
Бугун Украинанинг парламенти Олий Рада Арсений Яценюкни Бош вазир этиб тайинлади. У бир маҳаллар ўша пайтдаги Президент Виктор Юшченконинг энг яқин одамларидан бири эди. Юшченко билан Бош вазир Юлия Тимошенко ўртасида жанжал чиққанда, айнан Юшченконинг ташаббуси билан Арсений Яценюк Олий Радага раис этиб сайланди. Кейин Юшченко ва Тимошенко қисқа вақтга ярашишди, Юшченко бошқа гуруҳлар билан келишиш мақсадида, паламент раислигига бошқа одамни келдирди, Яценюк спикерликдан кетказилди. У бундан дарғазаб бўлди ва Юшенко билан алоқалари ёмонлашди ва айни замонда Тимошеко билан яқинлашди. Уч йил аввал Тимошенко қамалагандан кейин, Арсений Яценюк феълан унинг ўрнини эгаллади, Баткившчина партиясининг раиси, бу партиянинг парламентдаги фракцияси раҳбари бўлди.
Мана, ниҳоят у Бош вазир лавозимига ҳам етишди. Аммо, у бугуноқ 25 майда бўладиган президентлик сайловларида иштирок этмаслигини гапирди. Тахмин қилиш қийин эмаски, президентликка Юлия Тимошенко курашади. Агар сайланса, мамлакатда бутун ҳокимият феълан Тимошенконинг қўлига ўтади.
Аммо, ҳозир Украинада ҳам дунёда ҳам, ҳамманинг кўзи Қримда. Аввалги хабарларимиздан бирида “Украинанинг тақдир Қримда ҳал бўлади” деган эди. Шундай бўлмоқда ҳам.
Қрим аҳолисининг кўпчилигини ташвил этувчи руслар кеча Симферополдаги (Оқмачит) Қрим автономиясининг парламенти олдида катта митинг ўтказдилар ва Қримни Россия таркибига ўтказиш талабини олға сурдилар. Бунинг том аксини талаб қилган қримтатарлари билан руслар ўрасида катта жанжал чиқди, анча-мунча одам ярадаор бўлиб, касалхонага ётқизилгани, ҳатто 2 киши ўлгани ҳам айтилмоқда.
Кечаси номаълум қуролли кишилар, кўринишидан, аввалдан тайёрларган рус жангарилари, Қирим парламенти ва ҳукумати биносини босиб олиб, у ерларда Россия байроғини кўтардилар.
Қрим парламентининг президиуми “Қрим автономиясининг ваколатларини кўчайтирш” масаласида референдум ўтказиш ниятида. Аммо, бу ҳақда қарорни Қрим Радаси олиши керак. Рада йиғилаолмаяпти, кворум йўқ. Афтидан, украин ва қримтатар депутатлар Рада мажлисини бойкот қилмоқдалар.
Ҳеч шубҳа йўқки, агар мажлис йиғилса, Қримни мустақил деб эълон қилиш масаласи бўйича референдум чақирилади. Москва бундай ташаббусни тўла қўллаб-қувватлаши аввалдан маълум. Қрим мустақиллигини эълон қилса, кейинги қадам Россияга қўшилиш бўлади. Севастополда Россиянинг Қораденгиз флоти жойлашганини ҳисобга олсак, Қрим катта хавф остида қолганини тушунамиз.
Украинада, хусусан, Қримда жараёнлар қандай кетишини ҳозир тахмин қилиш қийин. Россия бундай жанжалга аралашиши учун Владимир Путинда катта жасорат бўлиши керак. Бунинг устига, Украина кичкинагина Гуржистон эмас, демак, руслар осонликча Қримни қўлга ололмайдилар.