17 October 2007
03:00 -
23:00 - Туркия парламентининг курд террористларига оид қарорининг таъсири Ўзбекистонгача етиб келиши мумкин 22:00 - Икки мансабдорнинг устидан жиноят иши қўзғатилди - Ўзбекистон суди маҳкамасида ЦРУ вакили қатнашди(ми)?
23:00 - Туркия парламентининг курд террористларига оид қарорининг таъсири Ўзбекистонгача етиб келиши мумкин

Бугун Туркия Буюк Миллат Мажлисида ҳеч бир шубҳасиз тарихий деб баҳоласа бўладиган қарор чиқарилди. Лойиҳаси Ражаб Тойиб Эрдўғон бошчилигидаги Туркия ҳукумати трарафидан тайёрланган бу қарорга кўра, Турк қўшинларига курд террористларини таъқиб этиб, Шимолий Ироққа кириш учун рухсат берилди.

450 кишилик парламентнинг 426 аъзоси қатнашган бу мажлисда 409 киши қарор учун “ҳа” деди, 19 киши қарши овоз берди. Авввалига АҚШ давлат Котиби Кондолиза Райс, бугун эса айнан Туркия парламентида шу масала кўрилаётган пайтда президент Жорж Бушнинг ўзи бундай қарорга қарши эканликларини, бундай қарор қабул қилинса, биринчи навбатда, Туркиянинг ўзига ёмон бўлишини гапирдилар. Шундай бўлса ҳам, бу қарор Туркия парламентида кутилгандан ҳам кўпроқ овоз билан қабул қилинди.

Туркияни бундай қарор қилишга мажбур қилган муҳим факторлар қуйидагилар:

- Сўнгги ойларда курд террористларининг фаоллашиши натижасида ҳам аскарлар ҳам тинч аҳоли ичидаги талофатнинг кескин кўпайиши;
- Курд террористлари Шимолий Ироқдаги курд маъмурияти ва ҳатто бу ердаги АҚШ қўшинларидан ёрдам олаётгани ҳақидаги тўла тасдиқланмаган хабарларнинг кўпайиши;
- Бундан бир неча кун илгари АҚШ Конгрессининг Ташқи ишлар комитетида туркларни ўтган аср бошларида арманиларга қарши геноцид сиёсати олиб борганликда айбловчи баёнотнинг қабул қилиниши.

Туркия бугун қабул қилинган қарорларни амалга оширишни бошласа, НАТО аъзолари бўлган Туркия ва АҚШ ўртасида катта низолар чиқиши аниқ. Чунки, АҚШ қўшинлари Ироқда оғир аҳволда, курдлар эса, ҳар доим уларнинг ҳамкори бўлишган. Унутмаслик керакки, Исроил ҳам доим курдларни дастаклаб келган.

Бунинг устига, Эрон ҳам вақтдан фойдаланиб, Шимолий Ироқда феълан мухтор жумҳурият қуриб олган курдларга қарши жанглар бошлаши мумкин. Агар Туркия ва Эрон Ироқнинг Курдистон деб ном олган бўлимини босиб олишса, Ироқнинг қолган қисми ҳам сунний ва шиа араблари томонидан бўлиб олинади.

Хуллас, Туркияниннг бугунги қарори НАТО-Туркия, Тукия - Араб дунёси муносабатларини тубдан ўзгартириб юбориш билан бирга, фақат Ўрта Шарқдаги эмас, балки, бутун дунёдаги воқеаларга катта таъсир кўрсатиши мумкин.

Уларнинг таъсири ҳатто Ўзбекистонгача келиши ҳеч гап эмас. Чунки, Исроил Каримов режимининг энг катта таянч нуқталаридан биридир, аммо мавжуд шароитда Исроил лоббисига қўл силтаган АҚШ маъмурияти Ўзбекистон ҳукуматига қарши кескин қадамлар қилишга ўтиши эҳтимолдан узоқ эмас.

22:00 - Икки мансабдорнинг устидан жиноят иши қўзғатилди

Ўзбекситоннинг йирик тижорий ширкатларидан бўлган “Ўзбекбирлашув” акциядорлик жамиятининг тугатилгани, ташкилотнинг раҳбарлари томонидан қатор талон-тарожларга йўл қўйилгани ҳақида аввалги хабарларимизда таъкидлагандик. Айни кунга келиб, компанияни тугатиш комиссияси раҳбари Маринбой Бекчанов ҳамда компания негизида ташкил этилган “Ўзқишлоқсавдо” маъсулияти чекланган жамияти раиси Ғулом Собировларга нисбатан ЖКнинг 168- (Фирибгарлик), 175- (Давлат манфаатларига зид битимлар тузиш) ҳамда 205-(Мансаб ваколатини суиистеъмол) қилиш сингари моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.

Тошкент шаҳар прокурори Бадриддин Валиевнинг таъкидлашича, мазкур раҳбарлар ҳукумат қарори билан ташкил этилган “Уз Россел Траде” Россия - Ўзбекистон қўшма корхонаси маблағларини ўзлаштирган ҳамда россиялик инвесторларни чув туширган. Мухбиримизнинг таъкидлашича, мазкур жиноят иши Маринбой Бекчановга тегишли тўртинчи жиноят иши бўлиб, аввал ҳам бу шахс 3 марта сувдан “қуруқ” чиққан эди.

Ўзбекистон суди маҳкамасида ЦРУ вакили қатнашди(ми)?

Бугун жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди собиқ Ички ишлар вазири Зокир Алматовнинг жияни Абдуворис Исмоиловнинг ишини аппелация босқичидан кўришга бошлади. Авввал хабар қилганимиздек, дастлабки босқич суди Исмоиловнинг 6 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм ўқиганди.

Буни қарангки, бугунги маҳкамада Исмоилов салкам қаҳрамонга, гўё режимдан жабр чеккан мазлумга айланди. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон раҳбарияти амалда турар экан, унга нисбатан қамоқ жазоси қўлланаверади. Яъни, у салкам сиёсий маҳбус.

Дастлабки суд ҳукми устидан аппелация судига шикоят қилгани, унинг адвокати Янгибоевнинг таъкидлашича, аввалги маҳкама жараёнининг адолатли ўтишига ўзини ЦРУ (АҚШ Милий Разведка Бошқармаси) ходимиман, деб таништирган шахснинг халақит бергани эмиш.

21:00 - Нурсултон Назарбой Тошкент аэропортида бўлди

Кеча Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбой Эрондан қайтаётиб Тошкент аэропортига қўниб ўтди. Каспий бўйи давлатлар раҳбарлари учрашувидан сўнг аэропорт қабуллар залида Ислом Карим билан дардлашган қўшни Президент мамлакатлараро муносабатлар ва ҳамкорликка оид масалаларни муҳкама қилди.

Ислом Карим Ашхабодга боради

Эрта-индин Ўзбекистон режими раҳбари Ислом Карим Туркаманистон Президенти Қурбонгули Бердимуҳамедовнинг таклифига кўра, мазкур мамлакатга расмий сафар қилади. Давлат ташрифи мақоми берилган мазкур сафар раҳматли Ниёзов ўтганидан сўнг Трукманистон раҳбарияти билан амалга оширилаётган илк расмий учрашувдир. Ўтказилажак мулоқотларда давлатлараро муносабатларни чуқурлаштиришга қаратилган шартномалар, келишувлар имзоланиши кутилмоқда, дейди мухбиримиз.

18:30 - Ўзбекистон давлатининг расмий сайтларидаги шармандаликлар

Ўтган йили Ўзбекистон Марказий Сайлов Комиссиясининг сайтида мамлакат конституциясининг эски матни тургани, рус ва ўзбекча сайтларда матнлар бир бирига тўғри келмаслигини “Ҳаракат” хабарларида эълон қилганимиздан кейин улар тузатилган, лекин сайт мамлакат ташқарисидан очилмайдиган қилиб қўйилганди. МСКчиларга қойил қолиш керак, ҳарҳолда, ўз айбларини ошкор қилаётган одам ёки одамлар мамлакат ичкарисида эмаслигини тушунишар экан.

Давлатимизнинг энг юқори даражали органларининг сайтларида ҳали ҳам шу каби шармандали ҳоллар давом этмоқда. Икки мислол келтирамиз.

Биринчи. “Ўзбекистон Республикасининг Давлат, Ҳукумат портали” деб дабдаба билан номланган сайтнинг (адреси - www.gov.uz) русча саҳифасидаги “Президент” бўлимида «Закон Республики Узбекистан "О выборах Президента Республики Узбекистан"» ҳам бор. Аммо, уни кўриб ақли расо одам ёқасини ушлаши керак.

Мана шу Қонуннинг шу саҳифадан олинган 24-чи моддаси:

Статья 24. Право на выдвижение кандидатов в Президенты Республики Узбекистан

Право на выдвижение кандидата в Президенты Республики Узбекистан имеют политические партии и представительные органы власти. Политическая партия может выдвигать кандидата в Президенты Республики Узбекистан при условии, что она зарегистрирована Министерством юстиции Республики Узбекистан не позднее чем за шесть месяцев до дня назначения выборов.


Ваҳоланки, “Ўзбекистон Республикаси президентлигига сайлов тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонуни”нинг “ ўз вақтида матбуотда ҳам эълон қилинган русча матнида эса, юқоридаги 24-чи модда шундай берилган:

Статья 24. Право на выдвижение кандидатов в Президенты Республики Узбекистан

Право на выдвижение кандидата в Президенты Республики Узбекистан имеют политические партии и непосредственно граждане.

Политическая партия может выдвигать кандидата в Президенты Республики Узбекистан при условии, что она зарегистрирована Министерством юстиции Республики Узбекистан не позднее, чем за шесть месяцев до дня объявления о начале избирательной кампании.

Каждый гражданин или группа граждан, обладающие избирательным правом, могут образовать инициативную группу избирателей в количестве не менее трехсот избирателей для выдвижения кандидата в Президенты Республики Узбекистан.


Яъни, давлатнинг расмий сайтидаги қонун матнидан келиб чиқсак, ташаббус гуруҳларига президентликка номзод кўрсатиш ҳаққи берилмаган. Қонуннинг ҳақиқий матнида эса, бундай ҳақ берилган.

Иккинчи. Шу сайтнинг ўзбекча саҳифасида эса, айнан шу қонун, яъни “Ўзбекистон Республикаси президентлигига сайлов тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонуни” очсангиз, унинг ичида “Referendum yakunlari hamda davlat hokimiyati tashkil etilishining asosiy prinsiplari to’g’risida Konstitutsiyaviy Qonun” чиқади.

Хуллас, қаёққа қараманг, шармандалик.

Биз сайтимизда Ўзбекистон қонунларини билмасдан масхарабозлик билан шуғулланаётган “Эрк” партиясининг 53-54-чилар фракцияси ва Ҳуқуқ ҳимоячилари альянсини кўп марта танқид қилдик. Масхарабозликда ҳукуматимиз ҳам улардан қолишмайдиган кўринади.

Наҳотки, Ўзбекистонда мамлакат қонунларини биладиган, ҳеч қачон шармандали ҳолга тушмайдиган бирдан бир ташкилот - “Бирлик” Партияси бўлиб қолаверади?

Имкони бор ўқувчиларимизни зудлик билан “Ўзбекистон Республикасининг Давлат, Ҳукумат портали”га кириб (адреси - www.gov.uz), биз кўрсатган шармандаликларни кўриб қолишга чақирамиз. Зеро, улар эртага ёки бугун кечасиёқ тузатилса керак. Биз бундан хурсанд бўламиз, албатта. Аммо, ҳукумат бир сайтни тузатиш билан иллатларидан қутулолмайди. Иллатлар системанинг ўзида.

Ёки ҳукуматимиз иллатларини тузатиш ўрнига бу сайтни ҳам юрт ташқарисидан очилмайдиган қилиб қўярмикан?

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону