Кеча, 8 январь куни соат 20 да пойтахт марказидаги Абдулла Қодирий истироҳат боғига ўтувчи ер ости йўлида “Бирлик” Партиясининг Бош котиби, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноятованинг 16 яшар ўғли Жавоҳир Иноятовга уч нафар номаълум шахс ҳужум уюштирди. Бу ҳақда жамиятнинг бугун тарқатилган релизида айтилади.
Маълум бўлишича, ҳужум оқибатида Жавоҳир Иноятов жиддий жароҳат олган ва ҳозирда Республика Шошилинч Тез Тиббий Ёрдам Марказида (РШТТЁМ) даволанмоқда. Васила Иноятованинг айтишича, Жавоҳирнинг аҳволи қониқарли. Шифокорлар хулосасига кўра, пичоқ билан қуролланган шахслар ҳужумидан ҳимояланган Жавоҳирнинг чап оёқ сон қисмига ўткир тиғли нарса билан чуқур жароҳат етказилган.
Номаълум шахслар томонидан уюштирилган ҳужумдан мақсад тушунарсиз, аммо Жавоҳиринг ўзи безориларнинг телефон аппаратини тортиб олишмоқчи бўлганини айтибди.
Таниқли ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, Шайхонтоҳур ва Олмазор тумани ИИБ ходимлари ҳуқуқбузарларни қидириш ўрнига ишни тааллуқлилик бўйича кўриб чиқишни ўзаро сансалорлик қилишмоқда. Ҳатто милиция безориларни қидиришга ҳам киришгани йўқ. Аксинча, ҳали шифохонада руҳан тушкун аҳволдаги, ўзига келиб улгурмаган Жавоҳирни зўрлик билан сўроққа тутишмоқда.
“Ўғлим Жавоҳирга нисбатан содир этилган ҳужум ортида милиция турибди. Улар мендан таниқли ҳофиза Дилнура Қодиржонованинг сирли ўлимига миршаббоши Матлубовларнинг алоқаси борлигини гапирганим, опа-сингил Соатова сингари кўпчилик юртдошларимизга аёвсиз қийноқлар қўллангани ҳақида ёзганим ва офисимизда содир этилган ўғирликларнинг тагига етмоқчи бўлганим учун ўч олишмоқда. Назаримда, Жавоҳирга ҳужум қилган безорилар ҳам топилмайдигандек. Ахир, милиция уларни жиддий қидираётгани ҳам йўқ” дейди Васила Иноятова.
Аммо, дейди мухбиримиз, Васила Инятованинг қандай танқили ва фидокор мухолифатчи эканлигини ҳисобга олиб, унинг ўғлига ҳужум уюштирганлар ҳақида яна ҳам жиддийроқ тахмин қилишга асос бор. Телефон аппарати шунчаки баҳона. Нима бўлганда ҳам, давлатнинг тегишли органлари бу иш билан шиддий шуғулланишлари ва воқеага очиқлик келтиришлари шарт.
“Эзгулик” жамияти мазкур ҳодиса ортидан тарқатган баёнотида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳамда Бош прокуратурасини ҳодиса юзасидан изоҳ беришга ундаган.
Жамият релизининг тўлиқ вариантини унинг веб сайтидан ўқишингиз мумкин — www.ezgulik.org
Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону
Абдураҳим Пўлат
"Бирлик" халқ ҳаракатининг асосчиларидан, унинг Ташаббус Гуруҳининг, кейин Ҳаракатнинг раиси, Ҳаракат партияга...
Добавить сведения