“Ҳаракат” таҳририятидан: Куни кеча сайтимизда “Мусулмон аёлларининг Саудия ва Россиядаги ғалабалари, ислом дунёсини қолоқликдан чиқариш йўллари” сарловҳали хабар-таҳлил берилган эди. Ўша ерда, жумладан, таҳририят номидан шундай дейилган:
“Маълумки, ислом олимлари бир маҳаллар ернинг думалоқ эканлиги, шу сабабли ер юзининг мутлақо кўп қисмида Каъбага қараб номоз ўқиб бўлмаслиги, ер юзида қуёш умуман чиқмайдиган ёки ботмайдиган нуқталар борлигини билмаганлари, дунёда мусулмонлар сони ортган сари ҳамма имкони бор мусулмонлар ҳам ҳаж қиломаслигини ўйлаб ҳам кўрмаганлари учун 5 маҳал номоз ўқиш, рўза тутиш ва ҳаж қилишни фарз деб тушунганлар. Айнан шулар туфайли, ислом одатларини бажаришда тўғридан-тўғри оммавий иккиюзламачиликка йўл қўйилмоқда. Бу нарса ислом дунёсининг ҳозирги босқичдаги инқирозига сабаб бўлмоқда.
Худди шунга ўхшаб, яқинда олимлар ҳар қандай тўсиқ орқасидаги нарсаларни кўроладиган кўзойнаклар яратсалар, бошни, юзни, даҳанни қўйиб туринг, ундан ҳам нозикроқ жойларни бекитиб бўлмай қолади. Дарвоқе, улар ҳозир ростдан ҳам яратилмоқда, шундай техник жиҳозлар ишлатилмқода ҳам.
Айнан шу каби нарсаларнинг олдини олиш мақсадида ислом уламолари дунёвий фанлар билан шуғулланишни феълан тақиқланганлар, Улуғбек расадхонаси йўқ қилиб ташланган. Ҳозир ўша тақиқлар қайтадан тикланса, ҳамма нарсани кўрадиган кўзойнаклар ҳеч қачон яратилмайди. Умуман ҳеч нарса яратилмайди, секин аста Қўқон араваларга қайтамиз. Ёки яна икки юзламачилик қилиб, ислом дунёсидан ташқарида яратилган нарсалардан фойдаланиб юраверамиз. Ахир исломда иккизламачилик тақиқланмаган.
Турли ваҳобийлар, ҳизбутаҳрирчилар ёки акромийлар шундай нарсаларни тезроқ тушуниб етсалар эди, ислом дунёси қолоқликдан тезроқ чиқарди.”
Бугун исмини кўрсатмаган ўқувчимиздан шу мавзуга оид хат олдик. Қуйида ўша хат ва унга берилган қисқа жавобимиз билан танишинг.
“Ҳаракат” хатқутисидан: “Турли ваҳобийлар, ҳизбутаҳрирчилар ёки акромийлар шундай нарсаларни тезроқ тушуниб етсалар эди”, дебсиз. Гўё улар тушунмайдилар. Аслида, диний радикаллар ҳаммасини тушинадилар, аммо уларни ҳам ўз манфаатлари бор - дунёга устун бўлиш, бошқа диндагиларни қўлида ўйинчоқ бўлмаслик. Улар аввал шариатга асосланган сиёсий тузум қуриб, сўнг иқтисодий юксакликка эришишмоқчи, ҳар қандай тузум қуриш мумкин, агар бу халқ манфаатига тўғри келса, яъни демократик тамойилларга мос бўлса. Аммо дунёда турли сиёсий тизимлар кўпайган, бири авторитар, бири диктатор, бири монарх, бири анархия, бири Парламентар, яна бири Шох, бири Президент, бири радикал исломчи ва бошқалар. Қачон бунақа майновозчиликлар барҳам топади ва қачон ҳақиқий умумий сиёсий тизим яратилади ва бу тизим конуний ва маънавий амал килади? Агар тизимлар қарама қаршилиги бор экан, дунёда ўзаро тўқнашувлар (динийми ёки дунёвийми) давом этади.
“Ҳаракат” таҳририятидан: Исми кўрсатилмаган ўқувчимизга ташаккур билдириш билан бир қаторда қуйидаги жуда қисқа жавобни бермоқчимиз.
Энг камида минг йил ислом дунёсида шариат ҳукмрон бўлганини унутманг. Айнан шариат ҳукмронлик қилган йиллари ислом дунёси ҳамма соҳада насронийлар дунёсидан орқада қолди ва секин-аста бутун ислом дунёси (Эрон ва Туркиядан ташқари) мустамлакага айланди. Шуни тушунинг, илтимос, Ислом дунёси босиб олингандан кейин қолоқликка туширилмади, қолоқ ҳолда бўлгани учун босиб олинди, мустамлакага айланди. Бунинг устида ўйламаслик, ақлсизлик бўлади.
Аввал насронийлар дунёсида ҳам дунёвийлик йўқ эди, ҳамма нарса диний эди. Насронийларнинг ичидан чиққан прогрессив одамлар дунёвийлик принципига ўтишни истадилар. Бу иш осон бўлмайди. Бор-йўғи бир неча юз йил аввал, соддароқ қилиб айтсак, ер қуёшнинг атрофида айланади, тескариси эмас, деган насроний олим Жордано Брунони насронийларнинг ўзи тириклайин ўтда ёққанини эшитгандирсиз. Кейинроқ насронийларнинг ўзи, 300 минг кишини ўтда ёқиб ҳам ҳеч нарсага эришолмагандан кейин, дунёвийлик принципини қабул қилишга мажбур бўлдилар ва Ғарб ўта тезлик билан ривожланишга бошлади.
Сиз яна бир марта ислом дунёсини шариат тузумига қайтармоқчимисиз? Буни қилиб бўлмайди. Бу бировнинг истаги эмас, Оллоҳ яратган дунёнинг ҳақиқатларидан биридир.
Ҳа, инсонлар бор экан, ички муаммолар бор ва бўлади. Айнан демократия у муаммоларни тинч йўллар билан ҳал қилиш механизмларига эга. Демократияга насронийлар яратган йўл сифатида эмас, инсониятнинг ривожланиш йўлидаги энг тўғри восита сифатида қаранг. Бу воситани ким яратгани муҳим эмас. Мана, Ғарб яратган автомобиль, Интернет ва мобиль телефонлардан фойдаланаётган бўлсангиз керак. Демократиядан ҳам айнан шу шаклда фойдаланишга маҳкуммиз. Насронийлар бўлмаса эди, демократия, телефон, Интернет, мобиль телефон ва бошқа нарсаларни ҳам ўзимиз яратардик.
Буни ваҳобий, ҳизбутаҳрирчи ёки акромийлар қанча тез тушунса шунча яхши. Тушунишмаса, ўзларига ёмон. Инсоният уларни ўз тараққиёт йўлидан улоқтиришга мажбур бўлади.