19 July 2012
18:23 - Тошкент аҳолиси чиқиндиларни таркибига қараб рангли пакетларга саралайдиган бўлди
2012 йил 1 августдан Тошкент шаҳрида “Маиший чиқиндиларни ажратиш, тўплаш, йиғиш ва ташкилий равишда олиб чиқиб кетиш бўйича қоидалар” кучга киради. Қоидалар шаҳардаги санитария-эпидемиология вазиятини яхшилаш ва тозаликни сақлаш мақсадида Халқ депутатларининг Тошкент шаҳар кенгашида қабул қилинди ва маъқулланди.

Янги қоидалар барча ташкилотлар, корхоналар, идоралар, муассасалар, пойтахт аҳолиси ва меҳмонларига тегишли бўлади.

Шу муносабат билан барча жисмоний ва юридик шахслар учун маиший чиқиндиларни таркибига қараб аралашнинг ягона қоидалари амал қилади. Чиқиндилар 5 турга ажратилади. Хусусан, пластмасса чиқиндилари: баклажкалар, пластик идиш ва бошқалар мовий рангли пакетларга жойлаштирилади.

Оқ пакетлар қоғоз чиқиндиларига мўлжалланган: картон, эски газета ва журналлар ҳамда бошқа қоғоз буюмлар.

Сариқ пакетларга озиқ-овқат чиқиндилари, яъни овқат қолдиқлари, мева ва сабзавотлар, полиз экинларининг пўчоқлари солинади.

Юқоридаги тоифаларга кирмайдиган чиқиндилар эса қора рангли пакетларга солиниши керак.

Вазифасини ўтаб бўлган симобли лампалар учун махсус контейнерлар ўрнатилади, улар симоб чиқиши ва унинг ерга ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларига киришидан ҳимоя қилади.

Пакетларга саралаб солинган чиқиндилар худди шу рангдаги мовий, оқ, сариқ ва қора контейнерларга ташланиши керак. Симобли лампалар учун контейнерларга махсус жой ажратилади.

Чиқиндиларни бинолар, уйлар ва чиқинди учун мўлжалланмаган жойларга ташлаш қатъиян ман этилади, деб ёзади “Тошкент оқшоми” нашри.

Чиқиндиларни тўплаш ва сақлаш жойлари санитария-гигиена меъёрлари ва талабларига жавоб бериши ҳамда чиқиндилар турлари учун етарлича контейнерлар билан жиҳозланиши зарур.

Шу муносабат билан, Ободончилик бош бошқармаси ва туман ҳокимликларига шаҳар Бош архитектура бошқармаси билан ҳамкорликда пойтахт кўчалари ва жамоат жойларида тегишли ахлатдонларни ўрнатиш бўйича режани ишлаб чиқиш топширилди.

Шунингдек, Савдо, хизматлар ва халқ истеъмоли товарларини ишлаб чиқариш соҳаси департаменти ҳамда Савдо-саноат палатасига рангли пакетларни ишлаб чиқариш ва Тошкентдаги барча дўконларда ҳамёнбоп нархларда сотиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш топширилди. // olam.uz

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону