28 June 2015
00:23 - Ўзбекистоннинг янги Бош прокурорига ҳуқуқ ҳимоячиси Исроил Ризаевнинг мурожаати

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамиятининг Марказий Бошқарув аъзоси, жамиятнинг Сирдарё бўлими раиси Исроил Ризаев шу йилнинг 22 апрель куни мамлакатимизнинг Бош прокурори этиб тайинланган Ихтиёр Абдуллаевга шу кунларда Мурожаатнома йўллаб, Сирдарёда айнан ҳуқуқ тартибот органлари ҳуқуқни қандай бузаётганларини аниқ фактлар билан кўрсатиб, адолатни тиклаш йўлида Бош прокурордан ёрдам сўради. Шу Мурожаатнома билан қуйида танишингиз мумкин.

Эслатиб ўтиш керакки, Ихтиёр Абдуллаев бундан аввал Президентнинг Давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаган. Дунёнинг 10 та энг ёмон диктаторлари рўйхатига киритилган Ислом Каримнинг маслаҳатчисидан ҳуқуқни ҳимоя қилишда ёрдам сўраш мантиқсизликдек кўринади. Аммо, демократлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари ҳамма масалаларни тинч ва ҳуқуқий йўллар билан ҳал этиш тарафдорларидир. Шу нуқтаи назардан Исроил Ризаевнинг бундай мактуб ёзиши ғоят табиийдир.


Ўзбекистон Бош прокурори И.Б.Абдуллаевга

М У Р О Ж А А Т Н О М А
(Назорат тартибида )

Ўзбекистон ҳуқуқий демократик давлат…


Муҳтарам Ихтиёр Бахтиёрович, аввало Сизни ўта маъсулиятли лавозимга тайинланганлигингиз муносабати билан ЎИҲ «Эзгулик» жамияти фаоллари беғараз ҳамда холисона қутлайдилар.

Мазкур мурожаатни ёзишга ундаган омил – эшитишимизча, Сизнинг ҳафтани тегишли кунларида фуқароларни шахсан қабул қилишни бошлаганлигингиздир.

ЎИҲ «Эзгулик» жамиятининг Сирдарё вилояти бўлими 9 йилдан буён 15 маротаба мурожаат этилса-да, бироқ Адлия Бошқармаси томонидан қайтадан давлат руйхатига олинмай келинаётганлиги, алоҳида масаладир…

Яқин вақтларда Сизга Сирдарё вилоятида содир этилиб, бироқ очилмай қолган қотиллик, босқинчилик, талон-тарожлик, коррупция, сохта айбловлар ва бошқа жиноятлар, уларни ғараз ва ўзаро манфаатдорлик мақсади эҳтимоллари ортидан лозим даражада ўз ваколатлари доирасида қонуний кўриб чиқмаган Қонунийлик ва Суд-Ҳуқуқ тизими айрим идоралари ҳамда мутасаддиларининг амалдаги процессуал қонунчиликга хилоф тарздаги хатти-ҳаракатлари фактлари юзасидан ҳисобот тақдим этиш арафасидамиз.

Дастлаб, Сизнинг эътиборингизга Сирдарё вилоятида содир этилган уйдирма «Пора олиш» жиноят иши ва босқинчилик қилмишининг шубҳали тарзда ўзгартирилиши ҳолатлари, (Ўзбекистон Республикаси Олий Суди ҳамда ЖИБ Сирдарё вилояти судларида куриб чиқилаётган…) мазкур қонунбузилиш аломатлари устидан Сирдарё вилоят Прокуратурасига мурожаат этилгач, протест келтириш рад этилганлиги, бироқ кечиктириб бўлмас янги ҳолатларнинг жамиятимиз томонидан ўрганилиб, адвокатлар ва соха мутахассислари фикрлари асосида олиб борилаётган мониторинг хулосалари ҳақида Сизни хабардор этмоқчимиз.

Мурожаатномамизга қўшимча илова этилаётган айрим хужжатларда тафсилотлар етарли ёритилганлиги муносабати билан фикримизни қисқа шаклда баён этамиз:

