29 March 2012
04:10 - Мухолифат митингларининг катта-кичиклиги ҳукуматни ҳар доим роҳатсиз қилади, Россияда ҳам, Туркияда ҳам, Ўзбекистонда ҳам
Россияда парламент ва президент сайловлари муносабати билан мухолифат ўтказган норозилик митинглари қатнашчиларнинг сони ҳар доим бахсларга сабаб бўлганини бизнинг мухбирларимиз ҳам айтиб келдилар.

Шу каби мавзу бўйича шу кунларда Туркия матбуотида мухолифат-ҳукумат жанжали кетмоқда. Гап шундаки, яқинда диний илдизли деб ҳисобланадиган ҳукуматнинг қайсидир қароридан норози бўлган социал-демократик Жумҳурият Халқ Партияси (ЖХП) Анқарада митинг ўтказиб, митингда ўн минглаб одам қатнашганини билдирганди. Анқара ҳокими – ҳукуматнинг одами Мелиҳ Гўкчек – ўз одамлари тарафидан олинган митинг фоторасмини эълон қилиб, митингда 7 минг киши борлиги экспертлар тарафидан аниқлаганини гапирди.

ЖҲП бугун бунга эътироз билдирган махсус баёнот эълон қилди ва Мелиҳ Гўкчек эълон қилган расмлар сохта эканлигини билдирди. Асос сифатида, ЖХП ва Мелиҳ Гўкчекнинг расмларида устунларга осилган Туркия байроқларининг сони турли эканлиги экспертлар тарафидан ўрганилгани урғуланиб, Мелиҳ Гўкчек ёлғончиликда айбланади.

Бу жанжаллар менга ўз тарихимизга оид бир воқеани эслатди, дейди “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат. 1989 йил 7 октябрдаги “Бирлик”нинг бўлиниш мажлисида миллат хоини Салой Мадамин Ўзбекнинг тарихидаги илк ва муҳташам минтингларини “кўча чангитиш” деб баҳолаб, Ислом Каримнинг топшириғи билан уларни тўхтатишга ҳаракат қилганди. Тўхтатолмагандан кейин, КГБ ёрдамида, митинглар қилиш ташаббусини қўлга олиш ва уни аста-секин йўқ қилишга ҳаракат қилгани ҳам тарихий-кулгили фактлардан биридир. Бу фактларнинг ҳаммаси видеоларга олинган.

Хуллас, кейинчалик 53-54 лақаби олган Салой Мадамин ва тарафдорларининг қаршилигига қарамасдан, 15 октябрь куни “Ўзбек тили – давлат тили” шиори остида яна бир муҳташам митинг ўтказдик. Эртаси кун эрталаб мени Коммунистик Партиянинг Куйбишев (ҳозирги Мирзо Улуғбек) тумани Комитетига чақириб, Комитетнинг Бюроси мажлисида партия аъзолигидан чиқардилар. У замоннинг реалликларини билмайдиганлар учун эслатиб ўтиш керак, партиядан ўчириш – ўлим жазосидан кейинги оғир жазо ҳисобланарди. Партиядан ўчирилганлар одатда ўша куниёқ инфаркт бўлишарди.

Мен эса, ўша Бюрода Ғарбчасига оёғимни сал кам стол устига қўйиб ўтириб, партия раҳбарлари устидан тўғридан-тўғри кулганман ва гап орасида 20 минг кишилик митинглар миллионлик митингларга айланишига ишонишимни айтганман. Ўша пайтда туман партия ташкилотининг иккинчи котиби (биринчи котиб рус эди) бўлган Шуҳрат Нусратов бизни камситиш мақсадида, митингда бор-йўғи 4 минг киши қатнашганини гапирганда, мен у билан, бугун Туркияда бўлаётган воқеалардан фарқли ўлароқ, бахслашиб ўтирмасдан, шундай деганим эсимда: “Айтайлик, 4 минг киши бўлди, ундай бўлса, нимага бу митинглардан бунчалик қўрқасизлар?”

Аслида, ўзи кучига ишонган мухолифат, агар у ростдан ҳам ўз кучига ишонса, митингчиларнинг сони бўйича ҳукумат билан талашиб-тортишиб ўтирмасдан, митингчилар сонини яна ҳам орттириш устида ишлаши керак.

Расмда – “Бирлик”нинг 1989 йил 1 октябрь куни ўтказган намойиши. Бир неча километр узунликка чўзилган намойишчилар Навоий кўчаси бўйлаб ҳозирги Мустақиллик майдонидан Талабалар шаҳарчасига “Озодлик! Ҳуррият!” ҳайқириқлари остида юриш қилишган, яъни “кўча чангитишган”. Ернинг гурсиллашидан хавотирга тушган одамлар уйларидан югуриб чиқишгани ҳақида хотиралар ҳам бор.

Бу расм ва бошқа видеофильмларни ахир бир кун Ўзбек халқи кўради. Ўша пайтда Салой Мадамин ҳамда унинг ўзига ўхшаш хоин ва ифлос сафдошлари ўзбекларнинг қўли етмайдиган масофада турганлари яхши. Акс ҳола, уларни энг яқин дарахтларга осишади.


Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону