабарларда тилга олинган.