14 December 2012
06:06 -
“Ҳаракат” хатқутисидан: Кўзбўямачи олимнинг сохта тарих китоби ва унга тақриз (2-чи қисм)
Tаҳририятимиз хатқутисига Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Тарих институти олимларидан келган мактубнинг илк қисмини шу йилнинг 7 декабрида эълон қилгандик. Унга кўра, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат ва Жамият Қурилиши Академияси қошидаги Ўзбекистоннинг янги тарихи маркази томонидан нашр этилган “Ўзбекистон тарихи” китоби, сарлавҳада айтилгани каби, ҳақиқатан ҳам сохта китоб эканини таъкидлагандик. Нарзулла Жўраевнинг “Ўзбекистон тарихи (Миллий истиқлол даври)” китобига ёзилган бу галги тақриз ҳам олимларнинг фикрини исботлаб турибди.
* * *
Маълумки, Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг унинг илк йилларидан ўз анъана ва қадриятлари, кўп минг йиллик тарихий тажрибасига таянган ҳолда, шунингдек, жаҳон андозалари чуқур ва ҳар томонлама ўрганиш орқали тараққиётнинг ўзига хос йўлини ишлаб чиқилди ва босқичма-босқич амалга оширишга киришилди. Натижада, республикамиз ҳозирги кунга келиб барқарор ривожланаётган мамлакатлар қаторидан ўрин олди. Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар кенг жаҳон жамоатчилиги томонидан эътироф эти¬либ, ри¬вож¬ланишнинг «Ўзбек модели» номини олди.
Шуни таъкидлаш зарурки, мамлакат ҳаётида юз берган ижобий ўзгаришларнинг тамал то¬ши истиқлолнинг дастлабки йилларида қўйилиб, 20 йиллик тараққиёт республиканинг барча соҳалари салоҳиятини намоён этди, шу билан бир¬га, олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида салмоқли тажрибага ҳам эга бўлинди. Бу эса тадқиқотчиларга ўтказилган ислоҳотлар туфайли қўлга киритилган ютуқ ва тажрибаларни умумлаштириш, мавжуд муаммоларни аниқ¬лаш, умуман босиб ўтилган йўлни мушоҳада қилиб, шу асосда ислоҳотларни янада самарали бўлишига қаратилган истиқболли режалар ишлаб чиқиш имкониятини берди.
Шу жиҳатдан олиб қараганда, cиёсатшунослик фанлари доктори Н.Жўраевнинг «Ўзбекистон тарихи: (Миллий истиқлол даври) 3-китоб»и айнан шу масалаларни баён этишга бағишланган.
Асар кириш, саккиз боб, қирқ икки параграф, хулосадан иборат. Ушбу боблар ва улар остида қўйилган масалаларда муаллиф мустақиллик йилларида деярли мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларида юз берган жараёнларни имкон даражада қамраб олишга ва улар бўйича ўз нуқтаи назарини беришга, шунингдек, ўтказилган ислоҳотлар ва уларнинг муҳим йўналишларига урғу беришга ҳаракат қилган. Шуни алоҳида қайд этиш зарурки, ушбу асар қўйилган масалаларни кўрсатиб беришга қаратилган биринчи уриниш эмас. 2000 йилда айнан шу ном остида муаллиф (Н.Жўраев) тарихчи олим Т.Файзуллаев билан ҳамкорликда 560 саҳифадан иборат “Ўзбекистоннинг янги тарихи” рукни остида асарни нашр этганлар. Асарнинг лотин алифбосига ўгирилган янги нашрида қатор жиддий камчиликлар учрайди. Хусусан,
1. Асарда мавзуга тарихийлик ва илмийлик нуқтаи-назаридан, таҳлилий ёндашув эмас, балки публицистик, адабий, баёнчилик усуллари устивор ўрин эгаллайди. Шунингдек, унда стилистик хатолар кўп. Хусусан, бир хил сўзларнинг такрор ва такрор ишлатилиши Асарнинг дастлабки саҳифалариданоқ кўзга ташланади. (масалан: I бобнинг 10 – 11- бетларида “истиқлол” сўзига 2 маротаба, “мустақиллик” сўзига эса 4 мартда такрор изоҳ берилган, 14 - бетда айнан шу сўзларга жозиба, мўъжиза, “ҳаёт лаззатини” белгилайдиган ғоя сифатида таъриф берилган. Ёки мундарижада, 4- бобнинг 2- параграфи “Сохта демократларнинг экстремистик йўл билан ҳокимият учун кураши, уларнинг халқ томонидан бадном этилиши” каби иборалар масалага илмий эмас, балки бадиий тус беради).
2. Асарнинг кириш қисмида қайд этилишича, 2000 йилда айнан шу ном остида нашр этилган китобнинг “кейинги йиллардаги воқеалар ривожи ва мустақиллик даври яхлит тарихга эҳтиёжнинг катталигини назарда тутиб”, “тўлдирилган ва қайта ишланган иккинчи нашри тайёрланган”лиги қайд этилган. Аммо иккала асарни мазмуни, мундарижаси синчковлик билан солиштирилганда уларнинг деярли фарқи йўқлиги кўзга ташланади. Бунинг устига асарнинг 2000 йилдаги нашрида ҳаммуаллиф бўлган т.ф.д. Т.Файзуллаевнинг номи янги нашрда қайд этилмайди. Бундан ташқари асар мазмуни ўрта ва махсус таълим тизими учун яратилган Н.Жўраев қаламига мансуб дарслик билан ҳам айнан ўхшашдир.
3. Асарда илмий аппарат (фойдаланилган манбалар ва адабиётларга иқтибосларнинг йўқлиги уни илмий асар, деб ҳисоблашга монелик қилади. Ваҳоланки, асарнинг кириш қисмида таъкидланишича, унда ЎзР Президенти Девони, ЎзР Олий Мажлиси, ЎзР Вазирлар Маҳкамаси, Ташқи ишлар, Ташқи иқтисодий алоқалар ва Иқтисодиёт вазирликлари ҳамда қатор ташкилот ва муассасаларнинг жорий архивларидан, “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”дан, шунингдек, республиканинг “бир қатор йирик олим ва мутахассислари фикрлари ва материалларидан фойдаланилган, аммо матнда қайд этилган маълумотлар қаердан олинганлиги кўрсатилмаган, бу эса унинг илмий асар сифатида қайд этиш ҳуқуқидан маҳрум этади.
4. Асарнинг муайян илмий концепция ва методологияга таянмай ёзилганлиги, воқеа ва ҳодисаларни, муҳим иқтисодий-ижтимоий ва сиёсий жараёнларни тизимли, илмий таҳлил асосида эмас, балки баёнчилик, фактология ва публицистик асосда ёритилишига сабаб бўлган.
5. Асарда жуда кўп чалкашликлар ва жиддий хатоликларга йўл қўйилган. Жумладан:
Асар Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллигига бағишланган бўлса-да, ундаги жараёнлар 2006-2008 йилгача бўлган воқеалар билан чегараланган.
Асарнинг дастлабки бобида мамлакатнинг давлат рамзлари билан бирга, маъмурий-ҳудудий тузилиши ва бошқа маълумотлар ўз аксини топмаган.
Асарда воқеалар ва жараёнлар динамикаси, яъни 1991 йил сентябрдан ҳозирга қадар тадрижий таҳлил этилмаган.
Асарнинг бир нечта параграфлари доирасида катта ҳажмдаги қўшимча материаллар (расмий ҳужжатлар, Президент нутқлари ва бошқалар) илова қилинган. Улар деярли асарнинг ҳажмини 1/4 қисмини эгаллайди, аммо келтирилган материаллар шархланмаган ва пропорционал тарзда жойлаштирилмаган.
Тарихий воқеалар баёнида масалага даврийлик нуқтаи-назаридан хронологик хатоликларга йўл қўйилган. Айниқса, «бугунги кунда», «ҳозир», «ҳозирги вақтда» каби сўзлар 2000 ёки ўтган давр учун ишлатилиши тарихий воқелик даврини чалкаштиришга олиб келади. Айрим маълумотларнинг эса аниқ санаси, вақти мутлақо кўрсатилмаган (масалан: 129 бетда Ўзбекистон, Қозоғистон, Украина, Россия давлатларида ҳар минг нафар кишига тўғри келадиган амалдорлар сони ҳақида рақамлар қайси йилга мансублиги кўрсатилмаган).
Бундан ташқари муҳим тарихий воқеалар умуман эътибордан четда қолган ёки бузиб кўрсатилган. Масалан, 28-30- бетларда 1980 йиллар охиридаги муҳим тарихий жараёнлар қаторида 1989 йилда қабул қилинган “Давлат тили тўғрисида”ги Қонун ҳақида қайд этилмаган. 682-683 бетларда – мустақиллик йилларида Россия билан ҳамкорлик жараёнларида 1991-1999 йиллар тарих саҳнасидан тушиб қолган. 695- бетда кўрсатилишича – МДҲ 1991 йил 21 декабрда ташкил топган, деб таъкидланади. Ааслида эса МДҲ 1991 йил 8 декабрда ташкил топган ва 21 декабрда Ўзбекистон унинг таркибига кирган. 697-бетда Россия Федерацияси Президенти «Федератив Президент» деган тушунча сифатида ишлатилган. 732-бетда Т.Джеферсон АҚШ Президенти сифатида кўрсатилган, ваҳоланки, ушбу шахс АҚШнинг мустақиллик декларацияси муаллифидир. 12 бетда СССР 73 йил ҳукм сурган дейилади, аслида СССР 69 йил (1922-91), совет ҳокимияти эса 74 йил ҳукм сурган (1917-91). 56-бетда Ўзбекистон коммунистик партияси 1990 йил март ойидан Халқ Демократик партиясига айлана бошлади, деб таъкидланади, ваҳоланки, бу ҳол 1991 йил октябрида содир бўлди. Бундай камчиликлар асарда жуда кўп учрайди, улар алоҳида илова қилинади.
Маълумки, ҳар қандай жамиятда бир тузумдан иккинчисига ўтиш жараёнида қийинчиликлар бўлиши табиийдир. Бу ҳақда Президент И.А. Каримов бир неча бор таъкидлаб ўтган ва ўз асарларида батафсил тўхталган. Аммо асарда бу қийинчиликлар ва муаммоларга деярли қайд этилмаган, ваҳоланки, унда бу муаммолар сабаблари, улардан чиқиш йўллари, уларни бартараф этиш бўйича кўрилган чора-тадбирларнинг моҳияти ва йўналишлари очиб берилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Ўзбекистонда мустақилликнинг илк йилларидан амалга оширилаётган ислоҳотлар стратегиясида умумий йўналиш билан бирга, ижтимоий-иқтисодий соҳа-тармоқларни ислоҳ этишнинг алоҳида йўналишлари ҳам мавжуддир. Лекин асарда муаллиф биринчи масалага алоҳида тўхталиб, иқтисодиётда, ижтимоий соҳаларнинг ҳар бир тармоғида кечаётган тегишли ислоҳотларнинг моҳияти деярли очиб берилмаган (айрим тармоқларни, масалан, хусусийлаштириш жараёнини ҳисобга олмаганда). Хусусан, соғликни сақлаш тизими соҳасида ўтказиган ислоҳотлар ижтимоий ҳимоя масалалари таркибида ёритилган ва асарнинг мундарижасидан ўрин ҳам топмаган.
Асарда ижтимоий ҳимоя тизими масаласи ҳам илмий асосда тизимлаштирилмаган. Иқтисодиётда амалга оширилган ислоҳотлар жараёни ёритишда шундай камчиликлар кузатилади. Айниқса, VI бобда иқтисодий ислоҳотларнинг ўзига хос тамойиллари масалалари ёритилишида республика иқтисодиётига тааллуқли барча жабҳалари тартибли баён этилмаган, жадваллар таҳлилларсиз, фақат умуммамлакат миқёсидаги кўрсаткичлар (асосан 2000-2008 йиллар)ни акс эттирган. Бунинг устига республика иқтисодиётида иқтисодий регионларнинг ва вилоятларнинг ўрни ва роли очиб берилмаган.
Асарнинг тўртинчи боби юзасидан ҳам юқоридаги камчиликлар билан бирга, масала эҳтирослар билан (айниқса 2-параграф) ёритилган. Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг шаклланиш жараёни ҳам тўла очиб берилмаган, яъни фуқаролик институтлари таркиби, уларнинг шаклланиш жараёни ва хусусиятлари, фуқаролик жамияти институтлари билан давлат ва ҳукумат муносабатлари, ҳар бир сиёсий партиянинг сиёсий мақсадлари фарқланмаган, уларнинг шаклланиш босқичлари ёритилмаган. Ўз-ўзини бошқариш тизимининг Ўзбекистонда фуқоролик жамиятни шакллантиришдаги ноёб ўрни баён қилинмаган.
Мустақилликнинг 20 йиллигига бағишлаб чоп этилган асарда асрларга тенг бўлган истиқлол даври тарихининг бундай чалкашликлар, камчиликлар билан ёритилиши, муҳим масалаларнинг қисқа ва юзаки акс этиши, асарнинг илмий асосда эмас, балки ўта публицистик руҳда ёзилганлиги жиддий эътирозларга сабаб бўлиши табиий.
Хулоса қилиб айтганда 3 қисмдан иборат китобнинг ҳар уч жилди ҳам услубий, илмий, назарий жиҳатдан жиддий камчиликларга эга бўлиб, уларда айрим тарихий жараёнлар ва муаммолар, фактларнинг нотўғри талқин этилиши, масалага илмий асосда, холисона эмас, балки публицистик асосда ва эҳтиросли ёндашув устиворлик қилиши яққол кўзга ташланади. Кўчирмачилик холатлари, асарнинг ягона илмий концепцияга, тарих фанидаги илмий тадқиқот усулларига асосланмаганлиги, назарий-ғоявий ва манбавий асосларининг бўшлиги, бу китобларнинг илмий қиммати ва аҳамиятини янада пасайтириб, муаллифларнинг профессионал малакага, етарли даражада тажрибага ҳамда билимларга эга эмасликларидан, маъсул муҳаррир ва тақризчилар эса китобларга эътиборсизлик билан қараганларидан, тадқиқотнинг сифатсиз бажарилганлигидан далолат беради.
Якуний хулосага илова сифатида:
Ушбу китобларнинг нуфузли “ШАРҚ” нашриётида юқори сифатли қоғозда чоп этилганлиги катта ҳажмдаги маблағ сафр этилганлигидан далолат беради. Ўз-ўзидан эътироф этиладиган бўлинса, ушбу китоблар Давлат грант лойиҳалари асосида бажарилган. Демак бундан Давлатнинг миллионлаб сўмлик маблағи “ҳавога совурилган”лиги кўриниб турибди. Китоб муаллифлари, жумладан Н.Жўраев ўзининг кўплаб китобларини шу алфозда ёзган бўлса, таъкидлаш мумкинки, оддийгина кўчирмачилик қилиб мамлакат бюджети ва миллий илм фанга жуда катта моддий ва маънавий зарар келтирилган. Бу эса Ўзбекистон Республикасида ҳали ҳам кўплаб олимларнинг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонунга эътиборсиз, бефарқ муносабатда эканликларини кўрсатади.
(Давоми бор)