Қуллик ва меҳнат муҳожирлари
Қул ва қулдорлик нима? Бир инсон иккинчи инсоннинг мулкига айлантирилган бўлса, биринчи инсон – қул, иккинчиси – қулдор, дейилади. Қул ҳам одамлар қатори ейди, ичади, ухлайди, ишлайди. Ҳатто уйланиши ва бола-чақа орттириши мумкин. Қул фақат қулдор учун ишлайди. Моддий манфаатдорлиги (еб-ичишдан ташқари) ё йўқ, ёки номига. Қул ҳеч қачон ўзининг меҳнатига яраша (эквивалент) ҳақ олмайди. Инсон сифатида қулнинг юқорида айтилган ҳуқуқлардан ташқари бошқа ҳуқуқлари ё йўқ, ёки минимумга келтирилгандир. Қулдор қулини бошқа қулдорга сотиши мумкин. Икки хил қулликни бир-биридан фарқлаш керак: инсонни инсон томонидан қул қилиниши ва инсонни давлат томонидан қул қилиниши. Қулликнинг биринчи типи одамлар қабила-қабила бўлиб яшаган замонларга бориб тақалади. Бир қабила иккинчисини урушда енгса, асирлар қул қилинган. Мустамлакачилик урушлари даврида миллионлаб одамлар қул қилиниб сотилган. Мас., европаликлар Африкани ишғол қилишганда қоратанлиларни қул бозорларида АҚШга сотишган, шу сабабли бу давлат дунёда энг катта қулдорчилик ҳудуди бўлган.
Россия, Украина ва Қозоғистонда миллионлаб меҳнат муҳожир (ММ)лари ишлайди. Уларнинг кичик бир қисми ҳақиқий қул, яъни барча ҳуқуқларидан маҳрум этилган қул сифатида ишлатилаётгани ҳақида маълумотлар чиқиб туради. Катта қисми ишлаганига ҳақ олади, бироқ олаётган ҳақи асл ҳақнинг борса ярмига тенг бўлиши мумкин. Мас., ММ иш берувчи билан тузган (оғзаки ёки ёзма) шартномада ММнинг ҳақи ойига 40.000 рубль (гривень, тенге) бўлса, иш берувчи ММга 17.000 рубль (гривень, тенге) бериши мумкин, холос. ММда ўз ҳақини тўлиқ олиши учун ҳеч қандай ҳуқуқ ва имконият йўқ. Ишловчи ҳақни тўлиқ берилишини талаб қилса, иш берувчи уни ишдан ҳайдаб юбориши ҳеч гап эмас. Сиёсий системаси коррупциялашган давлатларда бу одатий ҳолдир: иш берувчи тегишли идораларга пора бериш эвазига ҳамма вақт ҳақ бўлиб чиқаверади. Қулликнинг иккинчи типи, яъни давлат қулдорлиги, биринчи типдаги қулдорликдан тубдан фарқ қилади. Қуйида биз уни ҳам муҳокама қиламиз ва мисоллар келтирамиз.
Қуллик ва мухолифат
Кўпчилик билса керак, Россияда икки типда мухолифат бор: бирини “тизимий мухолифат” (системная оппозиция), иккинчисини эса “нотизимий мухолифат” (внесистемная оппозиция) дейишади. Биринчисига, мас., Давлат Думасида ўзларининг фракциясига эга бўлган “Россия Либерал-демократик партияси” (раҳбари В.Жириновский), “Россия Федерацияси коммунистик партияси” (раҳбари Г.Зюганов) ва “Адолатли Россия” партияси (раҳбари С.Миронов) киради. Бу партиялар сиёсий тизим ичида яратилган, мухолифат ролини кўзбўямачилик учун ўйнайдиган қўғирчоқ партиялардир.
Ўзбекистонда ҳам шу типли партиялар бор – улар тўртта: “Адолат социал-демократик партияси”, “Миллий тикланиш партияси”, “Халқ демократик партияси” ва “Фидокорлар миллий демократик партияси”. Мазкур партияларнинг Ўзбекистон Олий Мажлисида ўзларининг қўғирчоқ фракциялари бор. Бироқ Россияда сиёсий тузумнинг бирорта органига кирмаган, яъни нотизимий мухолифат ҳам бор [мас., “Россия республика партияси – халқ эркинлиги партияси”- (қисқартирилган номи “РПР-ПАРНАС”), “Яблоко партияси” ва б.] ва улар очиқ фаолият олиб боришади. Ўзбекистонда нотизимий мухолиф кучлар бўлса-да, улар мамлакат ичида очиқ фаолият олиб боришларига ҳукумат қаттиқ тўсиқ қўйган.
Россия Федерациясининг тарихида биринчи марта нотизимий мухолифат вакили Алексей Навальний Москва шаҳар мэри лавозимига 8 сентябрда ўтказиладиган сайловда иштирок этади. Бу лавозимга яна “Яблоко”дан битта ва тизимий мухолифатдан тўртта номзод ҳам қўйилган. Ҳозирги кунда номзодлар Москва аҳолисини ўз дастурлари билан таништириш учун ташвиқот ишлари олиб бормоқдалар. Муҳокама қилинаётган асосий масалаларнинг бири бўлажак мэрнинг меҳнат муҳожирлари масаласини қандай ечишига қаратилган. А.Навальний: “Мен мэр этиб сайлансам, Марказий Осиё минтақасидан келаётган меҳнат муҳожирлари учун виза жорий қилишга эришишга ҳаракат қиламан” деб балога қолиб кетди. Уни одамлар “фашист” дейишгача боришди. Бир қарашда ҳақиқатан ҳам А.Навальний Марказий Осиёлик меҳнат муҳожирлари олдига улкан тўсиқ қўяётгандай кўринади. Аслида ундай эмас!
2013 йил 28 август куни, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 22-чи марта тантанали нишонлаш кунидан 4 кун олдин мен www.ej.ru сайтида Виктор Давидовнинг “Қуллик билан жазолаш” номли мақоласини ўқиб қолдим. У мақоласида А.Навальний: “Россияга қулдорлик тузуми қайтиб келмоқда. Меҳнат муҳожирларининг катта қисми ҳақсиз-ҳуқуқсиз қулга айлантирилган. Биз бунга йўл қўймаймиз. Бунинг ягона чораси Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия орасида визали борди-келди ташкил қилишдир, чунки фақат шу ҳолдагина Россия тадбиркорлари, мулозимлари ва ҳукумат идоралари меҳнат муҳожирларини қул ҳолатига тушира олмайди”, дея ўз позициясини очиқлади, деб ёзади. Мен ҳам мақоламни “Қуллик билан жазолаш” деб атадим ва уни Каримов бошқараётган Ўзбекистонга бағишладим.
Қулдорликнинг Россиядаги тарихидан қисқача маълумот
Мақолани давом эттириш учун Россияда қулликка қарши қачон ва қандай кураш олиб борилгани ҳақида қисқача тўхталишга тўғри келади. Крепостнойлик ҳуқуқи Россияда подшоҳ Фёдор Иоаннович замонида қабул қилинган. “Крепость” сўзини русчадан ўзбек тилига “мустаҳкамлик” каби таржима қилиш мумкин. Маъноси нима? Мазкур ҳуқуқ киритилишидан илгари помешчик (заминдор, катта ер эгаси)дан ер майдонини ижарага олиб ишлаган одам йил охирида шартнома шартларини тўлаб бўлгандан кейин бу помешчик ерини ташлаб, хоҳласа бошқа помешчик ихтиёрига ўтиб кетиши мумкин бўлган. Крепостнойлик ҳуқуқи жорий этилгандан кейин деҳқон “ўз” помешчигининг ерини ташлаб бошқа помешчик ихтиёрига ўтиб кетиш ҳуқуқидан маҳрум этилган, яъни деҳқон умрининг охиригача битта помешчик ерида ишлашга мажбур қилинган (помешчикнинг қули). Бошқача айтганда, деҳқон битта помешчикка мустаҳкам боғлаб қўйилган. Табиий, бу ҳолат қулликнинг бир кўринишидир.
Гарчи крепостнойлик ҳуқуқи 1871 йили бекор қилинган бўлса-да, бироқ Россиянинг яҳудий аҳолиси яшаган жойидан бошқа ҳудудларга кўчиб кетмаслиги 1917 йилгача сақланган. Бу ҳам қулликнинг бошқа бир шаклидир, яъни Россияда аҳолининг бир қисми қуллик ҳолатида қолаверган (давлатнинг қули). 1917 – 1932 йиллар оралиғида Россия (СССР)да расман қуллик бўлмаган, дейиш мумкин. 1932 йилда эса СССРда паспорт режими жорий қилинди, бироқ мамлакатнинг барча қишлоқ аҳолисига, яъни бутун аҳолининг энг катта қисмига паспорт берилмади. Паспортсиз СССР ҳудудида юриш таъқиқлангани учун мамлакатда қулликнинг янги шакли вужудга келди (бу ҳам давлатнинг қули мақомида). Қишлоқ жойларидаги фуқароларга паспорт бермаслик аста-секинлик билан камайтирилишига қарамасдан давлат қуллигининг бу шакли 1989 йилгача давом этди. СССР парчалангандан кейин-чи? Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) фуқароларига Россияга визасиз киришга рухсат берилди, бироқ уларга бу мамлакатда ишлаш ҳуқуқи берилмади. Бу – фақат Россияда эмас, Ўзбекистонда ҳам шу: МДҲ давлатларидан Ўзбекистонга бирор одам келса, унинг мамлакатимизда ишлашга ҳуқуқи йўқ.
Қисқа ва узоқ муддатли қуллик
Қулликнинг икки шакли: инсон инсоннинг қўлида қул бўлиши ва инсоннинг давлат қўлида қул бўлиши, асосийдир. Биринчи ҳолда қуллик қисқа муддатли ҳам, узоқ муддатли бўлиши ҳам мумкин. Қисқа ва узоқ муддатли қулликка мисол. 1995 йил Жиззахда мен колхоздан икки гектар ер олиб деҳқончилик қилдим. Менинг еримлан 500 м. нарида 03195 рақамли ҳарбий қисм бор эди. Аскарларнинг кийими абгор ахволда, кўпчилиги ҳар хил кийинган, бирининг оёғида йиртиқ этик бўлса, бошқаси эски ботинка кийган бўларди. Ҳатто калиш кийиб юрган аскарларни кўрганман. Аскарларга овқат берилмаган кунлар кўп бўлишини уларнинг ўзидан эшитганман. Ҳарбий қисмга яқин масофада Аршли ва Тоқчилиқ қишлоқлари бўлиб, уерли одамлар аскарларни командирдан “сотиб олардилар” ва уларни уйларига олиб кетишиб муттасил ишлатиб юришар эди. Бундай оилалар кўп бўлиб, аскарларнинг иш ҳақи – қорин тўйғазишдан иборат бўлган, холос.
Боласини кўргани бошқа вилоятлардан келган ота-оналар болаларини ҳарбий қисмдан топа олмай бир неча кун қишлоқма-қишлоқ излаб юришганига гувоҳ бўлганман. Бу – ҳам инсонни инсон томонидан, ҳам инсонни давлат томонидан қулликка солишга классик мисолдир. Давлат йигитларни ота-онасининг бағридан тортиб олиб давлат учун ҳарбий хизматга олиб келган. Бироқ ҳарбий қисмда команлир (давлат мулозими) аскарга қулга қарагандай муомала қилади: янги ҳарбий усти-бош йўқ, еб-ичиши ҳаминқадар, командир аскарларни маҳаллий аҳолига “сотади” (пуллайди), аскар бегона одамлар қўлида қулсифат ишлашга мажбур қилинади. Аскар давлат Конституциясида кўрсатилган асосий ҳуқуқларидан маҳрум қилинган, у ўзини давлат мустабидлигидан ҳимоя қила олмайди.
Ўзбекистонда қулликни шакллантиришда И.Каримовнинг роли
Ислом Каримовнинг давлат тепасига келганда қўйган биринчи қадами халқни қулликда ушлаб туриш учун иккита кучишлатар тизим – милиция ва миллий хавфсизлик хизматини шакллантирди. Илгари замонларда катта қулдорлар қулларни ишлатиш ва “қўриқлаш”, яъни қочишнинг олдини олиш учун қуролланган қўриқчилар ёллаган. Ўзбекистоннинг айтилган икки тизими учун мамлакат қонунчилик органи Олий Мажлис шу кунгача қонун қабул қилган эмас, яъни бу икки тизимнинг фаолияти қонунчилик майдонидан ташқарида, яъни ноқонунийдир. Ўзбекистон милицияси ва МХХси ҳуқуқий нуқтаи-назаридан катта қулдор ёллаган қўриқчилардан ҳеч қандай фарқ қилмайди. Бири (МХХ) одамларни пойлайди, жамият ичидан одамларни пойлайдиган ҳуфъялар ёллайди, қўрқитади, улар ҳақида маълумот йиғади, жазолайди, ўлдиради, иккинчиси (милиция) эса ярим очиқ-ярим ёпиқ ишлайди, уйма-уй, маҳаллама-маҳалла, кўчама-кўча юради, одам жойидами-йўқми (қочиб кетмадими, мақсади нима?) текширади, истаган пайтда, истаган одамни ушлаб олиб кетади, қўрқитади, ҳақоратлайди, калтаклайди, қамайди, ўлдиради! Қулдор ёллаган соқчилар қўлида қамчи, камарида тўппонча, оғзида сигара тутатган ҳолда плантацияларда икки букилиб ишлаётган қулларни назорат қилишса, Ўзбекистон милицияси ва хавфсизлик хизмати ходимлари бутун мамлакатни ипидан игнасигача назорат қилишади. Фарқ сонда, сифат эса бир хил: плантатор ёллаган қўриқчилар 50 қулни назорат қилишса, милиция ва МХХчилар мамлакатнинг 25.000.000 фуқаросини кузатади.
ОВИР – Ўзбекистонда қулликнинг дастлабки кўриниши
Чиқиш визаси ва қайд этиш бўлими (ОВИР) халқнинг йўлига ташланган жиддий чекловдир ва у тўлиқ МХХ ихтиёрига топширилган. Бундай чеклов яқингача дунёда фақат тўртта давлатта бўлган, холос: Шимолий Қурия, Непал, Куба ва Ўзбекистон. Мамлакатимизнинг шерикларига қаранг! Кубадай авторитар режимли давлат жорий йилнинг бошида ОВИРни бекор қилди. Бу чеклов мамлакатимизнинг миллионлаб фуқароларини чет элларга эркин бориб келишига йўл қўймайди, у давлатга нақадар “самарали” хизмат қилаётганини халқ яхши билади. Мазкур чеклов биринчи навбатда мамлакат иқтисодига ва, демак, аҳоли турмуш даражасига давлат томонидан берилаётган асосий зарбалардан биридир. ОВИР туфайли халқ манфаатига берилаётган зарба ягона эмас. Қулдор қулининг “кўзи очилмаслиги учун” уни тамоман исканжа (изоляция)да сақлаган – қул ҳеч қаёққа бора олмаган, эркин оламни кўрмаган, у ётадиган жойини ва ишлайдиган ерини кўрган, холос. Ўзбекистон халқининг аксар катта қисми ҳам шундай! Изоляцияга тушиб қолган халқ ривожланмайди. Ҳукумат “қулдорлари” эркин ҳаётни халқнинг қанча катта қисми кўрмаса бизнинг хавфсизлигимиз учун шунча яхши, деб ўйлашади. Бу – халқ онгига берилаётган маънавий зарбадир. У иқтисодга берилаётган зарбадан ҳам катта.
(Давоми бор)