10 May 2019
22:46 - Масхарабозлик ва шармандалик: Шавкат Мирзиё Тошкентдаги Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги мажмуа билан танишибди

Бугун 10 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиё Тошкент шаҳар Чилонзор тумани “Сўгалли ота” ва “Гўзал” кўчалари кесишмасида барпо этилган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги мажмуага келиб, бу ерда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишгани Ўзбекистонда ҳукмронлик қилаётган тожиклар режимининг ҳамма қўғирчоқ ахборот воситалари тарафидан ҳеч қандай таҳлилсиз эълон қилинди.

Асосан расмлардан иборат бўлган қисқа хабарларда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1952 йил 15 апрель куни Андижон вилоятида таваллуд топгани, 1989 йилда, жуда қийин ва мураккаб даврда Ўрта Осиё ва Қозоғистон Мусулмонлари Диний Идораси раиси, яъни муфтий бўлгани, айнан шу даврда исломий илмлар, диний қадрият ва анъаналар қайта тиклангани алоҳида урғуланади.

Ҳамма биладики, ўша даврда Михаил Горбачевнинг қайта қуриш сиёсати натижасида СССР бўйлаб демократия шамоллари эсишга бошланган бўлса ҳам, ҳамма нарсани СССРнинг яккаҳокими бўлган Коммунистик Партия ва унинг ифлос қуроли КГБ қиларди. Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни ҳам айнан Компартия ва КГБ муфтий қилиб қўйган.

У қўғирчоқ муфтий қилиб қўйилган кунларда СССРнинг янги параламенти, яъни СССР Халқ Депутатлари Қурултойига сайлов камапанияси бошланди.

Айнан ўшанда эндигина ташкилотланишга бошланган “Бирлик” Халқ Ҳаракатининг лидери Абдураҳим Пўлат ўша пайтда Киров райони деб аталган ҳозирги Юнусобод туманидан депутатликка номзод қилиб кўрсатилди. Дарҳол коммунистлар ўз қўғирчоқлари Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни ҳам айнан ўша сайлов округидан депутатликка номзод қилиб кўрсатдилар. Мақсадлари – Абдураҳим Пўлатни депутатликка ўтказмаслик эди.

Бир нечта кўрсатилган номзоддан биттасини танлаб олиш баҳонасида “Қозоғистон” кинотеатри олдидаги Киров район ижроия комитетининг кичкинагина мажлислар залида сайловолди йиғилиши бўлди. Йиғилишга келганларнинг каттагина қисми соқолли чоллар эди. Табиий, мақсад – уларнинг воситасида ягона номзод қилиб муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни кўрсатиш бўлган.

Аммо, Абдураҳим Пўлат Ислом динининг аянчли аҳволи, бундан чиқиш учун нималар қилиш кераклиги ҳақидаги оташини нутқи билан ўша чолларни ҳам ўз тарафига ўтказиб олди. Овоз бериш бошланганда мажлис қатнашчиларининг мутлақо кўпчилиги Абдураҳим Пўлат учун қўл кўтардилар. Аммо, мажлисни уюштирганлар гўёки бир неча овоз кўп олган Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни ягона номзод деб эълон қилдилар ва у кейинчалик ўтказилган сайловларда ўша сайлов округидан ягона номзод сифатида иштирок этди ва ғалаба қозонди.

Кейинчалик яна бир воқеа юз берди. Ўртага воситчилар қўйган муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф сайловдаги рақиби Абдураҳим Пўлат билан Чилонзор районидаги маҳаллалардан бирида учрашув истади. Абдураҳим Пўлат учрашувни истамаган бўлса ҳам, воситачилар уни рози бўлишга мажбур қилдилар ва учрашув бўлди.

Ўша кунларда оддий мусулмонлар муфтийлик биноси олдида митинглар ўтказиб, Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг истеъфосини талаб қилганлар. Бу митингларни “Бирлик” фаоли, кино-оператор Абдулазиз Маҳмудов видеоларга олаётгани сабабли, муфтий ва унинг одамлари митингларни “Бирлик” уюштирмоқда деб ўйлашган экан. Абдураҳим Пўлат муфтий билан учрашувида бу гаплар хато эканлигини айтиш билан бирга, муфтий олдига шундай талаб қўйди: “Сиз ўз депутатлик бланкангизда ўзбек аскарлари ҳарбий хизматни Ўзбекистонда ўтказишлари кераклиги ҳақидаги талабингизни ёзиб беринг, ўшанда биз Сизни ҳатто қўллаб-қувватлашга тайёр бўламиз”.

Муфтий ўйлаб кўришга ваъда берди ва эртаси кун эрталаб унинг одамлари Абдураҳим Пўлатинг уйига депутатлик бланкида ёзилган Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг талабномасини ташлаб кетдилар. Бу талабнома "Бирлик" нашр қилаётган қўлбола газеталарда эълон қилинган ва ҳалигача кўп одамларнинг қўлида бор.

Мустақилликдан кейин Ислом Карим Ўзбекистонда ҳақиқий диктаторлик ўрнатиб олди, унга қарши бўлган демократлар билан бирга Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳам мамлакатдан қочди. Ўша пайтда собиқ муфтий диктатор Ислом Каримга итдек қарарди.

Яна бир неча йилдан кейин, аниқроғи, 1998 йилнинг бошида Абдураҳим Пўлат оиласи билан АҚШга кўчиб кетди. Унинг мақсади – вақти келиб, айнан АҚШдан Ўзбекистонга қайтиш эди. Аммо, 1999 йили Тошкент ва бошқа шаҳарларда бошланган исломий терактлар туфайли унинг режалари амалга ошмади.

Ўшанда Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ўзбекистон диктатори Ислом Каримдан кечирим сўраб, Ўзбекистонга қайтди ва ўшандан кейин асосан Ислом Каримни мадҳ этиш билан шуғулланди.

Эслатиш керакки, Абдураҳим Пўлат ҳам, Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳам юрт ташқарисида яшаётган пайтларида Ўзбекистонда машҳур Ислом уламоси Абдували Қорига қарши босимлар бошланганди. Кейинчалик, аниқроғи, 1995 йил 29 августда шекилли, КГБчилар ҳамманинг кўзи ўнгида уни Тошкент аэропортида Москвага учишга тайёрланаётган учоқдан ушлаб кетдилар, шу билан у киши йўқ бўлиб кетди. Табиий, уни йўқ қилиб ташлашган. Унинг тақдири билан ҳозир ҳам ҳеч ким очиқча қизиқмайди. 2009 йили ББСнинг ўзбекча радиосида радио тингловчиларнинг саволларига жавоб берган Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфдан Абдували Қори ҳақида фикр сўрашганда, у киши бу масалада ҳамма биладиган нарсаларнигина билишини, ўз фикри йўқлигини айтган.

Бу чегараси йўқ шармандалик-ку! Оламдан ўтиб бўлган гўёки Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни қўйиб туринг, ҳозир нимага Шавкат Мирзиё, Ўзбекистоннинг жорийдаги муфтийси Усмонхон Алимов ва бошқа Ислом уламолари Абдували Қорининг ғойиб бўлиши билан ишлари йўқ? Уларнинг мақсади динимизни ўлимга судрашми?

Хуллас, кейинчалик ўзини Шайх деб аташга бошлаган Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ҳаётида бунақа масхарабозлик ва шармандаликлар жуда кўп бўлган. Аммо, уларни била туриб, уларга кўз юмган Шавкат Мирзиёнинг Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги мажмуага бориши, бу мажмуани ва қабри ҳам ўша ерда бўлган гўёки Шайхни мадҳ этиши ҳам масхарабозлик ва шармандалик эмасми?

Айнан шундай, масхарабозлик ва шармандалик!

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону