12 May 2019
16:41 - Яна масхарабозлик: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги жоменинг имом-хатиби этиб унинг ўғли Исмоил тайинланибди. Қолоқликка маҳкуммизми?
Ўзбекистон Мусулмонлари Идораси матбуот хизматига асосланиб тарқатилаётган хабарларда айтилишича, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номи берилган жомега кеча, яъни 2019 йил 11 май куни, унинг ўғли Исмоил Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф имом-хатиб этиб тайинланибди. Баҳодир қори Раҳматуллев эса мазкур масжид имом ноиби, яъни ўринбосари бўлибди.

Исмоил Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ва Баҳодир қори Раҳматуллев кенг жамоатчиликка номаълум бўлган шахслар. Кўрамиз, улар қандай каромат кўрсатадилар. Аммо, бир нарса аниқ.

Ҳозир Ислом дунёси Қуръоннинг ўрта асрлардан ҳам аввал қилинган хато тафсиридан келиб чиқувчи хато тушунчалар билан яшамоқда. Айнан шу тушунчаларга кўра, давлатлар исломий бўлиши, улар Халифаликка бирлашиши, мусулмонлар Шариат қонунларига кўра яшашлари шартлигидир. Шариатга кўра эса, эркаклар бир нечта хотинли бўлиш, хотинларидан бир неча кишининг гувоҳлигида 3 марта “талоқ” деб ажралиш ҳаққига эга эканликлари, аёллар бир неча эрлик бўлишини қўйиб туринг, умуман эрдан ўз истаклари билан ажралиш ҳаққига эга эмасликлари, майда ўғриларнинг қўли кесилиши, каттароқ жиноят қилганлар тошбўрон қилиб ўлдирилиши кераклиги ва ҳоказо, ва ҳоказолардир.

Ал-Қоида, Толибон, ИШИД ва бошқа террористик ташкилотларнинг мақсади - айнан шу шартларни ҳаётга жорий қилиш-ку. Улар кофирларни зўрлаб бўлса-да мусулмон қилишни ҳам Ислом динининг талабларига асосланиб қилмоқдалар. Уларга кўра, айнан Муҳаммад пайғамбаримиз Маккада яшовчиларни қилич кучи билан Ислом динига ўтказганлар. Демак, муаммоларни қилич билан ҳал қилиш ҳам суннат-ку!

Ўзбек тилини давлат тили қилдирган, Ўзбекистонни мустақилликка қовуштирган "Бирлик" лидери Абдураҳим Пўлат 2018 йилнинг бошларида Ўзбекистон Мусулмонлар Идорасига, ҳамма уламолар ва мусулмонларга очиқ хат ёзиб, ҳаммани Ислом динини ислоҳот қилиш устида ўйлашга ва ишлашга чақирган эди.

Ўзини Шайх деб атаган Ўзбекистоннинг собиқ муфтийси Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф кўплаб китоблар ёзган бўлса ҳам, биз бу ерда тилга олган муаммолар билан ҳеч қачон жиддий шуғулланмаган.

Шу муносабат билан эслатиш керакки, 2017 йил 10-11 октябрь кунлари Остонада (ҳозирги номи Нур-Султон) бўлиб ўтган Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти ( ИҲТ) саммити қабул қилган Декларациянинг 7-чи моддаси қуйидаги биттагина жумладан иборат: “(Ислом) Жамиятимизни ўта қолоқлик ва қашшоқликдан, ақл-идрокий қашшоқлик ҳам шунинг ичида, чиқариш устида ишлашимиз керак.”

Қолоқлик ва қашшоқликдан, ақл-идрокий қашшоқлик ҳам шунинг ичида, чиқиш учун авваламбор Қуръонни бошқатдан тафсир қилиш керак. Шу нарсани ҳатто Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф тушунмаган эди, энди унинг ўғли Исмоил ва ўринбосари Баҳодир қори тушунадиларми?

Ҳақиқий мусулмонлар юқорида санаб ўтилган муаммолар ва саволлар устида ўйлашлари керак. Акс ҳолда, қолоқлик ва қашшоқликдан ҳеч қачон чиқолмаймиз.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону