Кеча Душанбеда бошланган "Рақамлаштириш - оммавий ахборот воситаларини эркинлаштириш қуролидир" номли Марказий Осиё конференциясида нутқ сўзлаган Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг(ЕХҲТ) оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги бўйича вакили Дуня Миятович масхарабозлик деса бўладиган қуйидаги гапларни гапирибди: "Ривожланаётган давлатларда одамлар хавфсизлик масаласининг қуллари бўлиб қолмоқдалар. Ҳамма нарса хавфсизлик баҳонасида қилинмоқда. Аммо, биз эркин одамлар сифатида яшашни давом эттиришимиз мумкин. Агар биз истаган нарсамизни айтолмасак, журналистлар ўз вазифаларини виждонан бажармасалар, жамиятда кислород қолмайди, биз нафас ололмаймиз".
Қаранг, Марказий Осиё мамлакатлари ҳам аъзо бўлган ЕХҲТнинг оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги бўйича вакили Дуня Миятович бу бешта мамлакатда сўз эркинлиги, ошкоралик йўқлигининг сабаби - бу мамлакатларда ҳукмронлик қилаётган диктаторлар эканлигини билади, шундай экан, у кимни сўз эркинлиги яратишга чақирмоқда? Диктаторларними? Бу масхарабозлик бўлмаса, масхарабозлик нима ўзи?
ЕХҲТ ўзига аъзо бўлган мамлакатларга кучи етмаса, бу қанақа ташкилот ўзи, масхарабозлик ташкилоти эмасми? ЕХҲТдагиларнинг калласи ишласа, шу конференцияга сарф этилаётган маблағни ҳукуматдан мустақил бўлган ахборот воситаларига сарфлаши керак эди. Ҳукуматларнинг қўғирчооғи бўлган оммавий ахборот воситиларининг журналистлари сўз эркинлиги, ошкоралик деган нарсларни биладиларми?
Агар билсалар эди, агар уларнинг юрагида ўт бўлса эди, мавжуд режимларнинг босимларига қарамасдан ошкоралик яратиш учун озгина бўлса ҳам ҳаракатлар қилишган бўларди. Улар нафақат мавжуд режимнинг қуллари, аслида, мавжуд режимнинг ҳамкорлари. Улар ўз вазифаларини бажармасдан ўз мамлакатларининг аҳолисига нисбатан билиб туриб жиноят қилишмоқда.
Дуня Миятович ҳам шу нарсаларни билмаслиги мумкин эмас, билиб туриб жиноятчиларга насиҳат ўқиш билан шуғулланиш ҳам масхарабозликдир. Жиноят қилаётганларини билиб туриб жиноят қилаётган журналистлар эса, жазоланиши керак. Вақти келади, жазоланадилар ҳам.
Ҳа, дарвоқе, тожикларнинг Asia-Plus агентлиги хабар қилдишича, конференцияда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондан 70 дан кўпроқ журналист, ҳокимият ва фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этишмоқда эмиш. Фуқаролик жамияти маскаси остида Душанбега олиб келинганлар ҳам ҳукуматларнинг қўғирчоқлари бўлса керак.
Расмда чапда ўтирган аёл, исмига қараганда сербиялик, Дуня Миятович.