Кеча Нурсултон Назарбой "Қозоғистон янги глобал реалликда: юксалиш, ислоҳотлар ва ривожланиш" номли миллатга Мурожаатини эълон қилди. Мурожаатда кўп нарсалар бор, аммо, ўзбекларни, хусусан, Ислом Каримни хурсанд қиладиган бир нарсани билишимиз керак.
Нурсултон Назарбой ўз мамлакатининг иқтисоди 10 йил ичида 5 фоиздан ортиши кераклигини айтган. Ана шуни эшитиб дўппимизни осмонга отишни бошласак бўлаверади. Чунки, бизда иқтисоднинг юксалиши ҳар йил 8 фоиз деб эълон қилинади.
Маълумки, ҳозир иқтисоднинг кучи билан қозоқлардан тахмина 4 марта (300%), демак, киши бошига 8 марта (700%) орқадамиз. Энди бизда 8 фоизлик ортиш давом этаверса, қозоқларда ортиш бор йўғи 5 фоиз бўлса, ҳар йили орамиздаги фарқ 3 фоизга камаяверади. Қозоқларга яқинлашиш арифметик эмас, геометрик прогрессия бўйича бўлишини ҳисобга олсак, тахминан 50 йилдан кейин қозоларга етиб оламиз.
Албатта, Нурсултон Назарбой айтгандек, глобал реалликларни ҳисобга олиш ҳам керак. Бизнинг фойдамизга бўлмайдиган реаллик шундан иборатик, бир сўми бор гадой яна бир сўм топиб, бойлиги 100 фоизга ошгани билан мақтаниши мумкин, аммо унинг бойлиги ортагани сари ортиш фоизи камайиб бораверади. Бизда ҳам шундай бўлади ва 8 фоизлик ортиш, агар у ростдан ҳам бўлса, узоқ давом этолмайди. Демак, бу кетишда Қозоғистонга ҳеч қачон етиб ололмаймиз.
Аслида, фақат Қозоғистонни ўйламасик, иқтисоднинг кучи билан дунёнинг ривожланган давлатлари даражасига етиб олишни ўйлашимиз керак. Бунинг учун 8 фоизлик ортиш ҳам етмайди, ҳаётимизда инқилобий ўзгаришлар қилиш шарт. Бироқ буни қилишни қўйиб туринг, қилиш кераклигини ўзбекларга яқин орада тушунтириб бўлармикан?