19 November 2015
19:11 - Шок терапия усулли савол: АҚШда қачон мусулмонларга учта хотинлик бўлишга рухсат берилади?

Бундай савол АҚШдаги "Ислом ва Турк Тадқиқиотлари Институти" тарафидан кеча кечқурун ўтказилган "5-чи йиллик Турли динлар руҳонийларининг кечки овқатланиши" номли тадбир пайтида ўртага чиқди.

Авваламбор билдириш керакки, Фатхулла Гуленнинг тарафдорлари тарафидан АҚШда 2007 йили яратилган "Ислом ва Турк Тадқиқиотлари Институти" (Institute of Islamic and Turkish Studies) ўқув юрти эмас, балки, бу мамлактда ислом дини ва туркларни танитиш, бошқа динларнинг руҳонийлари билан алоқалар ўрнатиш, динлараро дўстлик яратиш каби масалалар билан шуғулланадиган мустақил ташкилотдир. Бу ташкилот Фатхулла Гулен тарафдорлари тарафидан тузилган "Румий Форум" (Rumi Forum ) ва "Америка-Туркия Дўстлик Ассосиацияси" (Amerikan-Turkish Friendship Association) ташкилотлари билан биргаликда иш олиб боради. "Румий Форум"нинг қароргоҳи Вашингтон шаҳрида, "Ислом ва Турк Тадқиқиотлари Институти" билан "Америка-Туркия Дўстлик Ассосиацияси"нинг қароргоҳлари Вашингтоннинг шундай биқинида бўлган Фейрфакс туманида жойлашган.

Хуллас, "Ислом ва Турк Тадқиқиотлари Институти" кеча "Америка-Туркия Дўстлик Ассосиацияси" офисида юқорида номи тилга олинган "кечқи овқат" табдирини ўтказди. Унга ислом, насроний ва яҳудийлар динларининг руҳонийлари билан бир қаторда, динлараро муносабатлар билан шуғулланадиган ташкилотларнинг вакиллари, журналистлар ва ҳатто сиёсатчилар таклиф қилинганди.

Тадбир қатнашчилари ичида тилга олишга арзийдиган икки киши борлигини айтиш керак. Булар - "Бирлик" Партияси лидери Абдураҳим Пўлат ва Вашингтон Пост газетасининг динлараро масалалар билан шуғулланадиган журналисти Мишел Бурстейн эди. Чунки, айнан Абдураҳим Пўлат овқатланиш пайтида тахминан ярим соатлик доклад қилган Мишел Бурстейнга хабар сарлавҳасидаги саволни берди, у аёл ўта усталик билан тўғридан-тўғри жавоб беришдан қочди.

Мишел Бурстейн ўз докладида ва ундан кейин жуда қисқа чиқишлар қилган 3 диннинг руҳонийлари динлараро муносабатлар дўстона эканлиги ҳақида гапирдилар, Париждаги воқеаларни тилга ҳам олмадилар. Балки, тўғри қилдилар, акс ҳолда, динлараро муносабатларнинг дўстона эканлиги ҳақида гапириш кулгили бўлиб қолишидан ташқари, кечки овқатнинг ҳам мазаси қочган бўларди.

Ўзининг доклади ва уч руҳонийнинг чиқишидан кейин, Мишел Бурстейн саволларга жавоб берди. Саволлар ҳам, жавоблар ҳам, умумий шаклда бўлгани сабабли, уларни тилга олишга ҳам ҳожат йўқ. Савол-жавоб битаётган пайтда орага кирган Абдураҳим Пўлат иккита саволи борлигини, улардан биринчисига "йўқ" ёки "ҳа" шаклида жавоб олишни истаётганини билдирди.

Унинг биринчи саволи қисқа бўлди: "АҚШда дин эркинлиги борми?" Жавоб ҳам қисақа эди - "Ҳа".

Шундан сўнг, иккинчи савол келди: "Маълумки, Ислом динига кўра, эркак мусулмонлар 3 тагача хотин олишлари мумкин. АҚШда дин эркинлиги бўлса, 3 хотинликка рухсат берилиши керак. Қачон шундай бўлади?"

Тахминан 70 киши овқатланаётган залга қандай сукунат тушганини гапириб ўтириш ҳам ортиқча. Аммо, Мишел Бурстейн журналистлардан ҳам кўпроқ сиёсатчиларга хос равишда гапириб, бу саволга очиқ жавоб беришдан қочганини айтиш лозим. Абдураҳим Пўлат бошқача жавоб кутмаган ҳам эди.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону