16 January 2013
20:57 -
“Ўздунробита” атрофида катта ўйинлар давом этмоқда

Бугун сал кам ҳамма ўзбек ахборот воситалари манбаини кўрсатмасдан тарқатган хабарга кўра, “Ўздунробита” Тошкент шаҳар судига ўзини банкрот деб тан олиш истаги билан ариза берибди. Маълумки, Тошкент шаҳар суди “Ўздунробита”ни давлатга $600 млн тўлаши лозимлиги ҳақида қарор чиқарган эди. Унинг банкдаги ҳисобларида $150 млн бор экан. Қолганини ким тўлайди? Албатта, МТС тўлаши керак.
Мана энди қолган $450 миллиондан қутилиш учун, “Ўздунробита” ўзини банкрот деб эълон қилдирмоқда. Билмаганлар учун билдириш керакки, банкрот йўли билан қарзлардан қутилиш - дунёда етарлича тарқалган усул, айниқса, коррупция, тўғрироғи, порахўрлик авжига чиққан мамлакатларда.
“Ўздунробита” масаласида иш порасиз битади. Чунки, Григорий Карасин порадан ҳам кучли қурол. Бунинг устига, гап “Ўздунробита” ўрнига бошқа ном билан бошқа компания очиб, эски ишни давом эттириш ҳақида кетаяпти.
Дарвоқе, Ўзбекистон $450 миллиондан воз кечса, Россия “Фуҳуша”ни тақиб қилишдан воз кечса керак. Сиздан угина, биздан бугина.