07 May 2012
12:47 - Бугун Владимир Путиннинг инаугурацияси бўлади, кеча мухолифат “Миллионлар марши”ни ўтказолмади
Тўғрисини айтса, мухолифатга “Миллионлар марши” деб аталаган, аслида, 5 минг кишининг иштирокида режалаштирилаётган митингни ўтказишга йўл бермадилар.

Кўринишидан, президентлик курсисига бугун қайтадан ўтирадиган Россиянинг хўжайини Владимир Путин таҳликага тушган. Уни тушунса бўлади. Чунки, у яқинда бўлиб ўтган сайловда Россиянинг иккита юраги – Москва ва Санкт-Петербургда 50 фоиздан ҳам кам овоз олди. Демак, йўл қўйиб берилса, ростдан ҳам миллионлаб одамлар митингга чиқиши мумкин.

Кеча мухолифт лидерлари Борис Немцов, Сергей Удальцов ва Алексей Навльний билан бирга яна юзга яқин одам митинг бошланмасданоқ турли баҳоналар билан Москва полицияси томонидан ушлаб кетилди. Маъмурий суд Борис Немцовни 1000 рублга жазолаб, қўйиб ҳам юборди. Сергей Удальцов ошқозонидаги муаммо туфайли касалхонага олиб кетилди, Алексей Навльнийни бугун суд қилиб, 10-15 кунга қамашса керак.

Полиция расмийлари митинг ўтказиладиган жойга 8 минг одам келганини айтишмоқда. Мухолифатчиларнинг ўзига кўра, 20 минг одам келган. Аввалги митингларга нисбатан кам одам келганининг сабаларидан бири – одамлар ҳозир Путинга қарши бир нарса қилиш мумкинлигига ишонмаётганлари. Демак, мухолифат фаолият стратегиясини ўзгартириши керак.

Лекин, бир нарса аниқки, Россияда бошланган норозилик кампаниясини энди тўхтатиб бўлмайди, Путин бугун президентлик курсисига қайтадан ўтиради, аммо унинг режимини оғир кунлар кутмоқда.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону