Ўтган йилги Россия-Гуржистон урушидан кейин Гуржистон президенти Михаил Саакашвили ўз мамлакати МДҲдан чиқажагини эълон қилди. Ҳар қандай ташкилотга кириш шартлари ва муддатлари бўлгани каби, чиқишнинг ҳам ўз шарт ва муддатлари бор. Шу кунларда Гуржистон парламенти МДҲдан чиқиш учун керакли бўлган ҳамма ҳуқуқий процедураларни тамомлади ва бу ташкилот идораларига ўз қарорини етказди. Шуларни ҳисобга олинса ва МДҲнинг уставидан келиб чиқилса, Гуржистоннинг МДҲдан расмий чиқиш куни шу йилнинг 18 августи бўлар экан.
Гуржистон, анчагина аввал МДҲда аъзолигини тўхтатган, ҳатто феълан ундан чиққан деса бўладиган Туркманистондан кейин, бу ташкилотни тарк этган иккинчи мамлакат бўлади.