14 November 2013
01:46 - Нуроний: Бизда ҳаммаси тескари... (1-қисм)
Ўзбекистонда йигирма йил ичида оламшумул ижобий ўзгаришлар бўлаётганлиги, Мустамлака даврларида йўқотилган ўзлигимиз, миллий ғуруримиз, урф одатларимиз, моддий ва маънавий бойликларимиз ҳақиқатдан хам босқичма босқич тикланиб келаётганлиги қанчалик тўғри?

Мен ахборот воситаларни эшитиб ва ўқиб, Ўзбекистон ҳаётида ҳамма ишлар, жумладан: нарх наво, сиёсат, маълумот олиш, нафақага чиқиш ва суд тизими, автомобил бошқариш қўйингки кўп ишларимиз бошқа давлатларга нисбатан бизда тескари, нотўғри ва адолатсизлигини билдим. Шунинг учун ҳақиқатни ёритувчи саҳифага ёзиб кўнглимдаги ва миллионлаб ўзбек халқини қийнаб келаётган бу тескари режим сиёсатни ва раҳбарларни олиб бораётган фаолиятларини билганча ёзмоқдаман.

Бизда ҳамма ҳаёт тарзимиз тескариликка бир неча мисоллар келтираман. Туғруқ хоналарда хар бир туғадиган аёл ўзи билан кўрпа, тўшак, болиш, чойшаб, идиш товоқларни яна қандай керакли нарсалар бўлса ўзи билан олиб бориши керак. Ундан ташқари дори дармон ва муолажа учун ишлатиладиган барча ашёларни хам ўзи олиши керак. Яна шифокорларга пора бермасангиз ё чақалоқдан айриласиз ёки онасидан айриласиз. Чет эл шифохоналарида бундай порахўрликни ҳеч эшитмаганман.

Байрамларда айниқса янги йил арафасида ўзга давлатларда нарх наволар кескин туширилади, Ўзбекистонда эса нарх наволар кескин кўтарилади. Бу тескарилик эмасми?

Доимо деҳқонларни деҳқончиликдан хабари бўлмаган шахслар текшириб келган. Колхоз даврида текширувчи вакил (полнамочи) лар маълум бир ҳудудларга беркитилган бўлар эди. Бир вакил чигит экилган ерни кавлаб энди ниш уриб чиқаётган чигитни олиб,чигит тескари экилибди деб бечора бригадирни тикка қилиб роса сўккан, содда итоатгўй бригадир ҳайрон шляпа кийган галстук таққан текширувчига гап қайтара олмай сукут сақлаб турган ва бошқа кўриниши камтарроқ бўлган бир ходим текширувчига, сеялкадан чигит чалама­чакки бўлиб тушаверади, ниҳол фақат юқорига қараб ўсади агар чигит тескари тушса хам ниҳол айланиб юқорига қараб ўсаверади, деб тушунтирди, бўлмаса бечора бригадирни ишдан олиб юборармид­и у деҳқончиликдан хабари йўқ вакиллар.

Мустақилликдан кейин хам қишлоқ хўжалигининг назорат қилишни советча анъанаси давом этиб, келяпти. Бир прокурор ҳокимиятдан вакил бўлиб бир деҳқон фермерни текширгани бориб, фермердан, калькуляторинг қани? -деб сўраган, фермер ҳайрон, бизда калькулятор йўқ,- дейди. Шунда вакил аччиқланиб, ерга нима билан ишлов берасан, -дейди. Фермер қўрқа­писа ана қаршингизда турган культиватор билан дейди. Калькулятор билан культиваторни фарқига бормайдиган текширувчи деҳқонга нимани хам ўргата оларди.

Қишлоқ хўжалик техникалари таъмирланиб бўлгандан кейин келган текширувчи гараж рахбарига қараб бақирган, сен хамма техникаларимиз бахорги экин тикинларга ва кузги йиғим теримга шай! -Деб бизга маълумот бергансан, нима учун терим машинасини орқа ғилдираги ўрнатилмаган? -Деган у терим машинасида орқа ғилдирак бўлмаслигини билмаган.

Чет элларда деҳқон фермерларини давлат одамлари текшир текшир қилмайдилар. Уларни етиштирган деҳқончилик маҳсулотларини бозордаги харидор- истеъмолчилар текширади, сифатли бўлса сотиб олади бўлмаса йўқ. Барча ривожланган мамлакатларда бир биридан сифатлироқ маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ва таннархини туширишга ҳаракат қилишади. Бизда эса ҳукумат амалдорлари барча соҳаларни гўёки давлат монополияси, деб ўзлари эгаллашган ва деҳқондан харид нархини энг паст баҳода баҳолаб, реализация қилиш ҳуқуқини ўзларида сақлаб қолишган. Бободеҳқонни ўзига қўйиб бер! У ўзи ердан яхши ҳосил олишни галстук таққан текширувчилардан яхши билади. Бу хам чет элга нисбатан тескариликка мисол бўла олади.

Ўзбекистонда совет даврида деҳқонларнинг ҳаёти оғир ва машаққатли эди, шу деҳқон йил ўн икки ой меҳнат қилиб, машаққат чекиб пахта етиштирар ва бу билан давлат иқтисодини кўтариб хамда халқни боқар эди­ю бири икки бўлмаган. Аммо колхоз раиси, пахта завод раҳбарлари ва райком котиби бой бадавлат ва тўкин сочинда яшар эди. Деҳқонларни эса баланд парвоз қуруқ гаплар ва чақириқлар билан алдаб, “бободеҳқон” “зангори кема капитани “пахтакор касбингни улуғла” ва ҳоказолар билан мақташгани мақташган эди. Бу хам ўзга давлатларга нисбатан тескари ва адолатсизлик эмасми?

Мустақилликдан кейин совет мафкурасидан қолган шиорбозлик, шахсга сиғиниш иллатлари кўплаб раҳбарларга мерос бўлиб қолган. Биздаги йилларга ном қўйиш эса бошқа ҳеч қайси давлатда бўлмаса керак.

Бизни давлатимиз куч ишлатиш салоҳиятига эга бўлган ташкилотларга, солиқ, ҳокимият ва банкларга ҳашаматли бинолар офислар қуриб беради. Қиммат баҳо автомобиллар билан таъминлайди­ю давлат иқтисодини тебратаётган меҳнаткашларга ҳеч қандай қулайликлар йўқ. Бечора қишлоқ аҳолисини яхшиямки бир парча томорқа ери бор бўлмаса уларнинг холи не кечар эди.

Ҳозирда юртимизда кўплаб завод фабрикалар йўқ қилинганлиги, четдан саноат кириб келиши суст бўлаётганлиги учун хам ишсизлик ортиб боряпти. Норасмий хабарларга қараганда 6 ­7 млн. билагида кучи бор эркаг­у аёллар Россия ва ўзга давлатларда мардикорлик қилиб, уйларига пул жўнатиб оила аъзоларини маблағ билан таъминлаяпти ва давлат валюта захирасини хам бойитиб турибди. Юртимиз мустақил бўлгандан кейин ҳаётимиз яхши томонга ўзгаради деб ўйлаган эдик, афсуски буни тескариси бўлмоқда.

Биздаги суд тизимига келсак улар адолатли, виждонли, иймонли ва пок қалбли бўлиши керак эди, аксинча улар порахўр, тамагир, виждонсиз бўлиб, уларга пора қилмасангиз оддий ҳақиқатни хам қарор топтиришга қарши туришади. Мисол келтирамиз, эр хотин ажрашганда пора бермаса никоҳ қоғозини бекор қилишмайди, отасиз қолган болаларга алиментни хам порасиз ундириб беришмайди. Судларни ноҳақлиги шу даражага бориб етдики, майда безорилик қилганларни хам ўн йиллаб қамоқ жазосига ҳукм қилмоқда. Масалан бир амалдор, собиқ олий мажлис раиси Эркин Халиловнинг ўғли синфдошлари билан уришгани учун, яъни майда безорилиги учун тўрт нафар ўспирин йигитни ўн уч йилдан ўн етти йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилиб, Жаслик қамоқхонасига юбориши ўта адолатсизлик эмасми? Судларга каттароқ пора қилинса ҳатто одам ўлдирган бўлса хам оқлаб юборишади. Бундай воқеалар кўп кузатилган. Қонун ҳимоячилари: суд, прокуратура, милиция, солиқ ва божхона ходимлари порахўр бўлишмаса озгина маошлари билан данғиллама ҳовли жойлар, қиммат баҳо автоуловларни қаердан олишади. Эрамиздан аввал яшаб ўтган донишманд Августин Аврелийнинг,- “адолат ва одил суд бўлмаган шароитда давлат қароқчилар тўдасига айланади”,-деган гапи Ўзбекистонни ҳозирги кунига жуда тўғри келади. Бошқа давлатлардаги қамоқхоналарда ёш жиноятчиларни ҳунарли, ахлоқли тарбия қилиб, ўзи учун ва жамият учун фойда келтирадиган инсонлар қилиб чиқарадилар. Бизда эса буни тескариси, ёш жиноятчилар қамалиб чиқсалар катта тажрибали ўғри ёки жиноятчи бўлиб чиқишади.

