10 June 2019
09:01 - Молдовада парокандалик: президентнинг ваколати бекор қилинган, Конституцион суд парламентга қарши

Молдовада сиёсий инқироз ҳукм сурмоқда. Мамлакатнинг ҳукмрон партияси ҳисобланган Молдова демократик партияси президент Игорь Додон Конституцион суднинг қарорини бажармагани учун истеъфога чиқишини талаб қилганди. Охир-оқибат Додон вақтинча бўлса ҳам «ишдан кетди».

Молдова Конституцион суди мамлакат президентининг ваколатини вақтинча бекор қилди. Молдованинг энг юқори суд органи мамлакат бош вазири Павел Филипни вақтинча президент этиб тайинлади.

Конституцион суд бу қарорни Демократлар партияси талабига кўра қабул қилди. Додон 3 ой ичида парламентни тарқатиб юбориши керак эди ва президент бу ишни амалга оширмаганини иддао қилган демократлар Конституцион судга мурожаат қилишди. Суд эса талабни қаноатлантириб, Додонни вақтинча ваколатларидан маҳрум қилди.

Конституцион суд Молдованинг вақтинча президенти этиб тайинлаган Павел Филипга мамлакат парламентини тарқатиб юбориш ваколатини юклади ва янги президент шундай қилди ҳам: «Биз бошқа партияларни ҳам жим турмасдан халқ олдида ҳисоб беришга чақирамиз. Молдова президентидан ҳам шуни сўраймиз»,- деди Филип. Мамлакатнинг вақтинчалик президенти айни дамдаги инқироздан чиқиб кетишнинг муддатидан олдин сайловларсиз имкони йўқлигини қўшимча қилди.

Игорь Додон Россиянинг «РИА Новости» нашрига интервью берар экан (у рус нашрларида тез-тез чиқиш қилиб туради) мамлакатдаги ҳолатлар ҳукуматни тортиб олишдан бошқа нарса эмаслигини айтди. Додон фейсбукдаги саҳифасида одамлардан Демократик партия ўтказадиган акцияларда қатнашмасликни сўради ва ҳукуматнинг тинч йўл билан топширилишида воситачи бўлишга тайёрлигини маълум қилди. Мамлакатнинг тарқатиб юборилган парламенти эса Молдовани «эгаллаб олинган давлат» деб эълон қилди.

Молдова Конституцион суди президентга 3 ой ичида парламентни тарқатиб юбориш талабини қўйганди ва 8 июнь куни бу вақт тугади. Шу боис Додоннинг ваколатлари вақтинча бекор қилинди. Молдова парламенти депутатлари ЕИ тарафдори бўлган ACUM блоки ҳамраисаси Майя Сандуни бош вазир этиб сайлашди. Унинг раҳбарлигидаги янги ҳукумат таркиби ҳам аниқланди. Конституцион суд эса бу қарорни чиқиши билан ноқонуний деб эълон қилди.

Молдова парламенти (янги президент томонидан тарқатиб юборилган парламент) Конституцион суднинг чекловига қарамай, йиғилиш ўтказиб, қарорлар чиқаришни кўзламоқда. Февралда ўтказилган сайловларда Игорь Додон етакчилигидаги Социалистлар партияси парламентнинг учдан бир қисмини эгаллаган бўлишса-да, бу уларга ҳукуматни шакллантириш учун етарли бўлмаганди. // ЎзА

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону