30 June 2009
21:23 - Бидъатга йўллайдиган “ибодат”
Zarafshon газетасининг 76-сонида (23 июнь, 2009-йил) тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватовнинг “Бидъатга йўллайдиган “ибодат” номли мақоласи эълон қилинган, деб хабар беради Самарқандлик бирликчиларнинг етакчиси Холиқназар Ғани. Бу мақола мавжуд режимнинг расмий органларидан бирида эълон қилиниши – дарҳол унга салбий муносабат уйғотмаслиги керак. Мақолада бу куннинг долзарб мавзуси тилга олинган ва тўғри қилинган. Ундан олинган баъзи парчалар “Ҳаракат” сайти ўқувчиларида ҳам қизиқиш уйғотса керак. Қуйида ўша парчалар.

* * *

Дин, эътиқод эркинлиги яратилган юртимизда Ислом аҳкомлари, муқаддас китоблар, оятларни бузиб талқин қилаётган сохта тариқатчилар томонидан динимиз шаънига доғ туширувчи хатти-ҳаракатлар содир этилаётгани барчамизни таассуфга солади. Ўзларини “пир”, “эшон” атаб, мўмин-мусилмонларга “раҳбарлик, раҳнамолик қилиш” даъвоси билан чиқаётган бундай кимсаларнинг асл мақсади замодошларимизни ҳидоят йўлига бошлаш эмас, аксинча, имонга, Исломга дарз етказувчи “сабоқ”лари билан кишилар ўртасига нифоқ солиш, азалий инсоний қоида-меъёрларга тажовуз қилиш, ихтилофлар чиқаришдан иборат.

Фарғона вилоятида “Иброҳим эшон”, Самарқанд вилоятида “Исоқжон эшон”, Андижон вилоятида “Зуҳриддин эшон” ва “Одилжон эшон” номлари билан юртдошларимизнинг онгини заҳарлашга уринаётган кимсалар шулар жумласидан. Уларнинг фикрича, ҳар бир мусулмон кишининг “пири” бўлиши жоиз эмиш. Пир эса маънавий раҳнамо бўлиб, унинг ҳар бир сўзи “мурид” учун вожибдир. Ҳатто, бундай “тариқат пешволари” томонидан “Пири йўқнинг – дини йўқ” деган сохта гаплар тарқатилмоқдаки, бу уларнинг ғаразли ниятлари йўлида ҳар қандай чиркин хатти-ҳаракатдан тоймаслигини тасдиқлайди.

Уларнинг муридларига нисбатан даъволаридан бири “Пирга қўл бермаганнинг намозлари қабул эмас” қабилидадир. Ёхуд пирга қўл бериб, тавба қилган киши зиммасидаги қазо намозларидан ҳам соқит бўлар эмиш. Хўш, бу ақидалардан қай бири динимизга тўғри келади? Зотан, намоз – Аллоҳ таоло томонидан бандаларига буюрилган улуғ вазифа. Бу вазифа эса бошқа бир банданинг воситачилигида кечиб юборилмайди.

Қуръони каримда, Ҳадиси шарифларда Аллоҳдан чин дилдан сўралган дуолар ижобат бўлиши, бандалар Аллоҳга дуо қилиб, эҳтиёжларини сўраши мумкинлиги таъкидланган. Аммо сохта пирлар фикрича, оддий одамлар ноласи Аллоҳ таолога етиб бормасмиш, ўртада воситачи керак экан. Юқорида келтирганимиз мисоллар ҳам шундай даъволар асосига қурилган.

Сохта эшонларнинг яна бир даъвосини эшитиб, Ислом динидан бир оз бўлса-да, хабардор инсоннинг ёқа ушлаши табиий. Айрим имони суст, Исломдан бехабар кимсалар томонидан пир таҳорат олган сувнинг муқаддас саналиши, ҳатто ўша сувнинг истеъмол қилиниши ҳолларини эшитиб, “Астағфируллоҳ!” дейишимиз, шубҳасиз. Хўш, бу ўринда юқоридаги каби ҳолатларга йўл қўйиб бераётган “пир”лик даъвосидаги кишиларни қандай атамоқ керак?!

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону