22 November 2007
04:00 -
20:00 - Покистонда нима бўлмоқда ва Генерал Мушарраф ким ўзи
20:00 - Покистонда нима бўлмоқда ва Генерал Мушарраф ким ўзи

Ғарб ва рус матбуоти унинг исми-шарифини Первез Мушарраф деб ёзади. Ҳарҳолда Первез исми ўзмизда ҳам бор бўлган Парвознинг бироз бошқача ёзилиши ва айтилиши бўлса керак.

Аммо, ҳозир ҳеч кимни унинг исми қандай ёзилиши қизиқтираётгани йўқ. Ҳаммани қизиқтираётган нарса – ядровий қуролга эга бўлган бирдан-бир мусулмон мамлакати, бунинг устига ислом экстремизимининг ўчоқларидан бири, сиёсий барқарорлик ҳеч қачон бўлмаган Покистоннинг бугунги аҳволи ва келажагидир. Табиий, ҳамма ривожланмаган ўлкалар каби у коррупция ботқоғига ҳам ботган. Кашмир муаммоси туфайли қўшниси Ҳиндистон билан салкам уруш ҳолатидаги ўлка. 60-чи йилларнинг охирида ростакам уруш ҳам бўлган. Урушни тўхтатган Тинчлик шартномаси Тошкентда имзоланган. Шартномани имзолаш учун келган Ҳиндистон президенти Лал Баҳодир Шастри шу ерда юрак ҳуружи туфайли оламдан ўтгани ўзбеклар яхши биладиган воқеа.

Покистон минтақада ўз ролини ошириш учун ҳам ҳаракат қилиб келганини билишимиз керак. Толибон ҳаракати Афғонистонни назорат остида тутиш мақсадида Покистон махсус хизматлари томонидан тузилгани дунё тарафидан сал кам расман эътироф этилади. Президент Мушарраф Толибонни очиқча ҳимоя қилиб келган. Бунинг исботларидан бири – унинг Известия газетаси мухбири Георгий Зотов билан 2001 йилда ўтказган суҳбатидир. У суҳбат “Ҳаракат” журналида ҳам қайта босилганди (№ 3(30), 2001 йил).

“Эрк” партиясининг ўша пайтдаги лидерлари ҳам Тоҳир Йўлдош воситасида Толибондан ёрдам олиш ва шу йўл билан Ўзбекистонда исломий давлат қуриш xаёллари билан юришганини ҳозир ҳамма билади.

Генерал Мушарраф 2001 йил 11 сентябрдаги террор воқеаларидан кейин, асосий иттифоқчиси АҚШнинг босими остида Толибонга муносабатини ўзгартирди. Энди қаранки, ҳозир Толибон Покистоннинг бошидаги балолардан бирига айланди.

“Эрк” партиясининг умидлари ҳам битди ва унинг лидерлари яна демократия маскасини кийишга мажбур бўлишди. Аммо, ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деганларидек, ҳозир бу партиянинг 53-54-чилар фракцияси Ҳизб-ут-Таҳрир позициясига ўтиб бораётгани унчалик хайрон қоладиган воқеа эмас.

Парвоз Мушаррафнинг номи билан боғлиқ кенг тарқалган янглиш бир фикр бор. Маълумки, у 1999 йилгача мамлакт армиясининг Бирлашган Бош штаби бошлиғи эди. У ўша йили давлат тўнтариши қилиб, ҳокимиятни қўлига олди ва 2 йилдан кейин ўзини президент қилиб сайлатди. Аммо, Бирлашган Бош штаб бошлиғи ҳам бўлиб қолаверди, ҳозир ҳам шундай.

Шу йил 6 октябрда у яна президент қилиб янги муддатга сайланди, бироқ, мухолифат у армиядаги лавозимидан кетмаса, президент бўла олмаслигини рўкач қилиб, Мушаррафга қаршилик кўрсатмоқда. Мухолифатнинг умиди - агар Мушарраф Бирлашган Бош штаб бошлиғи лавозимидан кетса, уни президентликдан ҳам кетказиш осонлашишида.

Ҳозир дунё матбуотида Мушарраф конституцияга хилоф равишда мамлакат қўшинларининг Бош Қўмондони бўлиб тургани кўп ёзилмоқда. Бу хато. Чунки, кўпчилик мамлакатларнинг конституциясида президент ўз мамлакати қўшинларининг Бош Қўмондани эканлиги ҳақида модда бор. Хусусан, АҚШда ҳам Ўзбекистонда ҳам.

Аслида гап, юқорида айтилганидек, Мушаррафнинг Бирлашган Бош штаб бошлиғи ҳам бўлиб қолаётганидадир. Ҳеч бир мамлакатнинг конституциясида президент ўз қўшинларининг Бош штаб бошлиғи бўлолмаслиги ҳақида чегара йўқ. Аммо, мантиқан президент бундай лавозимни эгалламаслиги керак.

Покистондаги навбатдаги сиёсий кризиснинг расмий тарафи шу чалкашликдан иборат. Лекин, унинг асл сабаби, моҳияти – ҳар доим ва ҳамма ерда бўлгани каби, ҳатто, ўлим арафасида ҳам, ҳокимият учун кураш.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону