Уч кун аввал АҚШ-Қирғизистон ўртасида Бишкекдаги Манас аэропартида АҚШнинг Транзит юкларни ташиш маркази тузилгани ҳақидаги шартнома бугун Юқори Кенгашда тасдиқланди, деб эълон қилган давлатнинг расмий Кабар агентлиги жуда қисқа бўлгани диққатга сазовордир. Хабарда 75 киши бу шартномани ёқлаб овоз бергани, 5 киши тарафсиз қолгани, тарафсизлар коммунистлар эканлиги эслатилади, холос.
Мустақил АКИпресс агентлигининг хабаридан маълум бўлишича, АҚШ ва Қирғизистон ҳукуматлари ўртасида 22 июнда имзоланган шартномани парламентга Ташқи ишлар вазири Қодирбек Сарбоев тақдим этган. У президент Барак Обаманинг Қирғизистон президенти Бақиевга йўллаган мактубини ҳам эслатган ва АҚШ Манас аэропортидан фойдаланаётгани учун тўлов 17,4 миллион доллардан 60 миллионга чиқарилганини айтган. Хуллас, қирғизлар бу шартномага Обаманинг хати ва тўлов пулининг кескин оширилиши таъсирида рози бўлишган.
Унинг айтган бошқа гапларидан маълум бўладики, АҚШнинг бу Марказда ишлайдиган одамларининг ҳуқуқлари аввалгисига қараганда анча чекланган бўлади. Масалан, Марказдан ташқарига чиқадиганларнинг рўйхати аввал қирғиз расмийларига берилади, Марказда доим қирғиз махсус органларининг ходими бўлади.
АҚШ тарафи аэропорт ҳудудида бир қанча қўшимча бинолар қуради, хавфсизлик ва экология муаммоларини ҳал этиш учун катта миқдорда пул ажратади.
Сарбоев бу хусусда Россиянинг ва ҳатто ШҲТ мамлакатларининг розилиги олинганига имо қилган.