26 August 2007
03:00 -
9:00 - Абдураҳим Пўлат: Менга ўқилган ҳукмнинг ижросини тўрт ойга узайтирдим, яшасин ҳаёт!
9:00 - Абдураҳим Пўлат: Менга ўқилган ҳукмнинг ижросини тўрт ойга узайтирдим, яшасин ҳаёт!

21 август куни, нима бўлдику, уйда ўзим ош қилишга қарор қилдим. Бутун воқеалар шу пайтда юз берди.

Шуни айтиш керакки, бундан бир неча ой аввал Голландияда яшайдиган Нуриддин Низомитдинов исмли йигит телефон қилди, у билан танишдик. Андижондаги қонли воқеалардан кейин чет элга кетибди, сиёсий қочқин мақоми олибди. Унинг ўзини айтишича, “ҳуқуқ ҳимоячиси” деган иборани ва Ўзбекистонда сиёсий мухолифат бор эканлигини Андижон воқеаларидан кейин эшитибди, аммо ҳозир ҳаётини ҳуқуқ ҳимоячилигига ва мухолифатчиликка бағишлабди, Демократик Ўзбекистон Конгрессининг Европа бўйича вакили экан. Чин кўнгилдан айтаман, шундай мард йигитларимиз борлигидан севиндим, вақти келиб бу каби йигитлардан ҳақиқий демократ чиқади деб умид қилдим. Кейин вақти-вақти билан телефон орқали гаплашиб турадиган бўлдик.

Навбатдаги гаплашиш айнан ош қилаётган вақтимга тўғри келиб қолди. Нуриддин бир кун аввал сайтимизга қўйилган “Ибодатхонага олиб бормайдиган йўлнинг нима кераги бор” ёки мазохист ўзбек сайтлари ҳақида” номли лавҳамни ўқиган экан, у хусусда баъзи нарсаларни сўради. Айниқса, янги 53-54-чилар, яъни яхши гаплар гапирсалар ҳам, аслида, мухолифатнинг ичида муаммолар чиқариш учун ҳаракат қилаётганлар бош кўтаргани ҳақидаги фикрларим билан қизиқди. Мен унга 1989 йил сайловлари арафасида “Бирлик” қандай бўлинганини айтиб бердим ва ҳозир ҳам шу шаклдаги ишлар бошлангани ҳақида аниқ бўлмаган маълумотлар келаётганини учун, уларни олдини олиш мақсадида юқорида айтилган лавҳамда уларни ўзимча огоҳлантирганимни айтдим.

“Биз сайловда иштирок этиш учун ҳаракат қилаётган бирдан-бир партия эканмиз, ҳозир бизнинг оёғимиздан чалишга уринган одамлар чиқса, улар “Эрк”чи 53-54-чилар каби тарихга қора ном билан кирадилар ва шарманда бўладилар. Миллат ва ватанни ўйлайдиган одамлар бўлса, бу кунда энг кучли бўлган “Бирлик” Партиясига қўшилишлари, хатолари бўлса уни ичидан тузатишга уринишлари кераклигини” сўзладим ҳам. Тўғрисини айтаман, Нуриддиннинг ўзи ўша ишларга алоқаси борлиги ҳаёлимнинг эшигига ҳам келмади. У ҳам бу хусусда бирор нарса айтмади. Шу билан хайрлашдик.

Тахминан бир соатдан кейин Нуриддин менга яна бир марта телфеон қилди. Мана унинг айтган гапларининг қисқа мазмуни: “Мен Исмоил ака (Бирлик” бўйича менинг ўринбосарим) ва бошқалар билан телеконференция ўтказдим. Сизнинг фикрларингизни уларга айтдим. Майли, сайловлар ўтгунча Сизга тегмасликка келишдик, аммо сайловда ютқазсангиз, мухолифатни Сизсиз бирлаштирамиз. Бу ишни қиладиган ва диктатурага қарши самаралироқ курашадиган ёшлар гуруҳи яаратилган, улар чет элда яшайдиган тахминан 20 киши бўлса ҳам, ҳар бирининг орқасида Ўзбекистонда шу пайтгача ўзини яшириб келган 100-200 кишилик одамлари бор”. Ва шу каби олди-қочди гаплар такрорланди. Номаълум “Х” кунини кутаётган Ал-Коиданинг sleeping sell (уйқудаги инлар) каби гуруҳларини жиддийга олмаган бўлсам ҳам, бир қўлимда телефон трубкаси, иккинчи қўлимда ош дамлаятган капгир билан киноя аралаш сўрадим: “Сайловда бизга ёрдам берасизларми?” “Йўқ, - деди у, - биз кузатамиз халос. Аммо, Сизга халақит бермасликка келишдик”.

Шундай "олижаноб", бизнинг ишимизга ҳозир ҳалақит ҳам бермайдиган, “Бирлик”ка ҳеч қандай алоқалари йўқ бўлса ҳам мени сайловдан кейин “ёпишиб олган курсимдан” Европадан туриб олиб ташлашга қўллари етадиган мард ўзбек ёшлари борлигидан фахрланиб кетганим сабабли бўлса керак, ўша куни ажойиб ош дамлабман.

Дарвоқе, эртаси куни Исмоил Дадажон ҳам бу ёшлар гуруҳи менинг президентлик сайловидаги курашимга ҳалақит бермаслигини айтиб мени “хотиржам” қилди. Юрагида ўт ёнаётган ўзбек ёшлари эски лидерларни четга суриб, ташаббусни ўз қўлларига олишга интилишларини Қуръондан олинган бир қатор суралар билан асослар экан, уларга маслаҳатчилик қилиш мажбурияти борлигини ҳам яна бир қатор хадис ва суралар билан менга тушунтирди, бу ишга Марат Зоҳидовнинг ҳеч қандай алоқаси йўқлигини алоҳида таъкидлади. Бироз бахс қилдик, мен ҳадис ва сураларнинг маъносини яхшироқ билишим ҳам маълум бўлди.

Қисқа қилиб айтсак, мен бунақа оламшумул гаплар билан интернетда иш бошлаб интернетнинг ўзида йўқ бўли кетган гуруҳларнинг кўпини кўрганман. Шу сабабли бу икки мухолифатчининг гапларига, улар мени “йиқитишга бошлаш” муддатини 4 ойга чўзганларига ортиқча эътибор бериш ниятим йўқ бўлса ҳам, тарихимиз учун керак бўлиб қолар дея, бугун бу воқеани ёзишга ўтирдим.

Тасодифан бўлса керак, бу кичик лавҳанинг сўнги сатрларини ёзиш телевизор орқали кўраётганим энг яхши кўрган фильмларимдан бири “Ўткан кунлар”нинг охирги кадрларига тўғри келди. Табиий, видео кўраётган эдим. Севган хотини Кумушбибини тупроққа берган Отабек ўз ота-онасини ташлаб Кумушбибининг ота-онаси билан (чақалоқ ҳам қўлларида) Марғилонга қараб йўлга чиқмоқда. Баҳайбат ғилдираклари бесўнақай айлаанётган Қўқон аравани кўриб ўйлаб қолдим.

Ахир воқеа 1860 йилларда бўлмоқда-ку. 17 асрдаёқ кенг ёйилган рессорали кареталарни қўйиб турайлик, 1804 йилда Ғарбда биринчи буғ машинали локомотив яратилгани, 1825 йилда бундай локомотив-паровозлар рельслар бўйлаб шахарлараро поездларни судрашга бошлашганини эсладим (Аниқ йилларини ўғлим Шуҳрат дарҳол Интернетдан топиб берди). Ҳали мамлакатимиз на руслар на коммунстлар зулми остида қолмаган, дунёвий эмас, ўзимизнинг исломий хонликлар тарафидан йўқ қилиб ташланган Улуғбек расадхонасининг қолдиқлари ҳали рус археологи Вяткин томонидан топилмаган замон эканлигини эсладим.

Шуларни эслаб, миллатимизнинг ўша кунлардаги ва бугунги аҳволидан жунбишга келган ҳис-туёғуларимни ёзиш учун бир лавҳа етарсиз бўларди, бунинг учун китоблар ёзиш керак. Шунинг учун фақатгина хулосамни айтиш билан чекланмоқчиман.

Хулосам эса шундай. Кеча “Мени яна бир марта қўллаб-қувватлайдиганлар борми?” номли лавҳани ёзар экан, Нуриддин ва Исмоил айтган ёшларни “ақлсиз” деб ҳақорат қилган эдим. Ўйлайманки, янглишганман. Аслида, энг маъсулиятли замонда, фаолият кўрсатаётган ягона мухолифат партиясига қўшилиш ўрнига унга итдек ташланишга тайёрланаётганлар, ташланиш энди 4 ойга кечиктирилган бўлса ҳам, тўғридан тўғри аҳмоқлардир. Ичимизда аҳмоқ ёшлар етарлича бўлгани учун поездлар даврида Қўқон аравада, 21 асрда эса қулликда яшамоқдамиз.

Бу аҳволдан чиқишни истасак, аҳмоқларни аҳмоқ дейиш, уларга ўз жойларини кўрсатиб қўйиш мажбуриятидамиз. Айнан сафдошим Исмоил ҳали яхши ўрганиб улгурмаган ҳадис ва сураларга асосланиб.

Мен бу ишни ҳам қила олишимга ишонаман. Менга ёрдамчи бўладиган ақли ўзбеклар етралилигига ҳам шубҳа йўқ. Кеча менинг чақириғимга қулоқ солган кўп сонли тарафдорларим “ёшларнинг” тутруқсиз сайтларидан бирини шармандасини чиқаришганини эслатиб ўтиш ҳам фойдали бўлар.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону