21 November 2012
00:11 - Ҳайрон қолиш керак: Ўзбекистонда ЯИМнинг 82,5 фоизи нодавлат секторда яратилибди, Ўзбекнинг қўрқоқлигини чегараси борми?

Мавжуд режимнинг қўғирчоқ ахборот воситалари Статистика Комитетига асосланиб, шу йилнинг 9 ойида Ялпи Ички Маҳсулотнинг (ЯИМ) 82,5 фоизи нодавлат секторда, фақатгина 17,5 фоизи давлат секторида яратилганини билдирдилар. Булар - мамлакатимиз бозор иқтисодига амалда ўтаётганини кўрсатувчи олқишга сазовор рақамлардир.

Табиий, бу рақамларнинг қанчалик тўғрилиги бўйича маъсулият ахборот воситаларида эмас, Статистика Комитетида. Аммо, бу рақамларни, умуман, ҳукуматнинг турли маълумотларини анализ қилиш - ахборот воситаларининг вазифасидир. Демак, ҳукуматнинг маълумотлари ёлғон эканлиги кўриниб турса-ку, улар таҳлил қилинмасдан халқни алдаш йўлида ишлатилса, маъсулият, қолаверса, жавобгарлик ахборот воситаларининг ўзидадир.

Хўш, Ўзбекистондаги ахборот воситаларида ишлайдиганлар шунчалик аҳмоқмики, ҳукумат тарқатаётган рақамлар ёлғон эканлигини билишмайди?

Ахир, Ўзбекистонда СССР замонида ҳам, ЯИМнинг 90 фиоизга яқини колхозларда, яъни нодавлат секторда ишлаб чиқариларди. Бироқ, колхозларни нодавлат сектори деб ҳисоблайдиган аҳмоқ ўша пайтда ҳам йўқ эди. Ҳозир ҳам шундай. Ўзбекистонда ҳозир ЯИМнинг сал кам 51 фоизи фермер ва деҳқон хўжаликларида яратилади. Аммо, фермер ва деҳқон хўжаликлари хусусий секторми, нодавлат секторми?

Маълумки, Ўзбекистонда ер давлатники. Демак, фермер ва деҳқон хўжаликлари давлатнинг ерида ишлашади. Улар ўзлари истаган маҳсулот етиштира оладиларми? Йўқ. Улар давлат истаган нарса етиштиришга мажбурлар. Мажбуриятлари – асосан пахта етиштириш. Улар ўз маҳсулотларини, масалан, пахтани ўзлари истаган ерда сота оладиларми, нархни бозорда ўзлари белгилайдиларми? Йўқ. Улар пахтани давлатга, давлат белгилаган нархда, сал кам текинга топширишга мажбурлар.

Шундай шароитда фермер ва деҳқон хўжаликларини нодавлат сектори дейиш учун ўзбек журналистлари аҳмоқ бўлишлари керак. Улар аҳмоқ эмас, диктатура шароитида шандай қилишга мажбурлар дейдиганлар ҳам топилиши мумкин.

“Бирлик” бундан 23 йил аввал Ўзбекни қайтадан миллат қилиш учун кураш бошлади. Ичидан чиққан 53-54-чи хоинлар “Митинг қилиш кўча чангитиш” деб курашни йўқ қилдилар. Ўшанда миллатни ҳимоя қилмаган ўзбек журналистлари нимадан қўрққан эди?

Ўзбек миллатчилари Қирғизистонда ўзбеклар тириклайин ёқилганда оғиз очишмади. Қўрқишган эмиш. Ўзбек журналистлари ҳам ҳақиқатни ёзишмади. Қўрқишган эмиш!

Фақат бир гуруҳ бирликчи-эзгуликчилар “Ўзбекларга қарши геноцид тўхтатилсин” деб кўчага чиққанларида, ўзбекнинг миллатчилари охурда овқат ейиш билан овора бўлмадиларми? Халқ тилида "бирдамлик-ҳаромийлик" деб ном олган расмни кўриб турибсиз. Қаранг, охурда овқат ейишдан қўрқишмабди. Майдонга чиқишга эса қўрқишганди.


Қўрққанлар кимдан қўрқишади ўзи? Иқтисоди чўкиб бораётган Ўзбекистонда сўнгги кунларини кечираётган режим хизматкорлариданми?

Улардан қўрқиш учун одам аҳмоқ бўлиши керак. Ахир, ўша хизматкорларнинг ўзи эртага аҳволимиз нима бўлади деб қўрқиб-титраб ўтиришган пайтда, улардан қўрқишни қандай тушуниш мумкин. Гап нимада? Гап қўрқишда эмас, ўзбеклар, биринчи навбатда, ўзбек зиёлилари миллат сифатини йўқотиб, ош ейиш ва ош беришдан бошқа нарсани билмай қолган тўдага айланганида эмасми?.

Ўзбекистонда ҳақиқий хусусий сектор яратилмагунча, иқтисодимиз жиддий ўлчовда юксалмайди. Киши бошига ЯИМ ҳажми бўйича ҳозир Қозоғистондан 8 баравар орқадамиз, вақт ўтган сари, бундан ҳам орқада қолаверамиз. Россия ва Қозоғистоннинг қулларига айланамиз. Аммо, қаерга борсак, бошда дўппи билан ғоздек юраверамиз. Қўрқоқлигимизни биров кўриб қолмаса бўлгани. Чунки, биз учун муҳим бўлгани – дўппи, қўрқоқлигимиз эмас. Мардлик тўғрисида гапиришнинг ҳам кераги йўқ. Бу – ўзбек учун бегона тушунча.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону