12 May 2012
22:48 - МХХ ва акромийлар уюштирган Андижон қирғинининг етти йиллиги
Қуролланган акромийлар тарафидан аввал қамоқхона, кейин бир ҳарбий қисм ва ниҳоят Андижон вилоят ҳокимлигининг босиб олиниши билан 2005 йил 12 майдан 13 майга ўтар кечаси бошланиб, ҳокимият биноси олдига тўпланган намойишчиларнинг ҳукумат тарафидан ўққа тутилиши билан тугаган воқеаларнинг етти йиллиги келмоқда.

Ҳозир ҳеч қандай шубҳа йўқки, бу воқелар МХХ ва акромийларнинг ўртоқликда амалга оширилган провокацияларидир. Уларнинг ҳар бири ўз олдидага қўйилган вазифаларини бажариш билан машғул бўлган.

Бу ҳақда “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат ўзининг 2010 йил 1 май куни Тошкентда ўтказилган “Бирлик” фаолларининг сўнгги йиллардаги биринчи расмий мажлисига йўллаган хатида шундай ёзади:

«1992-94 йиллардаги репрессиялардан кейин “Бирлик” халқ ҳаракатини 2003 йилда қайтадан жонлантирдик ва ташкилотни партияга айлантирдик. 2002-2005 йиллари қилган ишимизнинг натижасида “Бирлик” Партиясини рўйхатга олдиришимизга амин эдим. “Эзгулик”ни рўйхатдан ўтказиш жараёни биз учун тажриба эди. Андижон воқеалари бўлмаса эди, шубҳасиз рўйхатдан ўтардик ҳам.

Адлия вазирлигининг ҳамма талабларини бажарганимиздан кейин, у бечоралар аъзоларимизнинг рўйхатидаги имзолари сохта эканлигини даъво қилишга бошлашди. Эсингизда бўлса, 2005 йил 30 апрелдаги МК мажлисида (яъни, Андижон воқеаларидан 2 ҳафта олдин – “Ҳаракат) Адлия вазирлигига, вазир билан учраштириш учун, навбати билан ҳамма аъзоларимизни олиб келиш ҳақида қарор қабул қилдик. 30 май куни биринчи 200 кишилик гуруҳни вазирлик олдига йиғилишга олиб келишга келишдик. Яна бир ойдан кейин 2 минг, сўнгра 20 минг аъзоимизни олиб келишимизни ҳам айтганмиз.

Шу йўл билан Адлия вазирлиги олдида уюштирилиши мумкин бўлган митинглар ҳукуматнинг эс-песини чиқариб юборди. Мен ҳозир аниқ ишонаманки, ҳукумат айнан бизни тўхтатиш учун Андижон воқеаларининг бошланишига йўл очиб берди. МХХ учун бундай ишлар қийин эмаслигини ҳар ким тушунса керак. Кейин Андижондаги жараёнларнинг контроли уларнинг қўлидан чиқиб кетган бўлиши мумкин. Аммо, бу бошқа масала.»

Тўғри, булар кучли аргументлар билан асосаланган бўлса ҳам, Абдураҳим Пўлатнинг шахсий фикрларидир. Андижон воқеалари МХХ тарафидан акромийларнинг қўли билан қилинганини исботлаш учун жиддий далиллар лозим. Тарих тажрибаси кўрсатиб келаётганидек, исбот учун керакли фактлар албатта ўртага чиқади. Аммо ҳозир улар кутилганидан ҳам тезроқ ўртага чиқабошлади.

Бу фактлардан бири - Андижондаги исёнчилар раҳбари деб ҳисобланаётган Баҳром Шокировнинг ББС ўзбек хизматига 2010 йилнинг 10 май куни берган интервьюсидир. Унинг матни “Ҳаракат” сайтининг “Актуал Мавзу” бўлимига қўйилган, тарих учун сақлаб қўйиш мақсадида қўйилган.

Баҳром Шокиров билан ўтказилган суҳбат очиқдан-очиқ кўрсатмоқдаки, акромийлар МХХ билан мулоқотда бўлишган, унинг кўрсатмалари бўйича иш қилишган. Кейинчалик воқеалар акромийлар ва МХХ контролидан чиқиб кетган бўлиши мумкинлиги ҳам уларни оқлай олмайди.

ББСнинг ўзбек хизмати ҳам МХХ назорати остида ишлашини ҳисобга олсак, Баҳром Шокиров билан ўтказилган суҳбат МХХнинг топшириғи билан уюштирилганига ҳам шубҳа йўқ. Суҳбатни МХХнинг ББСдаги жосуси Паҳлавон уюштирган бўлса керак.

Бир неча юз кишининг ўлими билан тугаган қонли воқеалар учун МХХнинг тегишли шахслари ва акромийлар ўзбек миллати олдида ахир бир кун жавоб беришлари шарти. Шундай бўлади ҳам.

Шуни ҳам айтиш керакки, ўша воқеларга энг тўғри баҳони “Бирлик” Партияси берган. Мана унинг 2005 йил 13 май куни эълон қилинган баёнотидан айрим кўчирмалар:

“Кеча номаълум қуролланган гуруҳнинг Андижон шаҳридаги қамоқхонани босиб олиши ва у ердаги маҳбусларнинг озод қилиши билан бошланган қонли воқеалар даҳшатли нуқтага келди. Қуролланган гуруҳ қамоқхонадан кейин ҳарбий гарнизонга ҳам ҳужум қилди ва қуролли сафларини кўпайтириб олгач, вилоят ҳокимлигини босиб олди...

Бу гуруҳнинг расмий ҳокимият муассасаларига қарши қуролли ҳаракатлари «Бирлик» Партиясининг демократик принципларига мутлақо зид ва биз тарафимиздан қораланади. Айни пайтда, шу нарсага кўз юма олмаймизки, бу гуруҳнинг талаблари узоқ йиллардан бери ўзбек мухолифати, ҳуқуқ ҳимоячилари ва дунё жамоатчилиги тарафидан олға сурилаётган талаблар йўналишидадир...

Бугунги қон тўкиш ким тарафидан бошланишидан қатъий назар, бу воқеалар Ўзбекистон ҳукуматининг узоқ йиллардан бери олиб бораётган нотўғри сиёсатининг натижаси эканлигини ҳам алоҳида айтиб ўтишимиз лозим...”

“Бирлик” воқеаларнинг биринчи куниёқ, яъни воқеаларнинг бир қатор муҳим жиҳатлари ҳали номаълум бўлган пайтда, вазмин ва тўғри баҳолар бергани - унинг сиёсий етуклигининг яна бир исботидир.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону