24 January 2008
04:00 -
18:00 - Лидерлик пойгасида бош 53-54-чининг асаби чидамади 17:00 - Эркин Халилов ишдан кетди, унинг тақдири нима бўлади? 9:30 - Яна бир одам сохта айб билан қамалди (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи, № 4, 22.01.2008)
18:00 - Лидерлик пойгасида бош 53-54-чининг асаби чидамади

Сўнги йилларда Эрк” партиясининг 53-54-чилар номи олган фракциясига оид сайтлари зўр бериб бош 53-54-чи Салой Мадаминни мухолифатнинг лидери қилиб кўрсатиш учун турли сўровномалар ўтказишгани хабарларимиздан маълум. Аммо ҳар сафар сайт ўқувчилари Абдураҳим Пўлатни лидер деб белгилашгандан кейин сўровнома натижалари сохталаштирилди, бу ҳам фойда бермагач, Эркинюрт, Узбекистонерк сайтлари бекитилди.

Турли сўровнома натижаларини 53-54 фойдасига очиқдан-очиқ сохталатиришни касб қилиб олган Исёнкор сайтидаги охирги сўровнома ҳам “Бирлик” Партияси ва Абдураҳим Пўлат фойдасига бўлавергандан кейин, Салой Мадамин асабига ҳоким бўлолмай қолди. Бугун маълум бўлишича, унинг югурдаклари кимнинг лидерлиги хусусидаги сўровномани сайтдан олиб ташлаб, унинг ўрнига Абдураҳим Пўлатни ҳақоратлашга ҳаракат қилинган янги саволлар қўйишибди, аммо, натижа яна улар кутмагандек бўлибди.

Ўша сайтда “Сизнингча Абдураҳим Пўлат ким?” номли сўровнома саволларига берилган овозларнинг тақсимоти бугун қуйидагича.

Яхши одам – 31 овоз (20%)
Мўътадил сиёсатчи – 14 (9%)
Ичиқора ва разил одам – 29 (19%)
Мухолифат лидери – 68 (44%)
Мураккаб характер эгаси – 3 (2%)
Жуда ёмон одам –4 (2%)

Салай Мадамин ва унинг югурдаклар шунчалик тубанлашиб ҳам ўзлари истаган натижага эришолмай асаблари бузилаётганини тушуниш мумкин.


17:00 - Эркин Халилов ишдан кетди, унинг тақдири нима бўлади?

Кеча Ўзбекистон Олий Мажлисининг узоқ йиллик спикери Эркин Халилов истеъфога жўнатилди. Олий мажлис мустақил эмас, ҳукуматнинг истакларини қонунлаштириб бериш вазифаси юклатилган қўғирчоқ муассаса бўлгани сабабли, спикернинг алмашиши фавқулодда аҳамиятли сиёсий воқеа эмасдек кўринади. Аммо, нима бўлганда ҳам, Эркин Халилов режимбошининг ишонган тоғларидан бири эди. Айнан шу жиҳати билан бу воқеа муҳим аҳамият касб этади.

Ҳозир Эркин Халилов ўз арзандаси касрига қолгани, яъни ўғли Шерзод билан низолашган ўспиринларни узоқ йиллик қамоққа маҳкум эттиргани ва кейинчалик бу воқеа ҳуқуқ ҳимоячиларининг саъй-ҳаракатлари билан катта тўпалонга айланиб кетгани сабабли курсисидан маҳрум бўлгани гапирилмоқда. Дарҳақиқат, ана шу хилдага қараш ҳақиқатга яқин. Президент Ислом Карим атрофидагиларни бир-бир янгилаш, шу орқали оммада яна умид-ишонч уйғотиш сиёсати олиб боришга мажбурлиги шубҳасиз.

“Ҳаракат” агентлигининг хабарлар тасмасида Эркин Халилов билан боғлиқ можаро тўла ёритиб борилган, “Эзгулик” жамияти билан спикер ўртасидаги даҳанаки жанг тафсилотлари кунма-кун чоп этилганди. Шундай бўлса ҳам, Спикернинг ана шундай ҳолга келишига сабаб бўлган воқелар ривожини яна бир марта эслашдан фойда бор.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти ўзининг 2007 йил сентябрь ойидаги “Спикернинг боласига қўл кўтарма, Жаслиққа кетасан” номли пресс-релизида Тошкент шаҳрида яшовчи беш ўспириш спикернинг ўғли билан ўзаро муштумзўрлик қилгани, ана шу бир мушт ўспиринларнинг 17 йиллик қамоқ жазоси орқали сиёсий лагерга жўнатилиши билан хотима топгани айтилганди. Бу релиз оммавий ахборот воситаларида кампания даражасига кўтарилди. Аммо мамлакатдаги коррупциявий занжир туфайли суд ҳукми дахлсиз қолаверди.

Октябрь ойи бошида Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича Варшава шаҳрида бўлиб ўтган саммитининг диққат-эътиборини “Спикер воқеаси”га қартган “Эзгулик”чилар энди амалий натижага эриша бошлагандилар. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ўспиринларгат нисбатан чиқарилган ҳукмни 4 йилга, ҳатто бир болага нисбатан 2 йилга туширди. Бу – спикерга берилган биринчи зарба бўлди.

Бундай омадсизликдан довдираган Эркин Халилов ноябрь ойи ўрталарида ўзига нисбатан сохта суиқасд провакациясини ўйлаб топди. Бир қанча оммавий ахборот воситаларида гўё ўспиринларнинг ота-оналари томонидан унга суиқасд ясалгани, ўзининг ҳукуматга қарашли 1-стационарда даволанаётгани ҳақида бонг урди. Бунга ҳатто бир неча мухолифат фаоллари ҳам жалб қилинди. Тошкент шаҳар прокуратураси қўзғатган жиноят иши тергови чоғида далиллар суиқасд воқеаси сохта экани туфайли тўхтатилди. Шу билан парламентнинг 15 йиллик спикерига иккинчи зарба берилди.

Конституция байрами олдидан Президент девонида ўтказилган тор доирадаги мажлисда Эркин Халиловдан ишдан бўшаш ҳақидаги ариза олинганли ҳақида гаплар тарқатилди. Аммо, бу воқеа муҳим сиёсий спектакль - сайлов пайтига тўғри келгани учун у парламентнинг навбатдаги ялпи мажлисида ишдан олиниши айтилди.

Ва, ниҳоят ўша кун кеча, 23 январга тўғри келди. Парламент спикери сайлов спектаклидаги малоҳатли актириса Дилором Тошмуҳаммедова этиб тайинланди.

Бу пайтга келиб, Амнистия акти билан дарҳол озодликка чиқарилиши лозим бўлган ўспиринларнинг бўйнига жазони ижро этиш муассасаларида тартибни бузганлик айби осилганди. Улар Халиловнинг ҳокимиятдаги ҳалигача таъсири, жиноий гуруҳнинг бошқа аъзолари — ишнинг терговига раҳбарлик қилган Ички ишлар вазири ўринбосари А. Шарофутдинов ҳамда катта-кичик прокурорларнинг таъсири остида Амнистия ҳуқуқидан маҳрум бўлишди. Султон суягини хорламас, нақлига амал қилган Олий суд раҳбариятининг қаҳрига учради. Ваҳоланки, иш суд томонидан қайта малакаланиши, ўспиринларга қўйилган жиддий айбловлар қайта кўриб чиқилиши лозим эди.

Мазкур воқеалар арафасида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига келиб турган ўспиринларнинг ота-оналари “Эзгулик”дай адолатпарвар ташкилот очиб қўйгани учун Ислом Каримга овоз беришганини айтишди. Содда, бегидир бу одамларнинг сўзлари, эътирофидан жамият фаоллари сиёсий мақсадларда, ўзларининг имижини мустаҳкамлашда фойдаланишмади. Аксинча, уларнинг болалари озод қилиниши учун коррупция занжирининг бошқа халқаларини ҳам узишга уриниб ётибдилар.

Режимбошининг аравасидан бевақт туширилган спикернинг кейинги тақдири бирмунча мураккаб кечадигандек, уни қўлида вақтинчалик қолган “оддий” депутатлик мандати ҳам, пойтахт ва вилоятларда жойлашган ширкат-у бензоколонкалари ҳам ҳимоя қилолмайдигандек кўринмоқда. Чунки энди ҳокимиятда ўрни бўлмаган шахс бир гала итлар ихтиёрига берилган ахлат сингари прокуратура изнига топширилса керак.

9:30 - Яна бир одам сохта айб билан қамалди (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи, № 4, 22.01.2008)

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамиятига Тошкент шаҳрида истиқомат килувчи фуқаро Омон Убайдуллаев мурожаат килиб, унинг угли Алишер Тошкент вилояти МХХ бошқармаси ходимлари томонидан ҳибсга олингани, дастлабки тергов ва сўроқларда унга қўйилган айбловлар тасдиғини топмаганини таъкидлаган. Унга нисбатан ҳуқуқий ёрдам берилишини сўраган. Маълум бўлишича, фуқаро А.Убайдуллаев 2005 йил май ойида Лондон шаҳрида бўлиб, Ўзбекистоннинг мамлакатдаги дипломатик ваколатхонаси ёнида ўтказилган норозилик акциясида қатнашганликда гумон қилинган. Ўзбекистонга кайтгач, уни Андижон вокеалари юзасидан олиб борилган тергов ва суриштирувлар жараёнида камоққа олинган.

Миллий хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бошқармаси терговчиси А.Аулов томонидан олиб борилган иш матриалларига кўра, Жиноят Кодексининг 244(2)-моддаси билан айбланган Алишер Убайдуллаевнинг қилмишига оид ҳолатлар гувоҳлар кўргазмаси, ашёвий далиллар билан асослантирилмаган. Шундай булишига қарамай терговчи айбланувчини эҳтиёт чораси сифатида 2007 йилнинг 10 августидаёқ камоққа олган. 2007 йилнинг 23 ноябрида Тошкент вилояти Зангиота туман суди судья Муҳаббат Ходжаева раислигида ушбу жиноят ишини куриб чиқиш учун қабул қилинди. Суд 2008 йилнинг 22 январида айбланувчини 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этди.

Юқорида зикр этилган жиноят ишини ўрганиш, маҳкама жараёнида жамоатчи ҳимоячи сифатида иштирок этиш учун жиноят ишлари бўйича Зангиота тумани судига борган жамият раиси В.Иноятовага асоссиз равишда рад жавоби берилди ҳамда маҳкама жараёни номаълум муддатга тўхтатиб қўйилди. Маҳкамада судланувчи А.Убайдуллаевнинг манфаатларини ҳимоя қилаётган адвокат Исақул Усмоновнинг таъкидлашича, суд жараёни айблов позициясидан олиб борилган, судланувчи тергов давомида оператив ходимлар томонидан қийноққа солинган, оғир тан жароҳати етказган. У оқибатда сохта жиноятни бўйнига олишга мажбур бўлган. Судда бу ҳакдаги кўрсатмалар, гувоҳлар сўзлари ва ишни сидириши мумкин бўлган бошқа далиллар инобатга олинмаган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти мазкур жиноий иш материаллари сиёсийлаштирилган, сохта мотивлар билан асослантирилган, деб ҳисоблайди. Шу боисдан ҳам жамиятимиз Республика Бош прокуратураси, Олий суди, Миллий хавфсизлик хизмати раҳбарияти диққатини мазкур ишга қаратиб, бу борада жамоатчилик хабардор қилиниши лозим, деб ҳисоблайди.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону