11 June 2008
03:00 -
ЧИНГИЗ АЙТМАТОВДАН АЙРИЛДИК
Абдураҳим Пўлат: Чингиз оғанинг ҳаётимга таъсири ва у билан Тошкент аэропортидаги учрашувим
22:00 - “Эзгулик” Машраб Жума тақдирига ойдинлик киритили
ЧИНГИЗ АЙТМАТОВДАН АЙРИЛДИК


Замонамизнинг энг машҳур ёзувчиси, фақат қирғизларнинг, фақат Турк дунёсининг эмас, балки бутун инсониятнинг буюкларидан бири Чингиз Айтматов бу оламдан абадий кўз юмди.

Кеча Германиядаги бир касалхонада 80-чи ёшида вафот этган Чингиз оғани хотрилаб ҳаммамиз бош эгамиз, дуолар қиламиз. Оллоҳ раҳмат айласин.

Абдураҳим Пўлат:
Чингиз оғанинг ҳаётимга таъсири ва у билан Тошкент аэропортидаги учрашувим


Чингиз Айтматов ўтган ойининг ўрталарида касалхонага ётқизилгани ҳақидаги хабарларни эшитганимдан бери, у билан 17 йил аввал шу кунларда Тошкент аэропортининг ҳукумат терминалида учрашганимизни тез-тез эслаб тураман. Бу ҳақда аввал ҳам ёзган бўлсам-да, шу кунларла яна уни яна қаламга оламан деб ўйлаб юрдим, аммо, ҳеч вақт бўлмади.

Бугун эрталаб Интернетга кириб биринчи ўқиган хабарим бу буюк инсоннинг ўлими ҳақидаги хабар бўлди. Миллионлаб кишилар онгига эркин фикрлаш, ҳурриятга интилиш уруғларини сепган Турк инсонининг оламдан ўтгани ҳақидаги хабар ақл-хушимни музлатиб қўйди.

Чингиз оғанинг асарлари миллионлаб одамларнинг ақлида ва қалбида из қолдиргани - умумий, паландпарвоз гаплардек кўринади. Лекин, бу ҳақиқат. Бундан ташқари, баъзида, унинг ижодига оид арзимаган, кичик воқеалар конкрет бир одамнинг ҳаётида катта из қолдириш мумкин. Менинг мухолифат сафларига киришимда Чингиз оғанинг бир китоби кутилмаган шаклда роль ўйнаганини эслатмоқчиман.

1988 йилнинг март ойларида бўлса керак, Чингиз Айтматовнинг “Буранный полустанок” романи эълон қилинган журнални ўқиётган эдим. Академгородокдаги Кибернетика институтидан қўлимда шу роман билан автобус бекатига чиққанда, Микробиология институтида ишлайдиган дўстим Абдуқодир Эргашев билан кўришиб қолдим. Дарҳол Чингиз Айтматовнинг романи устида гаплаша бошладик, бир оздан кейин суҳбатимиз Горбачевнинг қайта қуриш сиёсати ва СССРда бўлаётган воқеаларга бурилиб кетди.

Автобусга чиқдик. Мен бор-йўғи 3 бекатдан кейин, ўша пайтларда “Светлана” номи билан танилган гастроном олдида автобусдан тушишим керак эди, чунки, Горький ҳайкалининг том орқасидаги 9 қаватли уйдаги квартирада оилам билан яшардим. Абдуқодир билан шундай қизиқ суҳбатга тушгандик-ки, у ҳам мен билан шу бекатда автобусдан тушди. “Светлана” магазинининг ойнаси олдидаги темир тўсиққа суяниб туриб яна бир соатча гаплашдик.

Ўша пайтда Ўзбекистон ҳукумати тарафидан тарғибот қилинаётган “Туғилишни планлаштириш” ғоясини ҳам четда қолдирмадик. Шунда Абдуқодир яқинда Математика институтининг мажлислар залида ЮНЕСКОнинг қайсидир бир комиссиясининг Ўзбекистон бўлими “Туғилишни планлаштириш” масаласига доир бир мажлис ўтказажагини гапириб қолди. Унинг ўзи ўша комиссия бўлимининг Бош котиби, академик Муҳамаджонов раиси экан. Мен ҳам ўша мажлисга борадиган бўлдим.

Ўша мажлис ҳақидаги хотираларимни бир неча марта қаламга олганман, шу сабабли, у ҳақда ортиқча бир нарса ёзмоқчимасман. У ерда “Оролни қутқариш” комитетининг раиси Пирмат Шермуҳамедов билан танишдим ва бу комитет ишида фаол қатнаша бошладим. Ғазалкентда қурилиши режалаштирилаётган бир заводни тўхтатиш учун катта ишлар қилдик, ўша кунлардаги фаолиятим туфайли КГБга ҳам чақирилиб, огоҳлантирилганман, ҳатто.

Айнан шу комитетнинг октябрь ойидаги бир мажлисида ўзбекларни биринчи марта Ленин майдонига митингга чақирганман. Буларни эшитган-билган ёзувчилар мени тузилиши режалаштирилаётган “Бирлик” халқ ҳаракатига чақиришди.

1988 йил 11 ноябрда “Бирлик” халқ ҳаракати Ташкилий комитетининг Дадахон Ҳасаннинг уйида яширинча ўтказилган Таъсис мажлисига келдим. Юрагида ўти бор, аммо на сиёсат на ташкилотчиликдан хабари бор ёзувчиларнингнинг ночорлигини кўргач, ўз фикр-мулоҳазаларим билан таклифлар кирита бошладим. Ташкилотнинг раиси бўлиши кераклиги, ташкилот тузилгани бугунданоқ эълон қилиниши кераклиги, ҳар қандай ташкилотнинг фаолияти уни оммага таништирувчи, ғояларини ўртага отувчи Декларациядан бошланиши шарт эканлигини урғуладим.

Ўша заҳоти, асосий ҳужжат – “Бирлик” декларациясини ёзиш менга топширилди. Аслида, бундай йиғилишга келганлар Декларациянинг лойиҳаси билан келишлари керак эди. Икки ҳафта ўтар-ўтмас, ҳамма қаршиликларимга қарамасдан, академик Бекжон Тошмуҳаммедовнинг таклифи билан Ташкилий комитетнинг раиси қилиб сайландим. Кейин ўз-ўзидан ташкилотнинг раиси ҳам бўлдим.

Ҳозир мени “Бирлик” халқ ҳаракатига олиб келганини даъво килаётганлар кўпайиб кетган. Аслида, мени бундай фаолиятга юрагим олиб келди, аммо, шу шаклда келишимга Чингиз Айтматов сабабчи бўлди, дейишга ҳаққим бор.

Чингиз оға ва мен 1990 йилнинг шу кунларида, ҳозир мода бўлган ифодани ишлатсак, Чингиз оғанинг ташаббуси билан, Тошкент аэропортининг ҳукумат залида учрашганмиз. Учрашувнинг кун тартибида Ўз-Ўзгандаги қонли воқеаларни тўхтатиш масаласи турарди. Бу ҳақидаги хотираларим шу сайтдаги “Ҳаракат” журналининг 1997 йил 3-4 (10-11) сонида эълон қилинган “Турк халқлари ассамблеяси: Қурилишидан 4- қурултойгача” номли мақоламда бор.



22:00 - “Эзгулик” Машраб Жума тақдирига ойдинлик киритилиши керак (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи, № 30, 9.06.08)

Бир қанча оммавий ахборот воситаларига кўра, Бухоро вилояти телерадиокомпанияси шу йилнинг январида суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этилган Машраб Жумаевнинг жазони ижро этиш муассасасидан қочгани, уни топиш учун жамоатчиликдан ёрдам сўралаётгани хусусидаги лавҳаларни намойиш этган. Бухоро вилоятининг Отбозор турмасида жиноий жазони ўтаётган Машраб Жумаевнинг фотосурати кўрсатилиб, у ҳақда хабар берган шахсга мукофот эълон қилинган.

Мазкур хабар шоир Юсуф Жума оиласи тақдири билан қизиқаётган кўплаб дипломатик корпус ваколатхоналари, халқаро ташкилотлар ҳамда жамоатчилик вакилларини саросимага солиб қўйди. Унинг ҳатто жисмонан йўқ қилинган бўлиши ҳамда ана шу жиноятни хаспўшлаш мақсадида телевидение орқали эълон берилгани тахмин қилинмоқда. Ана шу шубҳаларни Ўзбекистонда жазони ижро этиш муассасаларининг яхши қўриқланиши, Машрабнинг соғлиғи яхши эмаслиги яна-да орттирмоқда.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти республика Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлигининг Жиноий жазоларни ижро этиш Бош бошқармаси маъмуриятини мазкур воқеага изоҳ беришга чақиради. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўртасида узунқулоқ гаплар тарқатиш, шу орқали жамоатчиликни бирор бир сиёсий маҳбусга нисбатан провакацияга руҳан тайёрлаш услуби шаклланганини эътироф этиб, оммавий ахборот воситаларини сергакликка ундайди.

21:00 - Журналист Солижон Абдураҳмонов ҳибсга олинди

Шу йилнинг 7 июнида Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳар ИИБ томонидан журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Солижон Абдураҳмонов ҳибсга олинди. Солижон бундан бир муддат илгари “Озодлик” ва “Америка овози” радиоларининг мухбири сифатида фаолият олиб борган, айни пайтда Инсон ҳуқуқлари халқаро жамиятининг Қорақалпоғистон бўлими раҳбари эди. Куни кеча Солижон Абдураҳмоновга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг ноқонуний равишда наркотик моддаларни сақлаш билан боғлиқ моддаси билан жиноят иши қўзғатилган ва дастлабки тергов ҳаракатлари бошланган.

Инсон ҳуқуқлари халқаро жамияти раиси Марат Зоҳиднинг таъкидлашича, миршаблар Солижон Абдураҳмоновнинг машинасидан 0,5 килограмм миқдорида марихуанна моддаси топишган. Дунёдаги энг анъанавий провакация усули бўлган наркотик ташлаш билан ҳибсга олинган журналистнинг тақдири яна халқаро можарога айланадиган кўринади, дейди мухбиримиз.

Николай Кучерский лавозимини топширди

Бундан бир муддат илгари Россияга қочиб қолгани таъкидланган, аммо, халқаро ахборот воситаларига ишдан кетмаганини гапирган Навоий кон металлургия комбинати Бош директори Николай Кучерский ишдан олинди. Кеча Вазирлар Маҳкамасининг навбатдаги мажлисида бу лавозимга Бош вазир ўринбосари Қувондиқ Санаевнинг лойиқ кўрилгани айтилди. Санаев ҳукумтга бу лавозимга келишдан аввал, Россияга қочиб кетган Олмалиқ кон металлургия комбинати раҳбари Сегединнинг ўрнини эгаллаб турганди.

Фарғона ТВ: “Озодлик” радиоси Ўзбекистонни оловли нуқтага айлантирмоқчи!

Кеча оқшомда Фарғона вилояти телевидениеси махсус кўрсатув уюштириб, “Озодлик” радиоси фаолияти, унинг мухбирлари шахси ҳамда уларнинг Ўзбекистондаги осойишта вазиятни издан чиқаришга қаратилган “ҳаракатлари”ни таҳлил қилди. ТВ журналистларининг таъкидлашича, “Озодлик” радиоси мухбирлари хорижий мамлакатлар махсус хизматлари томонидан бошқарилиб, уларнинг фаолияти одамларнинг кўнглига ваҳм солиш ҳамда вазиятни издан чиқариш экан. Бир соатдан ортиқ давом этган кўрсатувда маҳаллий жамоатчилик вакиллари радио фаолиятини қораловчи далилларни ёғдиришди, дейди мухбиримиз.

"Озодлик" радиосининг ўзбек хизматии МХХнинг назорати остида ишлаши маълум бўлса ҳам, афтидан, мавжуд режим эшиттришларнинг халққа салбий таъсир кўрсатиш кучи ҳали ҳам борлигидан безовта бўлмоқда. Таъсир кучининг асос манбаси эса, бу радионинг АҚШга оид эканлигидир.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону