09 June 2019
17:07 - Бухорода 30 йил унутилган қишлоқ ёхуд чанг ва лой кечиб мактабга интилаётган болалар (ҳамда “Ҳаракат”нинг эътирозлари)

Бухорода 30 йил унутилган қишлоқ ёхуд чанг ва лой кечиб мактабга интилаётган болалар (ҳамда “Ҳаракат”нинг эътирозлари)

Яқинда ЮНЕСКО томонидан “мактабга элтувчи энг қийин йўллар” рейтинги эълон қилинди. Рўйхатда Ўзбекистоннинг вилоят, туманлари кўринмади. Аммо, улар Бухоро вилоятининг Қоракўл туманига ташриф буюрганида, айнан шу туманнинг қишлоқлари рўйхатнинг бошидан ўрин эгаллаган бўлар эди.

Тасаввур қилинг, Қоракўл туманининг 6 та қишлоғида 29 йилдирки, йўл таъмирланмайди, 29 йилдирки, қишлоқ туман, вилояти томонидан унутилган. Ахир бу қишлоқларда ҳам мактабга илм олиш истагида қатновчи болалар бор.

Келажакка ишониб келаётган олти қишлоқ (“Янги турмуш”, “Олимлар”, “Урганжи”, “Мирхўжа”, “Лакки”, “Чиғатой”) болалари қишда тиззагача лой кечиб, иссиқ кунларда тупроқ ва чангга беланиб, мактабга қатнайдилар.

Мазкур олти қишлоқ аҳолиси тахминан 3 мингдан ортиқ бўлиб, улар шу абгор йўлларни ҳар куни кечиб ўтишга маҳкум. Бу каби қишлоқлар юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам топилади.

Ўтган йили қоракўллик математик йигит ҳақида мақола тайёрлаш учун "Чиғатой" қишлоғига борган эдик. Қишлоқ кўчаларидан борар эканмиз, бу йўлларга на от арава ва на автомобиль дош беролмаслигига гувоҳ бўлдик.

Қишлоқ аҳолисидан суриштирсак, яқин 29 йил ичида қишлоқларнинг йўллари таъмирланмаган. Совет даврида ётқизилган асфальт аянчли аҳволга келиб улгурган.

Биз аввалига йўлни экин экиш учун шудгор қилинган дала майдони деб ўйлаган эдик. Кейин билсак, шу йўлдан автомобилда ўтишга мажбур эканмиз.

Қишлоқлар худди одамлар тарк этган кимсасиз жойларга ўхшарди. Биз-ку бир маротаба борганда “дод”, дедик, машинага раҳмимиз келди, тупроқдан уст-бошимиз чанг бўлди. Бу ернинг аҳолиси-чи?

Улар шу кўйи индамай яшаб келишлари ачинарли. Маҳаллий аҳолининг айтишича, мана шу кўчалар, шу унутилган қишлоқ бир қанча зиёли мутасаддиларни етиштирган.

Қишлоқ аҳли уларнинг номини айтиб ғурурланди. Улар эса ўз қишлоғига қандай хайрли ишни амалга ошириб ғурурланишар экан?

Биз қишлоқлардаги аянчли аҳволни, гўё аслида шундай бўлиши ҳам керакдек қабул қилиб, ўрганиб қолганмизми?

Қишлоққа борганимизга орадан салкам бир йил ўтмай, "Чиғатой" қишлоғи аҳолисидан бири бизга мурожаат қилди. У биз бир маротаба йўл юриб “дод”, деган кўчалар ҳамон таъмирланмаганини айтиб, шу масалани қайта кўтаришимизни илтимос қилди.

“Ҳар куни шу йўллардан аранг мактабга қатнаётган болаларга қаранг”, дейди қоракўллик ўқитувчи. Қаламга олай десак, юртимизда таъмирталаб йўллар жуда кўп, аммо, қоракўллик ўқитувчининг ноласини ёритмасликка виждонимиз йўл қўймади.

Биз Бухоро вилоятининг Қоракўл тумани йўлларини таъмирлаш учун сўнгги 10 йил ичида қачон маблағ ажратилгани билан қизиқиб, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги автомобиль йўллари қўмитасининг Бухоро вилояти Автомобиль йўллари ҳудудий бошқармасига қўнғироқ қилдик.

Бизга жавоб қилган Шерзод Эгамовнинг айтишича, мазкур туман йўлларини капитал ва жорий таъмирдан чиқариш учун ҳар йили маблағ ажратилар экан.

Афсуски, ҳар йили ажратилаётган маблағлар Қоракўл туманининг биз юқорида зикр қилган қишлоқларига етиб бораётгани йўқ. Қишлоқ болалари эса гувоҳ бўлганимиздек, қишда тиззагача лой кечиб, баҳор-кузда чанг ютиб, келажакка ишониб, мактабга умид билан қатнашмоқда. // Анора Содиқова, ЎзА

“Ҳаракат”: Анора Содиқова ўз хабар-мақоласида айтишни унутган нарсани биз эслатамиз. Гап шундаки, Бухоро вилоятининг Қоракўл тумани, аҳвол ғариблиги бўйича, Ўзбекистонда ягона эмас. Бунақа туманлар айнан кўпчиликни ташкил қилади. Бу хабар-мақоладан кейин, Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамма бор имкониятларини шу туманга ташлашини кутиш керак. Аммо, бу билан Ўзбекистондаги ғариб аҳвол тузалиб қолмайди.

Шундай экан, халқ майдонларга чиқиб бўлса ҳам, Президент Шавкат Мирзиёни ватан ва халқнинг муаммолари билан шуғулланишга чақириши керак. Акс ҳолда, бутун Ўзбекистон майдонларга чиқади ва мамлакатимизда фундаментал ислоҳотлар ўтказишни талаб қилади.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону