2-3 кун аввал ижтимоий тармоқларда тахминан 20 нафар кишининг Ўзбекистонда рус тилига расмий тил мақоми бериш кераклиги ҳақидаги таклифи эълон қилинди. Шундан бери ҳамманинг эс-хуши шу воқеа атрофида, ҳамма шу таклифга қарши чиқиб, уни қоралаш ва Ўзбек тилини мадҳ қилиш овора.
Бу воқеага бир вақтлар, яъни миллат уйқуда бўлган йиллари, ўзбек тилини давлат тили қилдирган, кейин Ўзбекистонни мустақилликка қовуштирган “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси ва унинг жарчиси “Ҳаракат” Агентлиги ҳеч қандай эътибор бергани йўқ ва бермоқчи эмас.
Бунинг сабабли қуйидалардир. Биз ўйладик, агар бу таклифнинг орқасида Ўзбекистонда ҳукмронлик қилаётган тожиклар режими ва унинг раҳбари Шавкат Мирзиё турган бўлса, бу таклиф ўта тезлик билан қонунлаштирилади, бизнинг бақириқ-чақириқ ва дод-фарёдларимизга ҳозир ҳеч ким эътибор ҳам бермайди. Агарда бу таклифнинг орқасида ҳеч ким йўқ бўлса, у ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади.
Ҳозир бу аҳмоқона таклифни қоралаш билан ўша тожиклар режимининг қўғирчоқ оммавий ахборот воситалари ва шу режимнинг маддоҳлари, ҳатто вазирлари шуғулланмоқдалар. Демак, бу аҳмоқона таклифнинг орқасида ҳеч қандай жиддий куч йўқ ва у ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади.
Лекин, ўзбек тили ҳали ҳам тўла давлат тили эмас. Турли қонунлар, турли фармон ва қарорларнинг маълум бир қисми ҳали ҳам фақат рус тилида таёрланмоқда. Давлат тизимларида ҳали ҳам ўзбекчани яхши билмайдиганлар ишлашни давом эттирмоқдалар. Ватан ва миллатнинг келажагини ўйлайдиган инсонлар шу муаммога эътибор беришлари, ўзбек тили тўла давлат тилига айланиши учун ҳаракат қилишлари керак.
Аммо, унутмайликки, 21 аср - глобаллашув асри. Демак, бошқа тилларга, айниқса инглиз ва рус тилларига ҳурмат кўрсатишни ҳам давом эттириш шарт, бошқа йўл йўқ.