Бир вақтлар ўрта асрларда бўлса керак, жиноятчиликни энг асосий сабабларидан бири камбағаллик, қашшоқлик деб, ана шу замоннинг подшолари, қироллари камбағалликка қарши курашдилар уларга текинга ер, сув ва чорва ҳайвонлари бериб уларни иш билан таъминладилар. Шунинг учун хам ғарб ва шарқ мамлакатларида камбағал ва жиноятчилар жуда кам. Масалан Швейцария қамоқхоналарида маҳбуслар йўқлигида қамоқхона пештоғига оқ байроқ осиб қўяр эканлар, яна бир ғарб давлатларида баъзи маҳкумлар шанба якшанба кунлари оиласи олдига дам олиш учун келар эканлар.

Шу жойда ҳақли савол туғилади, нима учун бизда жиноятчилик кўп? Нима ўзбек халқи шу қадар тажаввузкорми? Ўзбеклар томонидан Ўз.Р ЖКдаги барча жиноятлар тўхтовсиз содир этиляпти. Бунинг сабаби нимада? Тарихдан маълумки энг меҳнаткаш, ҳунарманд, савдогар ва тадбиркор хамда итоатгўй халқ эдик. Мустақилликдан кейин кўпчилик жиноятчига айланди.

Бизни Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбуслар кўплигидан камераларга сиғмайди дейишади. Республикамиз раҳбарлари жиноятчиликка қарши курашиш борасида йигирма йил мобайнида бирор ижобий иш қилганлари кўринмаяпти, қилинган ишлардан мисоллар келтирамиз: буғдой ўримидан аввал хар бир хўжаликка иккитадан милиция беркитилиб, хар бирига от берилсин, деган буйруқ чиқарилди. Шундан кейин хар бир хўжаликдан иккитадан жиноятчи, яъни буғдой майдони атрофида мол боқаётганлар ушланиб, жавобгарликка тортилсин деган буйруқ чиқарилди. Кўриниб турибдики хар бир хўжалик ҳудудидан энг камида иккита жиноятчи чиқарилиши керак, бу юқорининг топшириғи. Рўйхатдан ўтган масжид имом домлаларига, диний оқимга алоқадор бўлганлардан топиш мажбурияти юклатилади. Шунга ўхшаш буйруқлар чиқарилаётгани учун хам жиноятчилик кўпайса кўпайяптики камайгани йўқ.

Мустақилликдан сўнг аҳоли совет давридан қолган захира билан яшай бошлади, 1995, 96- йиллардан кейин аҳолини кўпчилиги қашшоқлашиб, шаҳар ва туман марказларида киссавурлар маҳаллаларда ўғрилар кўпайди. Хонадонларга кириб қўлга кирган нарсаларни ўғирлашиб кетишди, ҳатто қозондаги пишган овқатларни, тандирдан узилган нонларни хам ўғирлаб кетишди. Яхшиямки Россияга бориб ишлашга имкон бўлгач ўғирликлар камайди.

Собиқ совет вақтида Ўзбекистонда эллик минг атрофида милиция бўлган дейишади, айтишларича ҳозир фақат Тошкент вилоятининг ўзида эллик минг милиция фаолият юритяпти, лекин юртимизда ўғирлик, фирибгарлик, ичкиликбозлик, фоҳишабозлик ва наркотик савдоси хамда одам контрабандаси каби жиноятлар кундан кунга ривожланиб боряпти. Очилмаган жиноятлар жуда кўп, ана шу очилмаган жиноятларнинг кўпчилиги ҳуқуқ тартибот органи ходимлари томонидан ёки давлат амалдорлари томонидан содир этилмоқда.


Давоми бор...

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону