17 January 2014
21:13 -
“Бирлик”чи Исроил Ризаевга нисбатан чиқарилган қарор ўз кучида қолдирилди

Судда кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш материалларига кўра, Исроил Ризаев шу йилнинг ноябрь ойида бир гуруҳ милиция ходимлари ва Сирдарё вилояти суд ижро Департаменти вакилларига суд ижроси даврида пичоқ билан ҳамла қилган, уларни ҳақоратлаб, хизмат вазифасини бажаришига қаршилик кўрсатган.
Аммо воқеага шоҳид қўни-қўшнилар ва холисларга кўра, Исроил Ризаев бундай ғайриқонуний хатти-ҳаракатларни содир этмаган. Аксинча, у тажрибали педагог ва халқ маорофи аълочиси сифатида суд ижрочиларини инсофга чақирган, уларни қонунга риоя қилишга чақирган.
Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани Баҳор маҳалла фуқаролар йиғини вакили эса, суд ижрочилари ижро даврида зўрлик ишлатиб, ҳуқуқ ҳимоячисининг ўғли Беҳзодга тан жароҳати етказишгани, рафиқасини ҳақорат қилишганини таъкидлайди.
Шунингдек, суд ижрочилари ижро даврида ҳуқуқ фаоли хонадонининг қўлга илашган рўзғор ашёлари, сўрисини бузиб олиб кетишган.
Эслатиб ўтамиз, Исроил Ризаев ўткан йилнинг 22 апрель куни сиртдан (!) Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 239-моддасида (Нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятни амалга ошириш тартибини бузиши) назарда тутилган қонунбузарликни содир этганликда айбланиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 70 баравари (5 571 300 сўм, яъни тахминан 2800 АҚШ доллари) миқдорида жарима билан жазоланган.
Юқорида тилга олинган суд қарори ана шу суд актининг ижроси давридаги воқеаларга қаратилган.
Архивимиздаги расмда бир гуруҳ "Бирлик" ва Эрк" партиялари фаоллари билан 2010 йилнинг июнь ойида Европа Иттифоқи расмийлари билан учрашиш учун Брюсселга борган Исроил Ризани (ўнгдан иккинчи) кўришингиз мумкин.