Ўзбек алифбоси лотин ёзувига ўтказилаётган пайтда “Бирлик” Халқ Ҳаракати энг яхши ва самарали йўл - Туркиядаги лотин ёзувини баъзибир майда ўзгаришлар билан қабул қилиш эканлигини айтган ва тегишли идораларга ўз таклифларини етказган эди. “Бирлик”нинг ўша пайтдаги фикрига кўра, “ч”, “ш”, “ғ”, “ў” каби харфларни “ch”, “sh” “g’ ”, “o’ ” шаклида қабул қилиш хато, очиқча айтсак, ғирт аҳмоқлик эди. Мана орадан 20 йилдан кўп вақт ўтгандан кейин ўзбекнинг тилшунос олимлари шуни тушуниб етибдилар ва амалий иш қилишга бошлабдилар.
Алишер Навоий номидаги Тошкент Давлат Ўзбек Тили ваАдабиёти Университети ҳузурида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ислоҳ қилиш бўйича ишчи гуруҳнинг хулосалари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди. Ўзбек алифбосини ислоҳ қилишда айнан “Бирлик”нинг таклифлари эътиборга олинган. Ислоҳотдан кейин, “ч”, “ш”, “ғ”, “ў” харфлари ўрнига Туркия туркчасида ишлатилаётган ç, ş, ğ, ö харфлар олинади.
Аслида, яна бир қатор ўзгартиришлар қилиш керак. Масалан, турклар кирилчадаги “ж” харфи ўрнига бир хил жойларда “с” харфини, бошқа жойларда “j” харфини ишлатишади. Балки, бизда ҳам шундай қилиш керакдир. Муҳим бўлгани, турклар билан алифболаримиз бир-бирига иложи борича яқин бўлишини таъминлашдир. Айнан шунақа жойларда ўзбек алифбосини ислоҳ қилиш бўйича ишчи гуруҳ ўзининг чиройли таклифларини киритсин. Ҳамма нарсани раҳмат ҳам айтмасдан “Бирлик”дан олавериш ахир бир кун масхарабозликларни очиб қўяди.