1. Ташкилотимизга мурожаат этган Сирдарё вилоят, Мирзаобод туман , Дехқонобод хўжалигида яшовчи фуқаро Г.Йулдошев ўз фарзанди Ғайрат Ғуломович Йўлдошевнинг Олийгоҳни контракт асосида битириб, Гулистон шаҳар Солиқ идорасида иш бошлаганлигига эндигина 3- ой бўлса-да стажёр бўлишига қарамай, ДСИ идораси бошлиғи (Зокиров) нинг буйруғи асосида Гулистон шаҳри Навоий шох кўчасида жойлашган савдо дўконини текшириш асносида мазкур юридик субъектнинг давлатдан кўп миқдорда-миллионлаб қарздорлиги аниқлангач, ёш солиқчи қонун доирасида савдо шаҳобчасини муҳрлаган. Шу заҳоти 3 нафар МХХнинг Сирдарё вилояти Бошқармасида маъсул лавозимда ишловчи мулозимлар етиб келишиб, Ғайрат Йўлдошевдан дўконни очишни талаб этишган, у талабни рад этгач, улар ДСИ раҳбариятига қўнғироқ қилишгач раҳбарият ёш назоратчига телефон орқали дўконни 3-4 кунга очиб туришни буюрган. МХХ ходимлари кетиш олдидан Г.Йўлдошевга қарата : «ҳали ишлаганингни кўраман деб» таҳдид қилган…

Шу вақтдан бошлаб ёш кадр, стажёр Ғайрат Йўлдошевга(тел. - 998943522614) раҳбарият тарафидан босим ва тазйиқлар бошланиб кетган, у «Билдирги» ёзган, ишдан кетиш тўғрисида ариза ёзган, ҳудудий хизмат участкаси ўзгартирилган ( нусхалари иловада), ниҳоят орадан икки ҳафта ўтмай, шубҳали тарзда «Пора олиш» сценарийси буйича ҳибсга олиниб Судга тортилган…

(Суд жараёнлари олти марта қолдирилди, процессуал қонунчиликка зид равишда Г Юлдашевга 5 йил озодликдан махрум қилиш жазоси тайинланди, ҳозир мазкур жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Олий Судида кўриб чиқилиш арафасида)

2. Ташкилотимизга мурожаат этган Сирдарё вилояти Ховос тумани «Каҳрамон КФЙ Ойбек кўчаси 55/1 хонадонда истиқомат қилувчи Абдуллаевлар оиласи такроран мурожаатлар этиб, 2014 йил 6 апрел куни кундузи уларнинг қонуний савдо дўконига, шу куни тунги соат 23-30ларда эса уларнинг тинчини бузиб, турар-жойларига бостириб кириб, уларни ҳақоратлаб уриб-дуппослаб тан жароҳатлари етказишган (ТТЁга мурожат этган, Судга оид тиббий экспертиза хулосалари мавжуд), муқаддам 3 марта оғир жиноятлар содир этиб (Қотиллик, безорилик…) судланиб, муддат ўтаб чиққан рецидив шахс А. Боймирзаев бошлиқ бир гуруҳ кимсаларнинг жиноий қилмишлари Сирдарё вилоятидаги Қонунийлик, Ҳуқуқ-тартибот ҳамда Суд органлари томонидан етарли малакаланмай, аксинча, Абдуллаевларнинг (998941669452) ўзларига нисбатан ҳатто жиноий жавобгарлик белгиланиб, катта миқдордаги жирималарга тортилиб, Конституцион фундаментал ҳуқуқлари қўпол тарзда бузилиши оқибатида ( бу иш буйича ҳам ноқонуний суруштирув, тергов, дастлабки суд жараёнларидаги қонунбузилиш фактларига Сирдарё вилояти Прокурагураси протест келтиришни рад этди, илова этилади ) Абдуллаевлар оиласи бу иш адолатли, конуний ечим топмагунича, ҳатто Республика Президенти қабулига езилиб ўз ҳақликларини исботлашга аҳд этишган.

Муқтарам Ихтиёр Бахтиёрович, Сизга қисқача баен этилган бу иккала содир этилган ва этилаётган воқеалар кенг жамоатчиликка маълум, ҳамда улар бу ишлар бўйича ниҳоят Қонун, Адолат, Хақиқат тантана қилишини кутмокдалар. Шу сабабли, иккала ҳолат юзасидан шахсан ўзингиз ваколатингиз доирасида шахсий назорат ўрнатишингиз ҳамда тегишли қуйи органлардан ва Ўзбекистон Республикаси Олий Судида кўрилаётган (Ғ.Йўлдошев иши ) жиноят ишлари материаллари билан тўлиқ танишиб чиқишингизни, агар лозим топсангиз жабрланган оила аъзоларини, адвокатини, ёҳуд бу ишларни мониторингини олиб бораётган ЎИҲ «Эзгулик» жамияти вакилларини ўзингизга маъқул бир вақтда қабул қилишингизни илтимос қилар эдик.


Ҳурмат билан

Исроил Ризаев
ЎИҲ “Эзгулик” жамияти
Марказий Бошқарув аъзоси

Расмда – бир гуруҳ “Бирлик” Партияси фаоллари ва ҳуқуқ ҳимоячилари 2012 йил 12 ноябрда Европа Иттифоқининг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Ондре Шижак билан (ўнгдан иккинчи) учрашдилар. Чапдан учинчи - Исроил Ризаев.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону