21 July 2012
00:45 - Вазирлар Маҳкамасининг биринчи ярим йиллик якунлари бўйича ўтказган масхарабозлик йиғилиши ҳақида
17 июлда Вазирлар Маҳкамаси жорийдаги йилнинг биринчи ярмида бўлган ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунларига бағишланган мажлис ўтказгани ҳақида давлатнинг расмий ва қўғирчоқ агентликларни берган хабарларни “Ҳаракат” сайтида қайтаришни ҳам истамагандик. Чунки, бу мажлис навбатдаги масхарабозлик бўлиб, у ҳақда берилган хабарлар хам масхарабозликдан бошқа нарса эмасди.

Масалан, биронта хабарда бу мажлисда кимлар қатнашгани, кимлар гапиргани ва нималар гапиргани айтилмайди. Бошқаларни қўйиб туринг, Бош вазир у мажлисда бор-йўқлиги тилга олинмайди. Телеканалларда кўрсатилган лавҳаларда ҳам Бош вазир Шавкат Мирзиё йўқ. Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида сал кам 25 йилдан бери “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлатнинг исми бирон марта тилга олинмагани кўп гапирилади, бунинг сабабини ҳамма тушунади. Аммо, Бош вазирнинг номини тилга олмаслик, уни ТВда кўрсатмаликнинг маъноси нима?

Ўзбекистон режимининг навбатдаги қўғирчоқ сайти olam.uz бугун ёзишича, бу сайтга бир ой ичида бир миллион киши кирибди. Наҳотки улар Бош вазир ҳақида ҳеч бўлмаса шу сайтда бирон нарса чиқиб қолармикан дея у ерга киришмоқда. Акс ҳолда, улар бу сайтдан нима қидиришмоқда?

Дарвоқе, Вазирлар Маҳкамасининг 17 июлдаги мажлиси ҳақидаги хабарларни ўқиган ўзбекларда қуйидаги саволлар ҳам пайдо бўлармикан:

Биринчи ярим йилликда Ўзбекистонда Ялпи Ички Маҳсулотнинг ўсиши 8,1%ни ташкил этибди. Аммо, ЯИМнинг абсолют миқдори қанча? Нега ЯИМнинг абсолют миқдори хабарларда тилга олинмайди. Ёки у мажлисда ҳам тилга олинмадими? Мажлисдагилар нимани муҳокама қилишди ўзи?

2012 йилнинг биринчи ярим йиллигида 510 мингдан зиёд янги иш ўрини яратилибди. Бу кўпми ёки оз, етарлими ёки етарсиз? Етарли бўлса, чет элларда мардикорлик қилиб юрган миллионлаб ўзбеклар қайтишга бошлайдими? Етарсиз бўлса, бу масала билан ким шуғулланади, миллионлаб ўзбекларнинг тақдири нима бўлади?

Қолаверса, Ўзбекистондаги ўзбек журналистларининг ўзи қачон бу каби саволлар устида ўйлашга бошлашади? Хабарчиликда масхарабозлик қачон битади?

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону