09 March 2008
04:00 -
23:00 - Водийда “Бирлик” фаолларининг анжумани
23:00 - Водийда “Бирлик” фаолларининг анжумани

Бугун Қўқон шаҳрида “Бирлик”нинг водийдаги Андижон, Наманган, Фарғона вилояти ташкилотлари фаоллари ўзаро йиғилиб, анжуман ўтказдилар. Конференция мақомидаги мазкур анжуманда “Бирлик” Партияси раисининг ўринбосарлари Пўлат Охун ва Ҳамдам Сулаймон, партия Бош котиби Васила Иноят, партиянинг Наманган вилояти бўлими раиси Носир Зокир, Фарғона вилояти бўлими раиси Адҳам Муҳиддинлар ҳозир бўлишди. Тадбирга келган “Бирлик”нинг туман бўлимлари раислари, маҳаллий фаоллар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари конференцияни қизғин баҳс-мунозарага айлантирдилар.

Хусусан, кун тартибидаги илк масала — партиянинг навбатдаги Қурултойига тайёрланиш бўйича режа ва ҳаракат дастури пишитиб олинди. Вилоят бўлимлари раислари март-апрель ойи давомида вилоят партия ташкилотларининг Қурултойолди конференцияларини ўтказажакларини билдирдилар. Конференцияларда вилоят бўлимлари сафларида юзага келган йўқотишлар (қамалган, қатағонга олинган фаоллар назарда тутилмоқда)нинг ўрнини тўлдириш, сафларни мустаҳкамлаш ҳамда партиянинг навбатдаги Қурултойига делегатлар сайлашга келишилди.

Кун тартибидаги ижтимоий-сиёсий вазиятни баҳолаш, сиёсий стратегияни мустаҳкамлаш бўйича барча конференция аъзоларининг фикрлари тингланди. Ўзаро баҳс ва тортишувларга айланган муҳокама мавзуи сўнгги кунларда демократик Ғарб ва АҚШ билан муносабатларнинг бироз юмшагани, ҳуқуқ ҳимоячиларининг озод қилиниши билан боғлиқ ҳодисалар атрофида кечди. Конференция қатнашчилари “Бирлик” раҳбарияти томонидан олға сурилаётган Ўзбекистонга нисбатан ҳар қандай самарасиз санкция ва изоляцияларни бекор қилишга эришиш, ЕИ, АҚШ сингари демократик дунё билан алоқаларни йўлга қўйиш фикри амалда ўз натижасини бера бошлаганини таъкидлашди.

Аммо ҳали дипломатик муносабатларнинг тўла бир механизми ишлаб чиқилмагани эътироф этилиб, бу борада инсон ҳуқуқлари ва демократия асосий мезон бўлиши лозимлиги қайд этилди. Шахснинг сиёсий ҳуқуқлари масаласига тўхталган конференция иштирокчилари демократик мухолифат рўйхатга олинганидан сўнггина мамлакатда ижобий маънодаги сезиларли ўзгаришлар содир бўлишига ишонишларини таъкидлашди.

Кейинги пайтларда турли интернет нашрларида партиянинг айрим хориждаги фаоллари томонидан уюштирилаётган провокацион чақириқлар ҳам муҳокама қилиниб, бу чорловларга нисбатан муносабатлар билдирилди. Хусусан, партиянинг Наманган вилояти бўлими раиси Носир Зокир ўзига бундан бир ойча муқаддам “Бирлик” билан мунтазам курашиб келаётган машҳур Марат Зоҳидов (!?) мурожаат қилиб, юрт ташқарисидаги “Бирлик”чилар гўё партия раҳбарияти, унинг олиб бораётган ишларидан норози экани, шу боисдан ҳам яқинда қурултой ўтказиш режалари борлиги, Носир Зокирни эса янги раис қилиб сайлашга келишилганини айтганини урғулади. Марат Зоҳидов партия раиснинг бугунги кунда Васила Иноят ва Пўлат Охундан бошқа қўлловчи дўстлари қолмаганини айтиб, уни ағдариб ташлаш ҳар жиҳатдан фойдали бўлишини таъкидлаган. Бу фитнанинг ортида конкрет манфаатлар турганини ҳис қилган “Бирлик”нинг Намангандаги лидери Зоҳидовнинг бу “жонкуярлиги” учун раҳмат айтиб, гапни қисқа қилган. Эслатиб ўтамиз, Марат Зоҳидов шу гапларидан бироз один Швецияда бўлган ва Тошкентга қайтгач, бир рус сайтида “ўзбек мухолифатининг текис сафларини бузиб ҳам келдим” деганди.

Маълумки, дейди мухбиримиз, интернет тармоғининг бир-икки қўлбола сайтида “Бирлик” Партиясини қайтадан халқ ҳаракатига айлантириш чақириғи билан чиққан партия раиси ўринбосари Исмоил Дадажон ва унинг ҳамфикрлари ўзларининг мантиқсиз ишларини давом эттиришмоқда. Бугунги конференция иштирокчилари Носир Зокир очган сирдан хулоса чиқараркан, сафдошларининг бу ножиддий ҳаракатидан ўнғайсиз аҳволга тушишганини яширишмади. Партия раиси ўринбосари Пўлат Охун, раис ўринбосари Ҳамдам Сулаймон, Фарғона вилояти бўлими раиси Адҳам Муҳиддин ва партиянинг бошқа раҳбарлари сафдошларининг бу ҳаракати қандайдир қарор қабул қилиш даражасида жиддий эмаслиги, қолаверса, Исмоил Дадажон ва унинг шериклари ўзларини тузатиб олишлари учун имконият борлигини эътироф этишиб, масалани очиқ қолдиришди.

Конференция иштирокчилари партиянинг навбатдаги Қурултойи, унинг эндиги ҳаракат стратегияси, мавжуд ижтимоий-сиёсий вазиятган баҳо бериш муҳим эканини урғулаб, партиянинг ички интизомий қоидаларига амал қилиш, ўзаро муносабатларни соғломлаштириш фаолият давомида ўнгланиб боришига умид билдирдилар. Бугунги конференция шубҳасиз Ўзбекистон - Ғарб муносабатларининг илиқлашуви натижаси ўлароқ эсиб ўтган қандайдир демократик шабаданинг шарофати билан тинч, тазйиқларсиз ўтгани таъкидланди. Конференция ишчан кайфиятда ўтди, унда тегишли қарорларга келинди.

Партия раиси Абдураҳим Пўлат Қўқондаги йиғилишнинг кун тартибига киритилиши аввалдан маълум бўлган масалалар бўйича ўз фикрларини ёзма равишда юборди ва йиғилишни уюштиришда феълан иштирок этди. У йиғилиш бошланганда бу ерга телефон қилиб, сафдошлари билан қисқа суҳбат қилди.

Конференциядан сўнг Андижонга қайтган Пўлат Охун, Мусажон Бобожонов, Нурмуҳаммад Азизов Қўқон-Ёзёвон йўлида икки ДАН ходими ва фуқаро кийимидаги вилоят ИИБ терроризмга қарши кураш бошқармаси ходими (бошлиғи ўзини Умид Ҳасанов деб таништирди) томонидан тўхтатилиб, текширилди. Уларнинг шахсини аниқлаш, бўлинмага олиб бориб текшириш кераклиги юзасидан тегишли тартибда баённома тузилди. Пўлат Охуннинг айтишича, Қўқон тарафдан келган русуми ГАЗ 21-07 бўлган амтомашинадаги фуқаро кийимидаги шахс миршабларга келиб, нимадир дегач, “Бирлик” фаоллари ошиғич равишда қўйиб юборилди. Ҳатто ДАН ходими бу ерда машина билан тўхташ мумкин эмаслигини айтиб, тезроқ кетишни талаб қилди.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону